Фарзандингизни МТМга жойлаштирмоқчимисиз?

Ягона интерактив давлат хизматлари портали бу борада сизга яқиндан кўмаклашади.

 

3 ёшли Жавоҳирнинг қўлидан етаклаган Гулноза опа боғча дарвозасидан кириб, мудиранинг хонаси томон йўналди. Она-болани йўлакда қарши олган тарбиячи мудиранинг зарур учрашувга кетганини айтиб, уларга бироз кутиб туриши кераклигини таъкидлади. Сўнг Гулноза опага қизиқиб савол берди:

Фарзандингизни боғчага жойлаштирмоқчимисиз?

– Ҳа, яқинда олий таълим муассасасида иш бошладим, ўғлимга доимий эътибор керак. Шу сабаб ишдан рухсат сўраб, фарзандимни бу ерга олиб келгандим…

– Сизга ўхшаб, фарзандини боғчага жойлаштирмоқчи бўлган ота-оналар жуда кўп. Лекин навбатда бир неча ойлаб туришибди.

 

Муассаса раҳбарининг келиши тарбиячи ва Гулноза ўртасидаги суҳбатга якун ясади. Мудиранинг хонасига кирган она унга мақсадини айтди.

 

Вазиятингизни тушундим, лекин бизнинг муассаса 250 ўринга мўлжалланган. Айни пайт ўз қамровидан икки баробар кўп, яъни 500 нафар болага хизмат кўрсатмоқда. Сиз каби бизга мурожаат қилган оналар сони 700 нафардан ошиб кетди. Агар навбатда туришни истасангиз, керакли барча ҳужжатларни ташлаб кетишингиз мумкин. Навбатингиз келганида ўзимиз хабар берамиз, дея мудира вазиятга изоҳ берган бўлди.

 

Гулноза опа хонадан чиқаркан, вақтининг бесамар ўтганига афсусланди. Ўйлаган ишлари ҳал бўлмагани учун қаттиқ ранжиди…

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сонли қарори билан Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ушбу ҳужжатга кўра 1 апрелдан бошлаб болаларни давлат мактабгача таълим муассасалари (МТМ)га расмийлаштириш, навбатга қўйиш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилмоқда. Бу эса юқоридаги каби югур-югурларнинг олдини олади, вақтнинг тежалишига хизмат қилади.

Эсингизда бўлса илгари болаларни боғчага жойлаштириш бўйича мурожаатлар фақат ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари қабул қилинган бўлса, эндиликда янги тартибга асосан фуқаро бу масаладаги мурожаатларини давлат хизматлари марказига ҳафтанинг исталган иш кунида топшириши мумкин бўлади.

 

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бундай мурожаатларни ҳар куни онлайн режимда топшириш имкони мавжуд. Апрель ойидан то бугунги кунга қадар ушбу масала бўйича 100 мингдан ортиқ ариза келиб тушган бўлиб, улар тегишли тартибда ўрганилмоқда. Мурожаатлар орасида рад этилганлари ҳам бор. Бунга асосий сабаб маълумотларнинг нотўғри киритилганлигидадир. Болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Ҳиндол Мадраимов.

 

Яна ўқинг:  МАҚСАД – ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИКНИ САҚЛАШ

Эътиборлиси, ҳар бир ота-она боғчаларнинг расмий веб-сайти орқали муассасанинг сиғими ва мавжуд бўш ўринлар тўғрисида маълумотлар, анкеталар рўйхати ҳамда навбатга киритилганлар тўғрисида маълумотлар билан исталган пайтда танишиб бориши мумкин. Янгиликлар доимий тарзда янгиланиб борилади.

Яна бир гап. Авваллари ота-она фарзандини боғчага жойлаштириш учун 5 турдаги ҳужжатни комиссияга тақдим қилган бўлса, янги тартибга кўра эндиликда улардан фақат анкета тўлдириш талаб этилади, холос. Бундан ташқари, илгари бу масаладаги мурожаатлар 10 иш кунида кўриб чиқилган бўлса, бу муддат энди 1 иш куни этиб белгиланди.

Шунингдек, давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул комиссияси йўлланма бериш, аризани навбатга қўйиш ва аризачига бўш жой мавжуд бўлган бошқа муассасани таклиф қилиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилиш тартиби бекор бўлиб, эндиликда мактабгача таълим бўлими анкетага асосан йўлланма расмийлаштиради ёки уни навбатга қўяди.

Ногиронлиги бўлган шахслар, уч нафар ёки ундан кўп фарзандли оилалар, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, талабалар ва педагогларнинг болалари, етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган ҳамда бошқа муассасалардан ўтказилган болалар, шунингдек, ака ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари бўлган болаларнинг анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилди.

 

– Ўзим олийгоҳда талабаларга сабоқ бераман. Шу сабаб фарзандимнинг анкетасини имтиёзли равишда рўйхатга киритишди. Энди бехавотир ишга боришим мумкин, – дейди Робия Исматуллаева.

 

Айтиш жоизки, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган устувор ғоя давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш, мобиль давлат хизматлари кўрсатишнинг мақбул, қулай ва шаффоф услубларидан фойдаланиш аҳоли учун шубҳасиз, қулайлик яратади. Энг муҳими, бу ҳар бир инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш имконини беради. Автоматлаштирилган тизим ва узайтирилган иш графиги эса бюрократия ва коррупциянинг олдини олади.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: