Чорраҳадаги болалар бахт томонга кетиши керак
Собир армиядан қайтганида унга ҳамма ҳавас қилди. Оилада тўнғич ўғил бўлгани учун уни уйлантириш ҳаракатига тушишди. Бир куни Собир қўшни қишлоқдаги қизга совчиликка боришни кўзлаган онаси ва холасига Гулоранинг суратини кўрсатди. У уч ҳовли наридаги Баҳром ҳофизнинг қизи эди. Аввалига онаси рози бўлмади. Аммо барибир ўғлининг истагига қарши чиқолмади.
Cовчилар уч-тўрт маротаба ўша хонадонга эшик қоқиб борди. Рад жавобини олгач, она қайтиб у уйга боришни ўзига эп кўрмади. Аслида, муаммо йигитнинг укасида эди. Тўққизинчи синфни битириш арафасида Санжар бекорчи болаларга қўшилиб, майда ўғирликларга қўл урди. Ота-онасининг “ҳай-ҳай”лашига қарамай, “дўст”ларидан ажрамади. Кейинчалик каттароқ ўғирликлар қилди ва болаларни қайта тарбиялаш калонасига юборилди. Шу боис, Баҳром ака ўғри боласи бор уйни ўзига тенг билмади.
Шундан сўнг Собирнинг ўзи қизнинг дадаси билан учрашгани келди. Мақсади ва келажак режаларини айтди. Афсуски, Баҳром ака бу гал ҳам рози бўлмади. Орада тортишув бўлди. Кейин эса…
Навоий маҳалласида “Собир ўз жонига қасд қилибди” деган нохуш хабар тезда тарқалди. Кечаги тортишувдан қўшниларнинг хабари бор эди. Кимдир Баҳром аканинг ўзи бу ишни қилган деса, яна кимдир Собирни кеча маст ҳолда кўрганини гапирарди. Якунда текширув гуруҳи, йигит ўз жонига қасд қилган деган хулосага келди.
– Собир болалигидан баъмани йигит эди, – дейди Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳридаги Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мурод Иззатов. – Укасига акангдан ўрнак олгин, деб айтардик. У маҳалладаги ҳашарларда фаол иштирок этарди. Маърака ва йиғинларда хизмат қилиб чарчамасди. Бир сўз билан айтганда, меҳнатсевар йигит эди. Уни ҳеч ким тушкун ёки асабий ҳолда кўрмаган. Табиатан вазмин йигит бўлгани учун ундаги кайфиятни атрофдагилар сезмаган.
Ушбу воқеадан кейин маҳалладошлар билан йиғилиш ўтказдик. Болаларингизга ҳушёрликни оширинг, деб таъкидлаяпмиз. Мактабда психологимиз болалар билан ишлашни кучайтирган.
Бугун Гулора кенг ҳовлининг бахтли келини. Ўртада Собирнинг умри завол, ота-онасига жабр бўлди, холос. “Ёшлик – бебошлик” деб бежиз айтилмаган. Кўнгил иши нозик, аммо сабр ҳар қандай мушкулотнинг ечимидир. Бугун ёшлар орасида арзимас важлар туфайли ўз жонига қасд қилиш “оммалашмоқда”. Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 800 минг нафар инсон ўз жонига қасд қилади. Ўзбекистонда 2018 йил 1 май ҳолатига кўра 153 нафар вояга етмаган шахс ўз жонига қасд қилгани қайд этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.
Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида ўсмирлар ўртасида жиноятчилик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,9 фоизга (239/373) ва жиноят содир этган вояга етмаганлар сонининг 37,9 фоизга (289/466) камайишига эришилди.
Мутахассисларнинг айтишича, ўз жонига қасд қилиш ҳолати бирданига рўй бермайди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра ўзини ўлдирган ўсмирларнинг 90 фоизида қайсидир даражада руҳий саломатлик бўйича муаммо бўлган.
