Рангларга бурканган олам

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури ижросини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ақлан етук, жисмонан бақувват инсонлар этиб тарбиялаш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан кенг доирадаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

1997 йилдан буён мунтазам ташкил этиб келинаётган “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танлови ана шундай лойиҳалардан бири бўлиб, ушбу фестиваль иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларда тасвирий санъат ва бадиий ижодга бўлган қизиқишни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекис­тон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Sen yolg‘iz emassan” жамғармаси, Ўзбекистон Бадиий Академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур беллашув бу йил ҳар қачонгидан-да ўзгача руҳда ўтди. Танловда рес­публикамиздаги “Меҳрибонлик” уйларининг 1 минг 200 нафар тарбияланувчиси иштирок этиб, вилоят босқичларида ғолиб деб топилган 160 дан ортиқ акварель расмлар ва 100 дан ортиқ амалий санъат асарлари мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичига тақдим этилди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан тасвирий асарлар йўналишида 4 ёшдан 10 ёшгача  бўлган иштирокчилардан 3 нафар, 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар, амалий санъат асарлари йўналишида  4 ёшдан 10 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар, 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар жами 12 нафар ғолиб аниқланди. Қолаверса, 10 та номинация бўйича ҳам энг саралар сараланди.

Кўргазма давомида Тошкент шаҳрининг 21-, 22-, 23-, 30-“Меҳрибонлик” уйларининг иқтидорли тарбияланувчилари ўртасида тезкор расмлар кўрик-танлови ҳам ташкил этилиб, барча ижодий ишлар шу вақтнинг ўзида ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди.

 

– “Камалак жилоси”  расмлар кўрик-танловининг якуний босқичида “Юксакликка интилган Ватаним” номли суратим билан қатнашдим ва якунда фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилдим. Бундан жуда ҳам хурсандман, – дейди Жиззах вилоятидаги 29-“Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Шохруҳ Мелибоев.

 

Танлов сўнггида ғолиблар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда “Sen yolg‘iz emassan” жамғармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Х.ҲУСЕНОВА

Яна ўқинг:  Ҳунарда ҳалол насиба бор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: