Астма: ташхис ва даво чоралари

Бугунги кунда кенг тарқалган ва амалда батамом даволаниши мумкин бўлмаган хасталиклар жумласига бронхиал астма (кўксов) ҳам киради. Шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, бу хасталикка ёш болалар ҳам, катта одамлар ҳам бирдек чалиниши мумкин.

Бронхиал астма, яъни бронхларнинг сурункали касаллигини одатда аллергия келтириб чиқаради.

Мутахассис шифокорларнинг таъкидлашича, ёш болаларда кўксовнинг бошланишини пайқаш жуда мушкул кечади. Бу хасталикнинг олдини олиш учун кўксовнинг илк аломатлари пайдо бўлгани заҳоти болага диққат-эътибор билан қараб, ўз вақтида шифокор ҳузурига олиб бориш зарур. Одатда бронхиал астманинг ривожланишидан қуйидаги аломатлар дарак беради: бола энтикиб, нафас олиши қи­йинлашади, тунда ва саҳарда боланинг ҳуштаксимон нафас олиши кузатилади.

Бир ёшга тўлмаган гўдакларда бронхиал астма озиқ-овқат ёки турли дори-дармон таъсирида кучга кирадиган аллергенлар таъсирида юзага келади. Бир ёшдан ошган болаларда кўксов замбуруғлар ёки бўлмаса, маиший шарт-шароитларда пайдо бўладиган аллергенлар таъсирида ривожланиши мумкин. Уч-тўрт ёшли болаларда аллергияни турли хил ўсимликларнинг чанги келтириб чиқариши мумкин.

Аллергияга мойиллик наслий характер касб этиши, бундан таш­қари, ҳомиладорлик даври ўтадиган шарт-шароитлар (жумладан, ота-оналар ёхуд яқин қариндошларнинг тамаки чекиши), инфекциялар таъсирида ривожланиши мумкин. Кўксов ривожланяпти, деган эҳтимол пайдо бўлса, дарҳол шифокор-аллергологга мурожаат қилиш керак. Мутахассис клиник кузатувдан сўнг керакли чора-тадбирларни кўради.

Бронхиал астмани даволаш учун бирламчи касалликни келтириб чиқараётган инфекцияларга қарши тегишли антибиотиклар тайинланади. Кўксов хуруж қилган пайтларда махсус тиббий мосламалардан қандай фойдаланиш лозимлиги маълум қилинади. Ва ниҳоят, бронхиал астма хуружини келтириб чиқараётган аллерген аниқланиб, иложи борича ушбу аллергендан беморни ҳимоялаш чора-тадбирлари белгиланади.

Ота-оналарнинг диққатини бир нарсага қаратишни истар эдик, болаларда кўксов хуружларига бефарқ муносабатда бўлиш ярамайди. Одатда бу хасталик жуда нохуш ва оғир асоратларни келтириб чиқаради. Бундай асоратлар орасида энг хавфлиси ва кенг тарқалгани – пневмоторакс (плевра бўшлиғига ҳаво кириб қолиши), ўпкалар функциясининг эмфизематоз бузилишлари, ўткир нафас етишмаслиги ҳисобланади.

Мавзуга оид маълумотларимизни мухтасар қилар эканмиз касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул.

Ҳалима Шукур қизи тайёрлади.

Яна ўқинг:  Болаларда тана ҳароратини қачон тушириш керак?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: