Ҳар нега асабийлашиш ярамайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир сайёрамизда 320 миллиондан кўпроқ инсон қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда. Агар ўз вақтида самарали чоралар амалга оширилмаса, бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб, жамият тараққиётига жиддий рахна солиши мумкин. Хўш, бу қандай касаллик? Унга қарши қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақда вилоят эндокринология диспансери шифокори Жамшид ЯРМАМЕДОВ қуйидагиларни маълум қилди:

Пайдо бўлиши

Қандли диабет дунёда кенг тарқалган ижтимоий касалликлардан бири  бўлиб, у қонда қанднинг сурункали кўтарилиши билан изоҳланади, яъни организмда ошқозон ости бези инсулин гормонининг қисман ёки бутунлай етишмовчилиги натижасида ривожланади. Касаллик қон ва пешобни текшириш орқали аниқланади. Даволашда эса асосий эътибор ошқозон ости бези фаолиятини яхшилашга қаратилади. Бу борада замонавий тиббиёт соҳасида тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда. БМТ томонидан 2006 йилда мазкур касаллик юзасидан махсус резолюция қабул қилинди ва 14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни, деб эълон қилинди.

Турлари

Мазкур касалликка йўлиққан беморлар 2 турга ажратилади. Биринчи тур болалар ва ўсмирларда учрайди. Уларда касаллик тез бошланиб, тез кечади. Бемор озиб кетади, иштаҳаси ортганига қарамай, умумий қувватсизлигидан, иш қобилияти пасайганидан нолийди. Қандли диабет ўткир шамоллаш, сувчечак, қизамиқ инфекцияси ва грипп асоратлари натижасида юзага келиши мумкин. Бу тур касалликнинг клиник белгилари 7-10 кунда кўзга ташланади.

Иккинчи тур беморлари асосан 35 ёшдан катта бўлиб, дарди секинлик билан бошланади. Уларда юқорида келтирилган хасталик белгилари кузатилмаслиги мумкин, лекин қанд миқдори қонда ҳам, пешобда ҳам баланд даражада бўлади. Шунга қарамай, дард енгил кечади. Уларда инсулин гормони қисман етишмовчилиги кузатилади. Бунга ҳаёт тарзидаги ўзгаришлар, нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар, сурункали стресс ҳолатлари, кучли шамоллаш асосий сабаб бўлади. Ҳозирги кунда қандли диабетнинг ушбу иккинчи тури кўпайиб бормоқда.

Жисмоний меҳнат билан мунтазам шуғулланган, доимий бадантарбия қилиб юрадиган, тартибли овқатланадиган, ўз иши ва дам олишини тўғри ташкил қилган одамлар бу касалликка ҳеч қачон чалинмайдилар.

Белгилари

Касаллик белгилари чанқаш, пешобга кўп чиқиш, чарчоқ, мадорсизлик, асабийлик, кўнгил айниши (баъзан қайт қилиш), тез-тез юқумли инфекцияли дардлар билан оғриш, оёқ-қўллардаги санчиқлар, оёқ кафтининг увушиб қолиши, кўриш қобилияти, буйраклар иш фаолиятининг бузилиши билан намоён бўлади. Фақат инсулин билан боғлиқ қандли диабетда бемор озиб кетади, инсулинга боғлиқ бўлмаган диабетда эса кўпроқ тана вазни ошиб кетиши кузатилади.

Яна ўқинг:  МИЯНИНГ ИЧКИ БОСИМИ ОШИШИ ХАВФЛИМИ?

Касалликни доимо текширтириб, даволаб туришдан ташқари, беморлар парҳезга амал қилишлари талаб қилинади. Диабет парҳези асосан ўсимлик, сут маҳсулотлари асосида бўлади. Чунки хом сабзавотлар ва меваларни истеъмол қилиш ошқозон ости безининг инсулин ишлаб чиқаришини кучайтиради. Шу сабабли ҳам диабетдан азият чекувчи беморлар кундалик таомномасига иложи борича кўпроқ сабзавот, мевалар, ёнғоқ, бошоқли дон маҳсулотлари, пишлоқ, дуккаклилар, пиёз, саримсоқ, бодринг ва турпни киритишлари лозим. Осон ҳазм бўладиган углеводлар: шакар, қандолатчилик маҳсулотлари, мураббо, шоколад, асал, узум, хурмо, консерваланган мевалар ва бошқа ширинликлар диабет билан оғриган кишилар таомномасидан чиқариб ташланиши зарур. Ширинликларсиз тура олмайдиган беморларга шакар ўрнини босувчи табиий маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади.

Даво чоралари вақтида кўрилиши керак

Одатда иккинчи тур қандли диабет ташхиси қўйилган беморлар дастлабки вақтда ўзларини яхши ҳис қилишлари сабаб ва даво чораларини қўлламасам ҳам бўлади, деган фикрда касалликка қарши курашишмайди. Парҳез қилмаслик, дори воситаларини ўз вақтида қабул қилмаслик организмга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, кўз хиралашиши, кўрмай қолиши, қон алмашинуви ёмонлашиши, юрак ишемик касалликларининг юзага келиши кабилар кузатилади.

Ортиқча вазнли бўлсангиз…

Иккинчи турдаги қандли диабет билан оғриганларнинг 90 фоизга яқини семизликдан азият чекади. Чунки нотўғри овқатланиш семизликка олиб келади. Ёғлар, углеводларни кўп истеъмол қилиш, оқсил ва бириктирувчи тўқималарнинг етишмаслиги эса диабет ривожланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам шифокор ортиқча вазни мавжуд бўлган ҳар қандай беморни қандли диабетни аниқлаш учун текширувдан ўтишга жўнатишга ҳақли. Агар бунда касаллик топилмаса, бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо ортиқча вазни бўлган ҳар қандай киши вақти-вақти билан қондаги қанд миқдорини текширтириб тургани маъқул. Жисмоний ҳаракатлар иккинчи тур қандли диабетга чалинган беморларга қондаги қанд миқдори пасайишига катта ёрдам беради.

Насл сурадими?

Тўғри, оила аъзолари иккинчи турдаги диабет билан оғриган одамларда бу хасталикка мойиллик мавжуд бўлади. Бироқ диабетга мойиллик ҳамма ҳам шу касаллик билан аниқ оғришини билдирмайди. Диабет ривожланишида ҳаёт тарзи ва овқатланиш катта ўрин тутади. Вақтида тиббий текширувлардан ўтиб турсангиз, хотиржам бўлишингиз мумкин.

Диабетсиз соғлом ҳаёт

Бутун дунёда 14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни арафасида турли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақсад — кишилар диққат-эътиборини ушбу тиббий-ижтимоий муаммога қаратиш, аҳолига қандли диабет хасталиги ҳақида тўла-тўкис маълумот бериш, тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат.

Яна ўқинг:  ДУНЁ КЕНГ, АММО УНИ ХАСТАЛИК КЎЗГА ТОР ҚИЛАДИ

Юртимизда 1 ноябрдан – 1 декабргача давом этадиган ойлик доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, давра суҳбатлари ўказилмоқда. “Очиқ эшиклар куни” тадбири давомида кишилар лаборатория текшируви, эндокринолог, окулист, невропатолог, хирург, шифокор-мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли маслаҳатлар олишмоқда.

Бошқа хасталиклар сингари диабетни ҳам даволагандан кўра олдини олиш инсон саломатлиги ва жамият учун самаралидир. Бунинг натижасида диабетни даволашга кетадиган харажатлар ўн марта қисқаради, ногиронлик ҳамда ўлим кўрсаткичлари камаяди. Касалликдан йироқ бўлишни истасангиз, ҳаётимизнинг асосий қоидасига айланган — ҳар нарсадан асабийлашиш, жиғибийрон бўлиш, шошқалоқлик кўникмасидан воз кечинг.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: