Тиббий хизмат сифати – узоқ умр кафолати

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиникада аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарали йўлга қўйилган. Муассаса жамоаси ўз ҳудудидаги маҳаллаларнинг фаоллари билан ҳамкорликда шу ерда яшовчи ҳар бир фуқарони рўйхатга олишган. Улар муайян муддатларда тиббий назоратдан ўтказилади.

– Аввало, оилада тиббий маданиятни шакллантириш лозим, – дейди оилавий поликлиника бош шифокори Муқаддас Раҳматуллаева. – Аҳоли соғлиғи, ҳаётининг дахлсизлиги қатор қонунлар билан мустаҳкамланган. Ҳатто, Бош Қомусимизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилгани ҳам юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият эканини тасдиқлайди. Йигирма минг нафардан ортиқ аҳоли муассасамиз рўйхатидан ўтган. Уларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил этяпмиз.

Дарҳақиқат, аҳоли саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ соҳа ривожи йўлида қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилинаётгани сўзимиз тасдиғидир. Айниқса, шифохоналарда мансабдор шахсларнинг муомала маданияти, беморлар билан ўзаро муносабати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилган. Тиббий кўрикка муҳтож шахсларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва ваколатлари ҳимоя қилинмоқда.

Шунингдек, она ва бола саломатлигига оид ҳам кўпгина ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳомиладор аёлларнинг кўриги ташкил этилиб, уларга бепул дори-дармонлар тарқатиляпти. Янги туғилган чақалоқлар рўйхатга олиниб, поликлиника ходимлари уларнинг саломатлиги, меъёрида ўсиб-улғайишидан мунтазам хабардор. Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар юртимизда инсон саломатлигига эътибор ортаётгани, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги ишлар салмоғи йилдан-йилга кенгаяётганидан далолатдир. Қолаверса, соҳага оид қонун ҳужжатларида оғир хасталикка чалинган беморларга даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда хизмат кўрсатиш билан бирга овқатланиш ва дори-дармонларнинг ҳам бепул тарқатилиши белгилаб қўйилган.

– Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, шаъни, саломатлиги ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга катта эътибор берилмоқда, – дея сўзини давом эттиради М.Раҳматуллаева. – Тегишли ташкилотлар вакиллари билан соҳадаги мавжуд имтиёз ва имкониятларни аҳолига тушунтиряпмиз. Хусусан, бемор кўрсатилаётган хизматдан норози бўлса, ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш имкони яратилган. Оилавий поликлиникамизда кўрикдан ўтиш бепул амалга оширилади. Шунингдек, болаликдан ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ижтимоий таъминот муассасаларида ҳисобда турувчи ёлғиз нафақахўрлар, болалар ва 17 ёшгача бўлган ўсмирлар, ҳарбий хизматга чақирилувчилар бепул малакали тиббий кўрикдан ўтказилади ва даволанади.

Яна ўқинг:  Солиҳа – салоҳият соҳибаси

Ҳа, Муқаддас опа таъкидлаганидек юртимизда аҳолини юқумли касалликларга қарши эмлаш, ижтимоий аҳамиятга эга ҳамда атрофдагилар саломатлигига хавф туғдирувчи хасталиклар ва касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам бепул амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунига асосан, давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ҳамда бошқа турдаги ёрдамлар бепул, унинг таркибига кирмаган хизматлар эса қўшимча ҳисобланиб, белгиланган тартибда ҳақ тўлаш орқали амалга оширилади. Қолаверса, шошилинч тиббий ёрдам, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида, биринчи навбатда, қишлоқ врачлик пунктларида соҳага оид хизматлар кўрсатиш бепулдир.

Мустақиллик йилларида айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш, соғлом авлод туғилишига замин яратиш учун, энг аввало, бўлажак ота-оналарнинг ўзлари соғлом бўлишлари учун оилада тиббий маданият ошишига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтишига жиддий эътибор қаратиш, аҳолининг барча ёшдаги қатламини ҳам тиббий кўрик билан қамраб олиш нафақат шифокорларнинг муҳим вазифаси, балки ҳар бир фуқаронинг она Ватан олдидаги бурчидир. Зеро, соғлом инсонларгина жамият равнақи ва мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўша оладиган бебаҳо кучдир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: