Аросат йўли армонга элтар

Ой тўлган кеча. Унинг шулъаси атрофга чўмган қоронғуликни сутдек ёритмоқда. Одамлар эса ширин уйқуда. Шу пайт осудаликни бузиб, чақалоқнинг юракни эзадиган аччиқ йиғиси эшитилди. Мурғак гўдак қисматидан нолибми ёки уни ташлаб кетаётган онасини ортига қайтариш учунми бор овози билан чинқирарди. Дарвоза олдига чиққан қоровул ерда ётган чақалоқни кўрди-ю, тезда уни қўлига олиб чопонига ўради. Сўнг атрофга бир қур назар солди. Афсуски, ҳеч ким йўқ. “Қандай бемеҳр она ўз боласини қаровсиз кўчага ташлаб кетади-я? Ахир ҳайвонлар ҳам шундай қилмайди-ку! Йўқ, булар инсон эмас!”. Қоровул шундай ҳаёллар билан гўдакни ичкарига олиб кириб кетди…

Сўнгги пайтларда бола савдоси билан шуғулланаётган, ўз фарзандини қаровсиз ҳолда кўчага ташлаб кетаётган бемеҳр оналар ҳақидаги нохуш хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлди. Буларни эшитган ҳар бир инсон биехтиёр ўз-ўзига савол беради: бугун ўз боласини кўчага ташлаётган аёл чиндан ҳам онамикан? Унинг бундай разил ишга қандай қўли борди? Ахир у ҳам инсон-ку! Наҳотки, ўз жигарпорасига раҳми келмаса? Дунёда тирноққа зор, фарзанд аталмиш улуғ неъматга етишолмай армонда ўтаётган инсонлар қанча! Эссиз, аёллик шаъни, Эссиз, оналик мартабаси! Эссиз…

Аслини олганда бу салбий ҳолатларни муаммо деб бўлмайди. Бу – иллат. Жамиятдаги соғлом муҳитга зиён етказадиган, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг кўтарилишига сабаб бўладиган мудҳиш воқеа, фожеадир. Бу иллатни таг томири билан қўпориб ташлашнинг ягона йўли бор, у ҳам бўлса, меҳрдир. Болаликдан меҳр кўрган инсонгина келажакда ўз фарзандига меҳр кўрсата олади. Қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг эътибори билан болалар соғлом ва баркамол инсон бўлиб улғаяди. Афсуски, меҳрсизлик, яқинлар тақдирига бефарқлик сабаб, бугун кўп болалар ўз онаси бағрида эмас, Болалар уйларида йиғламоқда.

Бу масканда ишлаш мен учун оғир, – дейди Тошкент шаҳар Болалар уйи бош шифокори Озода Исломова. – Чақалоқлар бошини чайқаб, она кўкрагини излайди. Уларга қўл узатсангиз, жажжи қўлчаси билан бармоғингиздан ушлаб, оғзини катта очади. Уни онасининг кўкси деб ҳис этади. Мен шифокор сифатида кўп муассасаларда ишлаганман. Аммо бу ердаги фаолиятимнинг бирор бир куни йиғисиз ўтмайди. Беғубор гўдакларга қараб, юрагим эзилади.

Бу ердаги тарбиячилар суҳбат асосида ишга олинади. Уларнинг бари ширин сўз, меҳрибон инсонлар. Тарбиячилар чақалоқларни ўз болаларидек парваришлайди. Тунда уйғонганларини бағрига босиб, ухлатишади.

Яна ўқинг:  Бюджет, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ сиёсатидаги янгиликлар

Ташлаб кетилган чақалоқларнинг аксарияти аянчли аҳволда муассасага олиб келинади. Уларнинг ранглари қорайиб, очликдан йиғлашга ҳам холи йўқ, мажолсиз бўлишади. Баъзиларининг баданига яра тошган, айримларининг этлари тирналган. Уларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилади. Доимо шифокорлар назорати остида бўлади. Соғломлаштирилгандан сўнг бошқа болалар сафига қўшилади.

Муассасамизда бола асраб олиш учун келганларнинг рўйхати тузилган. 2018 йилда эллик нафардан зиёд одам бу масала бўйича бизга мурожаат қилган. Улар ўз боласи бўлишини йиллаб кутишмоқда. Ҳатто, улар орасида боласини ташлаб кетиб, кейинчалик ўзи ҳам бола асраб олиш истагида навбатга турган оналар ҳам бор. Чунки энди унинг саломатлиги фарзанд кўришга тўсқинлик қилади, – дейди О. Исломова.

Фарзанд – Яратган томонидан берилган энг олий неъмат, омонатдир. Шунинг учун ҳам кексаларимиз болаларни эъзозлаш, бу неъматнинг қадрига етиш кераклигини уқтиради. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с. а. в) “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлган уйдир”, – деганлар.

Болалар уйидаги пок қалбли тарбиячилар гўдакларга меҳр улашиб, тун-у кун улар атрофида парвона. Уларга берилаётган озиқ-овқатларнинг сифати аъло даражада. Шу боис, болалар ҳар томонлама соғлом бўлиб улғаймоқда. Ширинтойларнинг ранглари тиниқ ва соғлом. Уларнинг орасида ногирон болалар ҳам бор. Бемор болажонларнинг айримлари олий тоифали шифокорлар томонидан ўтказиладиган жарроҳлик амалиётларидан сўнг, соғлом ҳаётга қайтади.

Муассасада бўлганимизда эгизак болаларни учратдик. Бир ярим ёшга тўлган Фотима ва Ҳусан кўзни қувонтиргудек ширин болакайлар. Озода опанинг айтишича, эгизакларни асраб олаётган оила ҳафта сўнггида уларни олиб кетишмоқчи. Биз ҳам уларнинг келажаги порлоқ, ҳаёти завққа тўлишини тилаймиз!

Бугун давлатимиз томонидан ота-она меҳрига зор болаларга юксак ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уларга зарур барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Бироқ, ҳар қанча ғамхўрлик қилинмасин, ота-она меҳрини ҳеч нима билан босиб бўлмайди. Буни оила қуриш арафасида турган ёшлар чуқур англамоғи, ҳис этмоғи лозим.

 

Маълумот ўрнида

Болалар уйида 2017 йилнин тўққиз ойлик ҳисоботга кўра чақалоқлар сони 59 нафар бўлган. Жорий йилги тўққиз ойда эса 55 нафар гўдак парваришланмоқда.

 

Яна ўқинг:  Республика Олимпия захиралари коллежида янги сузиш ҳавзаси иш бошлади

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: