Лактостаз – талаба оналар хасталиги (ми?)

Бу хасталик кўкракда сут туриб қолиши сабабли асосан эмизикли аёлларда кузатиладиган ҳолатдир. Унинг қай тарзда ривожланишини билиш учун аввало, сут безининг қандай тузилганлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш керак. Сут безлари ўртача 15-20 та сут ишлаб чиқарувчи бўлакчалардан иборат бўлади.

Бу бўлакчалар сут йўллари орқали сўрғич, яъни кўкрак учи билан боғланади. Агар бирорта сут бўлакчасида маълум вақт давомида она сути йиғилиб қолса ва бунинг натижасида ушбу суюқлик қуйилиб қолса, унинг сўрғич орқали ажралиши қийинлашиб қолади. Агар бу ҳолат узоқ вақт давом этса эмизикли аёлда лактостаз ривожланади.

Дастлаб дард бошланганда беморнинг кўкраги оғирлашиб қолади. Кейин у шишиб кетади ва ушбу аъзода оғриқ пайдо бўлади. Қўл билан пайпаслаб кўрилганда кўкрак безининг бўлакчалари қаттиқ бўлиб қолганини сезиш мумкин. Баъзи ҳолларда сут бези терисининг қизариши ва тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилади.

Касалликнинг асосий сабабларидан бири нотўғри эмизиш ёки кўкракни болага тўғри бермаслик ҳисобланади. Баъзи ҳолларда лактостаз касаллигининг ривожланишига сўрғичнинг яссилиги ҳам сабаб бўлади. Ясси сўрғични миттивой эмишга қийналади ва сутни етарли даражада сўролмайди. Гўдакни эмизишда нафақат кўкрак учини балки унинг атрофидаги ареолани (айлана)ни ҳам бола оғзига олиши керак. Шундагина сут безлари тўлиқ бўшайди. Ундан ташқари эмизикли она болани мунтазам тарзда ҳар 2-3 соатда эмизиб туриши керак. Кўп ҳолларда лактостаз ривожланишига ўз вақтида чақалоқни эмизмаслик сабаб бўлади. Бу ҳолат асосан талаба оналарда ёки бирон сабабга кўра ишини ташлай олмайдиган ёш аёлларда кузатилади. Улар ўқиш ёки иш сабабли вақт топиб кўкрагини соғиб туришлари керак.

Лактостаз ҳолатини келтириб чиқарувчи сабаблардан яна бири сўрғич терисининг ёрилишдир. Бунда сўрғич ҳаддан ортиқ сезувчан бўлиб қолади. Чунки унда жуда кўп асаб толалари мавжуд. Шунинг учун ҳам унинг терисида ёриқ пайдо бўлганда аёл киши жуда кучли оғриқ сезади. Эмизикли аёл гўдагини эмизишдан қўрқиб қолади. Сўнгра сунъий равишда эмизиш вақтини чўзади ва натижада кўкракка сут йиғилиб, унда суюқлик туриб қолади ва лактостаз ривожланади. Сўрғич териси ёрилмаслиги учун болага кўкракни тўғри тутиш керак.

Сут безларининг яллиғланиши ҳам лактостаз ривожланишига олиб келувчи яна бир сабаб ҳисобланади. Яллиғланиш натижасида сут ишлаб чиқарувчи сут бўлакчалари шишиб кетади ва сут йўлларини сиқиб қўяди. Оқибатда она сути ташқарига чиқолмай кўкрак безида қолиб кетади. Бу ҳолатда дарҳол маммалогга мурожаат этилмаса мастит касаллиги ривожланиши мумкин.

Яна ўқинг:  Мақом оҳанглари руҳи ва фалсафаси қалблардан жой олди

Мутахассис беморни тиббий кўрикдан ўтказиб бўлгач, ультратовуш усули билан кўкрак тўқимасининг ҳолатини текшириб кўради. Агар унда тугунли ҳосилалар ёки йирингли халта йўқлигига ишонч ҳосил қилсагина даволаш муолажаларини амалга оширади.

Лактостаз касаллигини даволашнинг биринчи шарти кўкракни соғиб ташлашдир. Дастлаб маммалогнинг ўзи бемор она кўкрагини махсус тиббий асбобда соғиб ташлайди. Ундан сўнг қандай қилиб кўкракни тўғри соғиб ташлаш мумкинлигини ҳамда қандай йўл тутса лактостаз қайталанмаслигини беморга тушунтиради.

 

Дилобар МИРРАҲИМОВА,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: