Машаққатли йўлнинг заҳмати эришилган натижаларда унутилади

Халқимизда “бировнинг боласи тез улғаяди”, деган гап бор. Шунга монанд “Фалончи яқинда курсант эди, капитан бўлибди”, “Писмадончи кечагина катта лейтенант эди, бугун подполковник” каби сўзлар қулоққа чалинади. Бироқ, бу оралиқдаги машаққатли йўлнинг заҳмати фақат юргангагина маълум.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳудудида жойлашган майор Азиз Ҳасанов хизмат қилаётган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган кўргазмали батальон тактик ўқув машғулотида курсантлар билан биргаликда иштирок этар эканмиз, шарафли йўлнинг паст-баландини ҳис қилгандек бўлдик.

Иштирокчилар кўргазмали тактик машғулот аввалида назарий билимларини яна бир бор мустаҳкамлаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Курсантлар ҳарбий фаннинг илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этиб, таҳлилларни муқояса қилдилар. Амалий машғулотлар олинган назарий билимларни бир умрга муҳрлашини, ҳарбий хизматчининг тажрибаси ортишига замин яратишини яхши англаган юрт ҳимоячилари кўргазмали тактик машғулотга катта эътибор қаратиб, соҳалари бўйича малакаларини ошириб, жанговар тайёргарликдан кўпроқ маълумотлар олишга, юксак натижаларни қўлга киритишга интилдилар.

 

– Ўтказилаётган батальон кўргазмали тактик ўқув машғулотининг устувор мақсадларидан бири ҳарбий хизматчиларнинг ўқув йили давомида олган назарий билимларини амалда қўллаш ва кўникмаларини янада оширишдан иборат. Қолаверса, машғулотда қатнашаётган курсантларга бўлинмаларни жанговар ҳаракатлар давомида бошқариш маҳоратини намуна тариқасида кўрсатиб беришдир, – дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Мухтор Юсупов. – Малакали офицерларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга юқори талаблар қўйилаётган бир пайтда мардлар касбини танлаган ёшлар ҳам ўзларига билдирилган юксак ишончни ҳис этган ҳолда касб сир-асрорларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилаётгани қувонарли, албатта.

 

Машғулотлар мобайнида бўлғуси офицерлар батальоннинг техник таъминоти, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни жанговар шай ҳолатга келтириш, машқ вақтида носозлик келиб чиққан техникаларни таъмирлаб, бўлинмаларга қайтариш бўйича ҳам амалий тажриба ва кўникмаларини оширдилар.

Ҳа, дунё – рақобат майдони. Бир гап бўлар, дея ҳафсаласизлик қилган борки, ҳамиша ютқазиб келган. Юртимизда ёшлар тарбиясига, етук мутахассислар тайёрлашга эътибор кучайгандан-кучайиб бораётганининг, қуруқ ҳисоботлар эмас аниқ натижалар талаб қилинаётганининг боиси ҳам шунда. Бугунги курсант ҳам аудиторияларда кўргазмали қуроллар, слайдлар, замонавий ахборот-коммуникация техникалари билангина кифояланмайди.

Ғузор туманидаги дала-ўқув майдонига кириб келган курсантлар билан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Рустам Халилов, Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев суҳбатлашиб, шиддатли замонда кўпроқ интилиб, изланиб, мутолаа қилиб, тил ўрганиб, спорт билан мунтазам шуғулланиб ҳаракатда бўлиш лозимлигини таъкидладилар.

Яна ўқинг:  Хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашилди

Иштирокчилар дала шароитида фронторти таъминоти, муҳандислик тайёргарлиги, қўриқлаш ва ҳимоялаш тартиби, бошқарув ва кузатув пунктларини ҳамда артиллерия йўналтиришларини бошқариш жойларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамладилар. Шахсий таркибни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ёки ифлос сувни тозалаш бўйича ҳарбий хизматчилар томонидан яратилган “қўлбола” воситалар дала шароитида ўта қулай ва ишончли эканига гувоҳ бўлдилар.

 

– Олий ҳарбий таълим муассасасида олган назарий билимларимизни бойитиш, амалиётда қўллаш, зарур кўникмалар ҳосил қилиш борасида ушбу машғулотлар бесамар кетмайди, олинган сабоқлар келгуси фаолиятимизда, албатта, асқатиши аниқ. Кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар раҳбарлигидаги машғулотлар қизиқарли ва энг муҳими, фойдали маълумотларга бой бўлди, – дейди Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Шерзод Иброҳимов.

 

Етук мутахассис кадрлар тайёрлаш заҳматини 1-2 нафар бўлса ҳам шогирд тайёрлаганлар яхши тушунади. Ўқувчини мунтазам ишлашга кўниктиришдан тортиб, назария билан амалиётни уйғунлаштиришгача машаққатли йўлни босиб ўтиш лозим. 4-5 йил давомида мутахассисни назарий томондан пишиқ-пухта қуроллантирсангу амалиётга келганда ҳеч вақони уддалай олмаса, бундан ёмони йўқ.

Машғулотда, курсантлар нафақат кузатувчи бўлдилар, балки барча вазифаларни намунали бажариб, маҳорат ва тажрибаларини амалда намойиш қилдилар.

 

Қўлга киритилаётган барча ютуқлар замирида эса Ватанга муносиб ҳимоячи бўлиш, уни асраб-авайлашга ҳамиша шай туришдек олижаноб мақсадлар мужассам.

 

Зеро, бугунги кун ҳарбий хизматчиси ҳар томонлама кенг билим ва юксак профессионал маҳоратга эга бўлиши, фавқулодда ва кескин шароитларда ўзи мустақил равишда ностандарт қарорлар қабул қила олиши, ўзига бўйсунадиган бўлинмаларни жангда ҳам, кундалик фаолиятда ҳам моҳирлик билан бошқара олиши даркор. Ушбу кўргазмали батальон тактик ўқув машғулоти ҳам курсантларни ташаббускорликка чорлаши, ватанпарварлик ҳисси, дахлдорлик туйғусини ошириши билан аҳамиятли бўлди.

 

Азиз НОРҚУЛОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: