Бу ёруғ оламда Ватан биттадир

Инсоннинг умр йўлини чароғон қилиб турадиган, ҳаёт йўлини белгилайдиган шундай пурмаъно сўзлар, дунё қонунларига сиғмайдиган шундай ўлчовлар борки, уларни на қолипга солиб, на бўйсундириб бўлади. Булар ОНА ва ВАТАН деб аталмиш Беҳишт боғидан тушган сўзлардир. Улар тилга олинганда одамларга диққат билан назар солинг: юраклар ҳапқиради, кўзлар қувончга тўлади, дилни эса чексиз сурур эгаллайди.

Хизмат сафари билан манаман деган хориж давлатларига борсангиз, уч кундан сўнг зерика бошлайсиз, юртни соғинасиз. Кўзингизга осмонўпар миноралару, улкан денгиз устида бунёд этилган муҳташам кўприклар ҳам кўринмайди. Аслида жаннат юртингизнинг бир ҳовучгина тупроғида эканини англайсиз:

Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,

Қанча манзилларда туздим ошён.

Ва буюк ҳикматга ахир юз бурдим,

Сийланган жойида азиздир инсон.

Ҳа, сийланган жойида, яъни киндик қони тўкилган тупроқда инсон азиз, мўътабар. Она Ватан деб қўшиб айтишлари бежизга эмас. Она Ватан каби улуғ, Ватан Она каби муқаддас. Уларни иккисини бир-биридан асло айро кўрсатиб бўлмайди. Улар ўзаро чамбарчас, муштарак боғланган.

Дунё шоирлари Ватан шаънига,

Сифат ахтармишлар қатор ва қатор.

Ниҳоят, келмишлар битта маънига:

Она Ватан дея битмишлар ашъор.

Она Ватанимиз мустақиллигига 22 йил тўлди. Шу қисқа, аммо тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган йиллар давомида оламга татирлик ютуқлар, улкан ғалабалар қўлга киритилди. Биз ўз байроғимиз, гербимиз, она тилимиз, миллий мадҳиямиз, миллий валютамизга эга бўлдик. Бизни бутун жаҳон тан олди!

Бугунги кунда 100 дан ортиқ мамлакатда элчихона ва ваколатхоналаримиз ишлаб турибди, 70 дан ортиқ хорижий давлатларнинг элчихона ва консуллик идоралари пойтахтимизда фаолият олиб бормоқда.

Ҳар йили минглаб ўзбек ёшлари хорижий давлатларнинг энг кўзга кўринган университетларида билим ва кўникмаларини ошириб қайтишмоқда ва ўз навбатида кўплаб чет эллик мутахассислар юртимиз олий ўқув юртларининг тажрибалари билан ўртоқлашишмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган тараққиётнинг «Ўзбек модели»ни бугун дунё аҳли катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганаётир.

«Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, Мустақил Ўзбекистон!» шиори остида ўтказилаётган улуғ айём шукуҳи бутун республикамиз бўйлаб кенг ёйилган. Қайси вилоятга борманг, қайси туманга йўлингиз тушмасин, ҳамма ерда энг улуғ ва энг азиз байрамимиз шодиёналари устидан чиқасиз. Пойтахт ва вилоятларда қад ростлаётган улкан иншоотлар, фусункор боғлар, тароватли майдонлар баҳри-дилингизни очади, қалбингизда Она Ватанингиздан ғурурланиш туйғуларини туясиз. Мустақиллик инъом этган ҳур шабада танангизни яйратиб, Ўзбекистондек Яратган назари тушган юртда туғилиб, камолга етганингизга, шу қутлуғ заминнинг фарзанди эканингизга шукроналар келтирасиз. Бугун ҳар бир ўзбек фарзанди Она Ватанимизнинг 22 йиллик улуғ айёми арафасида унинг ривожига, тараққиётига оз бўлса-да ҳисса қўшаётганидан мамнун бўлиб яшамоқда.

Яна ўқинг:  Халқ саломатлигига камарбаста

Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр,

Такрор айтилганда рангсиздир калом.

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном!

Равшан ЖОМОНОВ,

филология фанлари номзоди, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: