Фарзандингиз мактабга тайёрми?

Мактаб ҳаёти болаларга янги бир дунёни очиб беради. Бу даврда болаларнинг асосий машғулотлари ўзгариб, муҳим вазифа , ижтимоий бурч – таълим олиш бўлиб қолади.

Таълимга психологик тайёрлик деганда боланинг объектив ва субъектив жиҳатдан мактаб талабига муносиблиги назарда тутилади. У мактаб таълимига аввал психолиогик жиҳатдан тайёрланади, унинг руҳияти билим олишга етарли даражада ривожланади. Шу ёшдаги бола идрокининг софлиги, аниқлиги, ўзининг қизиқувчанлиги, ишонувчанлиги, тафаккурининг яққоллилиги билан бошқа ёшдаги болалардан ажралиб туради. Бу даврда бола диққати нисбатан узоқ муддатли ва шартли барқарор бўлиб, ролли ва сюжетли ўйинларда, расм чизиш ва “Лего” ўйинчоғидан турли конструкциялар ясаш машғулотлари, лой ва пластилиндан ўйинчоқлар тайёрлаш, ўзгалар нутқини идрок қилиш ва тушунишда, математик амалларни ечишда ҳикоя тинглаш ва тузишда кўринади.

Болани мактабга психологик тайёрлик даражасининг субъектив томони эса уни мактабда ўқиш хоҳиши, интилиши, катта ёшдаги одамлар билан мулоқотга киришиш истаги мазкур тайёргарлик билан узвий боғлиқдир. Бола етти ёшга тўлганда жисмоний жиҳатдан анча ўсади, ўзини идора қилишга, ножўя хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишга, хулқ-атвор қоидаларини ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Бу ёшдаги болаларнинг ҳис-туйғулари ҳам анча шакл­ланиб, хайрихоҳлик, раҳмдиллик, ўртоқлик каби ҳис-туйғулари мустаҳкамлана бошлайди.

Мактабгача таълим муассасасининг асосий вазифаларидан бири болаларга ҳар томонлама тарбия бериб, уларни мактабга тайёрлашдан иборатдир. Бу эса мактабдаги ўқитиш ишлари билан боғчадаги таълим-тарбия ишлари ўртасида изчиллик бўлишини талаб қилади. МТМда болаларнинг жисмоний жиҳатдан ўсишларига қанчалик эътибор берилса, уларнинг ақлий ва ахлоқий ўсишларига ҳам шунчалик эътибор қаратилади. Ўтказилаётган турли дидактик машғулотлар ёрдамида болаларнинг идроки, тасаввур ва хотираси, хаёл, тафаккур ва иродалари тизимли тарзда тараққий эттириб борилади. Мактабга тайёрлашда кўпроқ уларнинг нутқини ўстириш, сўз бойлигини ошириш, тўғри талаффуз, жумла тузишга ўргатиб борилишига эътибор қаратилади. Аммо тан олиш керакки, ҳамма мактаб ёшидаги болалар ҳам МТМга боришмайди ёки мактаб ёшига етган тарбияланувчилар ўқишга баравар тайёр бўлавермайдилар. Шу сабабдан айрим болалар мактабга келгач, янги шароитга тез киришиб кета олмайдилар.

Хўш, болаларни қай пайтда мактабдаги ўқишга психологик жиҳатдан тайёр деб ҳисоблаш мумкин?

Бола мактабда ўқиши учун атрофдаги нарса ва ҳодисаларга доир анчагина тасаввурларга эга бўлиши ҳамда маълум даражада ақлий жиҳатдан ўсган бўлиши лозим. Бироқ, ҳаётда шундай воқеалар учрайдики, анчагина тасаввур бойлигига эга бўлган, ҳаттоки ёзиш ҳамда ўқишни биладиган болалар ҳам мактабдаги ўқишга тайёр бўлмайдилар. Улар мактаб ва ўқитувчининг талабларини бажара олмайдилар. Аксинча, айрим болалар эса етарли тасаввур бойлигига эга бўлмасалар ҳам мактабда ўқиб кета оладилар. Демак, болани мактабга тайёрлик даражасининг асосий шартларидан бири улардаги ирода сифатларининг етилганлигида намоён бўлишидир.

Яна ўқинг:  Ислоҳотларнинг МУҲИМ ТАМОЙИЛИ

К.Ушинскийнинг фикрича, «Боланинг мактабдаги ўқиш фаолиятига тайёрлиги айрим психик жараёнларнинг тараққиёт даражаси билан эмас, балки бола шахсининг умумий тараққиёт даражаси билан аниқланади». Шу боисдан ҳам боланинг индивидуал психологик хусусиятларини эътиборга олиш муҳим аҳамият касб этади.

Шундай қилиб, боланинг мактабдаги ўқишга тайёрлиги шахснинг ижтимоий етуклик босқичларидан биридир. Аммо ижтимоий тараққиётнинг бундай етуклик босқичига бола ўз-ўзидан кўтарилмайди, уни бу босқичга МТМ ва оиладаги соғлом муҳит тайёрлайди. Оилада ота-онанинг асосий вазифаларидан бири мактаб ёшига етган фарзандининг ҳар тарафлама камол топишида эътиборли бўлишлари, оиладаги психологик муҳитни тўғри ташкил қилишлари, нафақат МТМ тарбиячилари билан, балки мактабдаги психологлар билан ҳам узвий ҳамкорликни кучайтиришлари мақсадга мувофиқдир.

Мактаб психологлари бўлажак 1-синф ўқувчилари билан ишлашда уларнинг мактабга психологик тайёрлик даражасини аниқловчи тестларни тўғри ташкил қилиши, виждонан ўтказиши ва шу билан биргаликда тест натижалари билан ота-оналарни индивидуал ёндашган ҳолда таништириши, хулоса ва тавсияларини оқилона бера олиши лозим. «Ўқувчининг мактабга психологик тайёрлик даражасини аниқлаш тести»ни иложи борича икки марта ташкил қилиши, биринчи методика билан иккинчи турда ўтказилган методиканинг кўрсатгичларини солиштириши керак. Бу икки марталик ўтказилган тестнинг аҳамияти шундаки, биринчи тестда кўрсатилган натижа иккинчисида янада самарали чиқишининг имконини беради. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, баъзи бир ота-оналаримиз мактаб ёшига етган фарзандларига эътиборсиз бўладилар. Мактабда психолог ёрдамида ўтказиладиган тестга ота-оналар фарзандининг 7 ёшга тўлганлиги сабабли ўқитишга мажбур» деган нотўғри фикрга боришади. Аслида ўтказиладиган тест мактаб ёшига етган боланинг мактаб таълимига қандай тайёр эканлиги (нутқ бойлиги, қўл моторикасининг шаклланганлиги, диққат, идрок, хаёл,сезги, тассаввур сифатларининг кўлами)ни аниқлаш имконини беради. Тест натижасига кўра паст кўрсатгич берган хусусияти устида ишлаш лозимлиги имконини беради.

Хулоса сифатида шуни таъкидламоқчимизки, фарзандингизни мактабда аъло баҳоларга ўқишини, келажакда етук шахс бўлиб етишишини истасангиз пойдеворни олдиндан қуришингиз, фарзандингизнинг хатти-ҳаракатларини доимо назоратда ушлаб туришингиз, оиладаги психологик иқлимни мусаффо сақлашингиз ҳамда таълим муассасалари билан узвийлик, ҳамкорликни тўғри ташкил қилишингиз мақсадга мувофиқдир, азиз ота-оналар!

Дилноза ШЕРТОЕВА,

Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги 1-умумтаълим мактаби амалиётчи психологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: