Андижондаги поликлиникада юз берган портлашда жабрланган ўқувчиларнинг аҳволи қандай ҳолатда?
Андижон шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги “Иссиқлик манбаи” акциядорлик жамиятига қарашли иситиш қозонининг портлаши натижасида юз берган ҳолат оқибатида 18 нафар ўқувчи енгил ва ўрта даражада тан жароҳати олганини аввал хабар қилган эдик.
«Халқ сўзи» нашри мухбири воқеа жойига бориб, вазиятни яқиндан ўрганди, жабрланганлар, гувоҳлар ҳамда мутасаддилар билан суҳбатлашди.
— Бўлимимиз марказий поликлиниканинг орқа томонида жойлашган. Кириш фақат бир томонлама. Хонамда ўтирганимда гумбурлаган овоз эшитилди. Ташқарига чиққанимда ойналар синган экан, тиббий кўрикдан ўтаётган болалар чўчиб кетганини кўрдим. Ҳамкасбларим билан уларга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жароҳат олганларни, барча беморларни шошилинч тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалига юбордик, — дейди поликлиника фтизиатрия бўлими мудири Дилшодбек Халилов.
— Дугоналарим билан ичкарида навбатда турган эдик, — дея воқеани сўзлаб берди ўқувчи Руқия Абдуҳалимова. — Шифокорлар шовқин қилмаслигимизни илтимос қилишганидан сўнг ташқарига чиқдик. Шунда қозонхонадан тутун чиқаётгандек бўлди. Эътибор бермадик. Пиллапоядан тушганимиздан 2-3 дақиқа кейин бирданига портлаш юз берди. Қўрқиб кетдик. Бир-икки жойимиз шилинди. Ҳозир аҳволимиз яхши.
— Ташқарида тургандик, — дейди ўқувчи Нурилло Абдуманнопов. — Бирдан гумбурлаган овоз эшитилиб, ҳаммаёқ тутунга тўлиб кетди. Орқамдан шиша синиқлари учиб келгандек бўлди. Қўлимга шикаст етди.
— Ҳодиса 26 февраль куни соат 10:26 да поликлиниканинг фтизиатри бўлими жойлашган ҳудудда юз берган, — дейди Андижон шаҳри тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳир Зокиров. — Бу ерда белгиланган режа-жадвал асосида шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 4-умумтаълим мактабининг 9-“Г” синф ўқувчилари флюорография текширувидан ўтаётган бўлган. 18 нафар ўқувчи турли даражада тан жароҳатлари олган. Хизмат кўрсатаётган шифокорларнинг ҳолати ҳам яхши.
Бундан ташқари, поликлиникада бўлган яна 10 нафар мурожаат қилганларга қабулхонада амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан текширув, суриштирув ишлари давом этмоқда.
— Бугун соат 11:00 лар чамасида марказимизга марказий поликлиникада юз берган ҳодиса натижасида 18 нафар бемор олиб келинган, — дейди Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали бош врачи Азизбек Мамадиев. — Беморларнинг уч нафари ўрта даражада тан жароҳати олган. Улар нейрореанимация бўлимига ётқизилган. Бири оёқ, иккинчиси елка қисмида жароҳати борлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Қолган 14 нафарининг тан жароҳати енгил, аксарият болалар қўрқиб кетган.
Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги пайтда нейротравматология бўлимига ётқизилган. Беморларнинг барчаси шифокорларнинг доимий назоратида, белгиланган тартибда муолажалар қилинмоқда.