– Маълумки, шахс маънавий камолотида оиладаги тарбиянинг ўрни беқиёс, – дейди психолог Дурдона Сайфуллаева. – Оиланинг болаларга тарбиявий таъсири ижтимоий таъсир доираси сингари ўта кенгдир. Бироқ кейинги пайтларда ота-оналар фарзандлар тарбиясида қатор муаммоларга дуч келмоқда. Улар ва фарзандлари ўртасидаги салбий муносабатлар болаларда хулқ оғиши ҳамда психосоматик касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир.
Стресс (руҳий зўриқиш) ва депрессия (руҳий тушкунлик)га мойил ўсмирлик даврида ўзининг долзарблиги билан ташвишга солувчи девиант ахлоқ кўриниши суициддир (лот. suicaedere – ўзини ўлдириш). Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг турли сегментларида оммалашган ва кўплаб мунозараларга сабаб бўлган “Кўк кит”, “Тинч уй”, “WinX”, “Югурасан ёки ўласан” каби ўйинлар ҳам вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортиб, охири иштирокчининг ўз жонига қасд қилиш ҳодисаси билан якунланади. Текширишлар шуни кўрсатадики, аксарият суицидлар ота-оналар, педагогларнинг қўполлиги, болаларнинг синфдошлари билан ўзаро келишмовчилиги, турли можаролар, атрофдагиларнинг эътиборсизлиги, бефарқлик, инсофсизлик ва шафқатсизликка қарши исён сифатида юз беради.
Қонуний чоралар
Рўй бераётган кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази томонидан ўрнатилган тартибда келишиб, ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга оғдириш ҳолатлари сонини камайтириш, жиноий-ҳуқуқий чора-тадбирлар орқали фуқароларнинг ҳаёти янада самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида, Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисмининг санкциясида кўзда тутилган озодликдан маҳрум этиш жазо муддатини ошириш йўли билан, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун жазо чорасини кучайтириш ҳамда ушбу модданинг иккинчи қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган жиноятлар учун қаттиқ турдаги жазо чораларини кучайтиришни ва ўзини ўзи ўлдиришга оғдирганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Ота-оналар учун тавсиялар:
– Фарзандингизни бошқа болалар билан дўстлашишга ўргатинг. Уни ёлғиз юришига йўл қўйманг.
– Унинг дўстларига ота-оналарининг мавқеи, имкониятига қараб эмас, ўғил-қизингизга бўлган муносабатига кўра баҳо беринг.
– Ўртоқларига ўзининг шахсий фикри асосида баҳо бериш ва ҳурмат қилишга ўргатинг.
– Фарзандингизга ўртоқларининг ютуқларини кўрсатишга ҳаракат қилинг, аммо ҳеч қачон уларни таққосламанг.
– Ўғил-қизингизнинг дўстларига садоқатини рағбатлантиринг.
– Болаларингизнинг ўртоқларини уйингизга ўзаро таклиф қилинг, улар билан мулоқот ўрнатинг.
– Уларга дўстлашиш учун ростгўй бўлиш ва манфаат кўзламаслик кераклигини тушунтиринг.
– Фарзандингизни доим дўст бўлишга ўргатинг.
– Агар болангиз ўз сирларини сизга айтса, улар ишончини ҳеч қачон суистеъмол қилманг.
– Фарзандингизни танқид қилинг, фақат уни масхара қилиб эмас, балки қўллаб-қувватлаган ҳолда.
– Ўғил-қизларингизни эзгу орзу-ҳавасларини қўллаб-қувватланг.
– Фарзандларингизда ўзига бўлган ишончини шаклллантиринг.
– Дилбандингизда шахсий имкониятларини баҳолаш даражасини ривожлантирнг.
– Фарзандларингизни келажак билан эзгу режаларини ижобий тарзда йўналтириб боринг.
Иродасиз инсон озгина мусибатга чидамасдан ўз жонига қасд қилади. Худдики, бу мусибат уни бутун умр тарк этмайдигандай. Аслида бу ҳаётда ҳамма нарса ўткинчи. Осмонни ларзага солган даҳшатли момақалдироқдан сўнг рангли камалак чиқади. Буни фарзандларимизга ўз вақтида тушунтириш лозим. Зеро, кечирилмас хато сизнинг остонангизга йўламасин!
Дилдора ФАЙЗИЕВА
“Sog‘lom avlod” мухбири