Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси – аҳоли ва тиббиёт муассасалари ўртасидаги замонавий тизим

Юртимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.

Бироқ, жойларда тиббий хизматнинг сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи клиник баённомалар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги, бунда инновацион ишланмалар ва технологиялардан тўлиқ фойдаланмаслик олдимизга қўйган мақсадларга тўла эришишда тўсиқ бўлмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 2 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича стратегик мақсадлар белгиланди. Жумладан, умумэътироф этилган халқаро методикаларга мувофиқ аниқланадиган мамлакат аҳолиси саломатлиги кўрсаткичларининг барқарор яхшиланиши ва соғлиқни сақлаш тизимидан қаноатланганлик даражасини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмида хусусий сектор улушини салмоқли даражада ошириш каби бир қатор вазифалар қўйилди. Шунингдек, тиббий туризмни ривожлантириш орқали мамлакат ялпи ички маҳсулотига унинг ҳиссасини изчил ошириб бориш, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шу жумладан, бошқарув кадрларига халқаро стандартларга мувофиқ узлуксиз таълим бериш, уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўзда тутилди.

Бундан ташқари ушбу қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ташкил этилмоқда.

Республика соғлиқни сақлаш тизимига илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш Миллий палатанинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шу билан бирга Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси келгусида соғлиқни сақлаш тизимидаги статистик маълумотларни тўплаш, уларни таҳлил қилиш билан соҳадаги энг долзарб масалаларни аниқлайди. Бу эса мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилашда, қолаверса, парламент томонидан қонунчиликни янада такомиллаштиришда муҳим асос бўлади.

Эътиборга молик яна бир жиҳати, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида 2020 йил 31 декабрга қадар республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган тиббиёт ходимларини рўйхатга олиш орқали улар тўғрисида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш вазифаси қўйилди. Бу эса албатта, юртимизда эҳтиёжга қараб тиббий кадрлар сиёсатини тўғри йўлга қўйишда, айниқса, тор мутахассисларнинг республика бўйича тўғри тақсимлашда ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Ростгўйлик тарбиянинг мезони

Халқаро стандартларга мувофиқ, илғор тиббиёт, фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш, кадрларнинг малакасини ошириш, хорижий мутахассисларни жалб этиш ва улар билан ўзаро тажриба алмашиш каби кўплаб тадбирлар келгусида Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Айни янгилик аҳоли учун ҳам, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ҳам катта имконият яратиши билан аҳамиятлидир.

 

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: