Чақалоқлар нега қайт қилади?

Унинг сабаблари кўп

 

 Гўдакларда ёки бир ёшгача бўлган болаларда тез-тез учрайдиган, оналарнинг хавотирига сабаб бўладиган ҳолатлардан бири бу – қусиш. Уларда бу салбий ҳолатнинг сабаблари жуда кўп. Шулардан бири пилороспазмдир.

Пилороспазм – меъданинг пилор (сфинктер), яъни меъдадан ўн икки бармоқ ичакка ўтиш қисмининг спазми (қисқариши). Бунинг натижасида овқатнинг ўн икки бармоқ ичакка тушиши қийинлашади. Пилор меъданинг энг тор қисмида жойлашган мушакли “узук”, яъни меъда билан ўн икки бармоқ ичак ўртасидаги “дарвозабон”дир. У тинмай бир меъёрда ишлаб – қисқариб туради. Овқат меъдага тушганда, у сиқилади. Меъда девори мушакларининг қисқариши овқатни ҳазм тизимининг кейинги қисмига – ўн икки бармоқ ичакка сурилишига (ўтишига) имкон беради. Агар “дарвозабоннинг “иши бузилса, у тартибсиз қисқара бошлайди. Натижада овқатнинг ўн икки бармоқ томонга сурилиши бузилади ва меъдада ушланиб қолиши кузатилади. Чақалоқларда пилороспазмнинг аниқ сабаби номаълум, аммо қуйидаги салбий омиллар хасталикни келтириб чиқаради:

Туғма ва генетик мойиллик, марказий асаб тизимининг тўлиқ етилмаганлиги ва туғуруқдаги жароҳатлар ва бу жараёнда гипоксия (кислород етишмовчилиги), гўдакнинг чала туғилиши, гормонал ўзгаришлар, туғуруққача ҳазм тизими шаклланишининг тугалланмаганлиги ҳамда яна шу каби салбий ҳолатлар.

 

Хасталикни қандай аниқлаш мумкин?

Кўпинча хасталикнинг клиник белгилари чақалоқ туғилган заҳоти аниқланади. Камдан-кам ҳолларда бир неча ойдан кейин ҳам аниқланиши мумкин. Бунда оналар боланинг кўп қусишидан, қорнининг дам бўлиши, оғриши, ичининг кам келишидан хавотирга тушадилар.

 

Касалликнинг асосий белгилари:

Гўдак ҳар овқатлангандан (эмгандан) сўнг унинг икки қошиқдан ортиқ миқдорда ёки фавворадек қусиши кузатилади. Чақалоқ вазнининг ошмаслиги ҳамда уйқусининг бузилиши, тез-тез йиғлаб безовталаниши ва бола рангининг оқариши ҳам хасталикка шубҳа уйғотади. Бемор чақалоқда пешоб ажралишининг камайиши унинг қорнида оғриқ пайдо бўлиб, оқибатда дам бўлиши ҳам шифокорда ушбу дардга гумон уйғотади.

 

Пилороспазм кўкрак ёшидаги болаларда икки хил шаклда кечиши мумкин:

Хасталикнинг компенсацияланган шакли – меъда пилорик қисмининг сфинктери торайган. Аммо кичрайган тешик орқали овқат ўн икки бармоқ ичакка тушади.

Унинг декомпенсацияланган шакли – пилорик мушаклар тўлиқ ёпилган бўлади. Овқат ўн икки бармоқ ичакка тушмайди. Бунда туриб қолган овқат ҳисобига бижғиш жараёни бошланади. Касалликнинг ушбу шакли комплекс даволашни талаб этади.

Яна ўқинг:  ИРСИЯТ СОҒЛОМ БЎЛСИН

Чақалоқларда қусишнинг тез-тез такрорланиши бесабаб кузатилмайди. Шунинг учун бемор гўдакни албатта шифокор кўригидан ўтказиш керак. Шифокор қусишнинг сабабини аниқлаб, шунга яраша зарур бўлган муолажани қўллайди. Қусиш болада бошқа жиддий асоратларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

 

Феруза ГАФАРОВА,

тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: