Меҳр мўъжизаси

Онамнинг айтишича, отам Абдусаттор Умаровни 1948–49 йиллари Собиқ Иттифоқ даврида райком раҳбарияти узоққа канал қазувчиларга бош қилиб жўнатган. Мен ўша пайтда амакимнинг уйида туғилган эканман.

Фарзанди қиз туғилгани учун отамга ҳеч ким хабар бермаган экан. Кунлар ўтгач, онамнинг аҳволи ёмонлашади. Уларнинг ҳолидан янгамлар хабар олиб туради. Кунларнинг бирида онамнинг Барот исмли тоғаси меҳмонга келади. Жиянининг аҳволини кўриб, отамнинг қариндошларидан қаттиқ хафа бўлади. У киши бир от-арава топиб, волидамни мен билан Ғаллаоролга олиб кетади. Бобом Алибек дарҳол шифокор чақиради. Мутахассис онамнинг аҳволи оғирлигини айтиб, Самарқандга йўлланма беради. Шифокорлар томонидан беморга “лептоменингит” ташхиси қўйилган экан. Волидамнинг аҳволидан қаттиқ ташвишга тушган Алибек бобом Зилола бувимга: “Энди нима бўлса ҳам чақалоқни олиб кетамиз, уни ўзинг боқасан”, дейди.

Бир куни йўлда бораётиб, роса йиғлабман. Бувим мени юпатолмай оввора эмиш. Шунда бобом бувимга: “Қизимиздан умид йўқ. Ундан қоладиган зурриёдни асрамасанг, мендан хафа бўлма” – дейди жаҳл билан. Кейин улар менга сут излаб кетибди. Бувим нима қиларини билмай, ахири мени эмизишга тутинади. Сўнгра йиғлаб, Яратганга илтижо қилади. Мўъжизани қарангки, шундан кейин уларнинг кўкрагига сут келган экан. Шу-шу бувижонимнинг мўъжизавий меҳр сутини 4 ёшга киргунимча эмганман.

Онам шифохонада узоқ даволанганидан сўнг соғайиб чиққан. Лекин, отам билан ўртасидаги муносабат тикланмайди. Талабалик давримда танишларим мени отам билан таништирамиз, дейишса, “онамни хасталигида ташлаб кетган”, дейишса бунга қарши бўлардим. Улар эса мени узоқдан кўриб юрар экан.

Йиллар ўтиб, ҳаётга бўлган муносабатим, қарашларим ўзгарди. 32 ёшимда отам меникига илк бор меҳмон бўлиб келди. Мен уларни яхши кутиб олдим. Падаримни байрамларда табриклашга борардик. У киши Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси эди. Ҳозир сингилларим ва укаларим билан ҳам борди-келди қиламиз.

Аллоҳга шукурлар бўлсинки, ота-онам ҳаётлигида жигарларим билан ўзаро меҳр ришталари боғланган эди. Энди ўзимни ёлғиз ҳис этмайман. Тақдирнинг синовлари сабаб, ота-онам айро яшади. Мен эса бағрибутун ва бахтибекам тенгдошларимга ич-ичимдан ҳавас қилиб улғайдим. Бу болаликдаги изтиробларим ва энг катта армоним эди.

Аллоҳ мени оилавий бахт билан сийлади. Турмуш ўртоғим (раҳматли) Абдуғани ака зиёли инсон эди. Ўғил-қизларимнинг бахт-у камолини кўриш насиб қилди. Ҳозирда бир этак невараларнинг суюкли бувижонисиман. Назаримда инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Яна ўқинг:  Ватанга хизмат – олий саодат

 

Саломат ҒОЙИБНАЗАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: