Касбида камол топаётган аёл
Ўқитувчи ёки устоз деган улуғ номга муносиб бўлиш осон эмас. Чунки, бундай инсонлар аввало фидойи, қалби зиё ва меҳр-муҳаббат, саховатга тўла бўлиши зарур.
Закира Нагматжонова ана шундай номга муносиб устозлардан бири, десак асло муболаға бўлмайди. У мана бир неча йилдирки, билим ва тажрибаларини ёшларга ўргатиб келмоқда.
Закира болалигидан онаси Рисолат Раҳмоновадек тарбиячи-мураббий бўлиш орзусида вояга етди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, акаси билан бирга олий ўқув юртида таҳсил олди. Талабалик йилларида бўлғуси педагог жамоат ишларида фаол бўлиб, гуруҳ сардори, хотин-қизлар қўмитасининг аъзоси сифатида Москвада бўлиб ўтган ёшлар олимпиадасида иштирок этишга муяссар бўлди. Ўз тенгдошлари ва устозларининг ҳурмат-эътиборига тушди.
Педагог-психолог дастлабки иш фаолиятини пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 520-мактабгача таълим муассасасида тарбиячиликдан бошлади. У болажонлиги, ўз ишига меҳр-муҳаббати, фидойилиги, изланувчанлиги туфайли ҳамкасблари ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Унинг кичкинтойларнинг фикр ва тафаккур ҳамда нутқ маданиятларини ўстириш ва ривожлантириш, уларни таълим тизимига йўллашдаги изланишлари тумандаги МТМларда оммалаштирилди.
Унинг фидойилиги, ўз касбига бўлган муносабати эътиборга олиниб, МТМнинг раҳбари этиб тайинланди. 1986 йилдан мудира лавозимида ёш авлоднинг соғлом ва бақувват ўсиши, зийрак ва баркамол вояга етишлари йўлида хизмат қилган Закира Нагматжонова 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг «Мактабгача таълим бўлими»да услубчи вазифасига тайинланди. Бу унга билдирилган юксак ишонч ва тинимсиз меҳнатларнинг самараси эди.
Фидойи аёл кўп йиллик фаолияти давомида кичкинтойлар билан ишлаш даврида қанчадан-қанча иқтидорли болажонларни мусобақа ва кўрик-танловларга тайёрлади. Ёшларнинг тафаккурини бойитишда, улар қалбида ота-онага, Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
2006 йилдан Тошкент давлат юридик институти қошидаги академик лицейда маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган жонкуяр устоз маънавият соҳасида ҳам ўз салоҳиятини намоён этди. У қаерда бўлмасин ўқувчи-ёшлар билан тил топишиб, уларнинг орзу-интилишларини илғай олди. Шу боис, Закира Нагматжонова келгач, академик лицейда маънавият-маърифат ишлари янада яхшиланди. Ўқувчилар ўртасида тарғибот ишлари кучайтирилиб, маънавий-маърифий тадбирларга алоҳида аҳамият қаратилди.
Бир неча йилдан буён Юнусобод туман Радиотехника касб-ҳунар коллежида маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган устознинг келажакдаги режалари бисёр.
– Инсон ўз касбини севса, ютуқлар ўз-ўзидан ортаверади. 2009 йилда давлат бюджети ҳисобидан коллежимиз қайтадан реконструкция қилиниб, у барча ўқув жиҳозлари билан жиҳозланди. Ҳудудда улкан ободончилик ишлари амалга оширилди. Шундай экан, биз устозлар ҳам бундай эътиборга фақат фидойилик билан жавоб бермоғимиз лозим, – дейди Закира Нагматжонова.
Устознинг саъй-ҳаракатлари билан ҳудуддаги мавжуд бешта маҳалла ва ота-оналар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, улар иштирокида ўтказилаётган суҳбатлар ва учрашувлар, шоир ва ёзувчилар билан ижодий кечалар юрт келажаги бўлмиш ёш авлодни она Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб вояга етишига замин яратмоқда.
Шундай фахрли касбни эъзозлаб, умри ва меҳрини, қалб қўрини фарзандларимизнинг билим олиши йўлида бағишлаб келаётган З. Нагматжоновага ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли, шу билан бирга шарафли меҳнатида омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Марям АҲМЕДОВА