Ростгўйлик тарбиянинг мезони

Тафаккури бой, қалби тоза киши ҳар қандай манзилга тўғрилик йўли билан боради. Ана шу тўғрилик инсонни улуғлайди, жамият олдида юзини ёруғ қилади. Тўғрилик – бугуннинг гапи эмас, жуда кўҳна мавзу.

Ёшлигимиздан тўғриликнинг инсонни безовчи энг олий фазилат эканлиги ҳақида қанчалаб эртаклар эшитганмиз, ўқиганмиз. Баъзан ота-она фарзандининг ёлғон гапираётганини сезиб қолади. Бундай ҳолатда қандай чора кўриш мумкин?

 

Ёлғон билан қандай курашиш керак?

Боланинг беш ёшгача бўлган даврида уйдирмалари нормал ҳисобланади. Агар бола бошқаларнинг туйғуларига қаттиқ тегмаса ва унинг безарар ёлғонлари ҳеч кимга зиён етказмаса, унда ҳаммасини ҳазилга буриш мумкин.

Мабодо бола олти ёшдан каттароқ бўлса ва у ёлғон ишлатишни яхши кўрса, унга ёрдам бериш керак бўлади, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Боланинг ишончини тиклаш, оиладаги муносабатларини мустаҳкамлаш, қаттиққўллик даражасини пасайтириш ва баъзи чекловларни бекор қилиш даркор. Уни қилмишлари ва ёлғонлари учун қаттиқ жазоламаслик, ўз сирлари бўлишига рухсат бериш, агар гап ўсмир ҳақида кетаётган бўлса – унинг ҳаётига аралашмаслик, хонасига унинг рухсати билан кириш, сўроқлар ва терговлар билан қийнамаслик, назоратни сусайтириш, унинг истаклари ва фикрлари билан қизиқиш лозимдир. Агар сиз фарзандингиз ўз манфаатлари учун ёлғон ишлатаётганини ва бу билан бошқаларнинг ҳаётини бузаётганини билиб қолсангиз, албатта, у билан ёлғиз ва хотиржам шароитда гаплашиб олишингиз керак. Бу вазиятда ўз ҳаётингиздаги шунга ўхшаш воқеалар ҳақида, ёлғон очилганидан кейин сиз қанчалик уялганингиз ва бу салбий иллат туфайли қайғурганингизга урғу берган ҳолда фарзандингизга гапириб беришингиз керак.

Агар бола “нафас олишдек” мунтазам равишда, ҳатто бунинг учун ўзига хос сабаблар бўлмаса ҳам ёлғон гапираётган бўлса, унда оилавий руҳшуносга мурожаат қилиш лозим бўлади. Айнан оилавий руҳшуносга, чунки кўпчилик ҳолларда болаларнинг ёлғон гапиришига оиладаги муаммолар сабабчи бўлади.

Ҳаётимиз давомида ўз манфаатимиз йўлида жуда кўп ҳолатларда ёлғон ишлатамиз. Гўё шундай қилмасак баъзи “мақсадларимиз”га эришолмаймиз. Қизиқ, у қандай мақсад ўзи? Ниманинг эвазига келадиган мақсад? Яшаш тарзимиз тараққий этиб борган сари ошиб бораётган орзу-ҳавасларимиз, битмас-туганмас истакларимизни ифодаловчи мақсадми? Ёлғиз ўзимизнинг манфаатларимизни ўйлаб яшасак жамиятга нима нафимиз тегади? Биз ёлғонимизга ишонтира олган инсоннинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўрсак қанчалик ҳунобимиз ортади. Энг ачинарлиси эса, кишининг ёлғон гапи ён-атрофидагиларининг унга бўлган ишончи, ҳурматини тушуради. Бу эса оқил инсон учун катта йўқотиш ва айтиш мумкинки руҳий фожеадир. Фикрларимиз хотимасидаги тилагимиз ҳар биримиз амалларимизни тўғрилик, сўзларимизни ростлик асосига барпо этайлик.

Яна ўқинг:  Пул бермаслик тежамкорликни ўргатмайди

 

Мўминжон ТЎЛҚИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: