Ижодкорларнинг пенсиясига доир
Журналист, ёзувчи, рассомлар пенсияга чиққанидан кейин бирор жойда ишламасада, қалам ҳақи олса пенсиясининг ярми тўланар экан. Бу тартиб қачон жорий қилинди ва қайси ҳужжатга асосланади?
Умуман олганда ишлаб турган пенсионерга ёшга доир нафақа тўлаш уларнинг иш жойида, қоида тариқасида тайинланган нафақанинг 50 фоизи миқдорида тўланади.
Фаолиятини давом эттираётган пенсионерга пенсия ижтимоий суғурта бадаллари ҳисобидан, ўтган ой учун ойнинг иккинчи ярмига тўланадиган иш ҳақи билан бир вақтда алоҳида тўлов ведомости билан тўланади.
Ишлаб турган пенсионерларнинг қайси тоифаларига ёшга доир пенсия 100 фоиз миқдорида тўланади, деган саволлар ҳам кўп учраб туради. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2011 йил 30 апрелда 2222-сон билан рўйхатга олинган «Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисида» ги Низомнинг 2-бандига асосан қуйидаги тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда(100 фоиз) тўланиши белгилаб қўйилган:
а) уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахсларга;
б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар;
в) 1 ва 11 гуруҳ ногиронлари;
г) Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар учун тартиблар Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли «Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақидаги» қарорида белгиланган;
д) фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раисларига;
е) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифий ва маънавий ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёлларга – ёшга доир пенсияни олганда.
Қолган барча ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоизи миқдорида пенсия тўланади.
Энди асосий саволга келсак, ижодкорлар пенсияга чиққанидан кейин бирор жойда ишламасада, қалам ҳақи олган ойда пенсиясининг ярми тўланади. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинингн 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарорига илова бўлмиш «Давлат пенсияларини тайинлаш ва ишлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 166-бандига асосан амалга оширилади. Унда шундай белгилаб қўйилган: «Даромад(гонорар, тақдирлаш пули ва шу кабилар) олинган тақдирда ижодий фаолият билан банд бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин даромад олинган ой учун пенсия ишлаб турган пенсионерлар учун белгиланган тартибда тўланади».
Бундай белгиланганига сабаб уларга пенсия тайинланаётганда қалам ҳақи ҳам қўшиб ҳисобланади. Ҳатто, ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган шахслар ҳеч қаерда ишламасада, ижодий фаолият билан шуғуллангани учун қалам ҳақи ҳисобидан пенсия олиш ҳуқуқига эгадир. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, қалам ҳақи ҳам ишлаётган фаолиятга киради.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Пенсия жамғармасининг Яккасарой тумани бўлими мутахассиси Гулчеҳра ИноFомова тавсияси асосида Ж. САЪДУЛЛАЕВ ёзиб олди.