Сарҳадлар дахлсизлиги учун
Вақт тезкор. Қутлуғжон мактабни тамомлаб, Бахмал туман мудофаа ишлари бўлимига қарашли мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти қошидаги ўқув курсига қатнай бошлади. Машғулотлар давомида ўз қизиқиши ва изланувчанлиги, намунали хулқи билан тенгдошларига ибрат бўлди.
Чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизмати ниҳоясига етганида, юрак амрига бўйсиниб, фаолиятини шартнома асосида давом эттирди. Чегарачи посбон бир неча марта қўмондонлик томонидан фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирланди.
2008 йилнинг куз ойлари эди. Бир неча ғаразли кимсалар ноқонуний йўл билан юртимиз чегараларини бузиб киришга уринади. Довюрак посбон эса уларга қарши курашиб, жасорат кўрсатади… Қонунбузарлар қўлга олинади.
Мард ва жасур посбон Қутлуғжон Раҳмонов Биринчи Президентимиз фармонига кўра давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Яқинда жасур посбоннинг номини абадийлаштириш мақсадида ўзи туғилиб, вояга етган маҳалласи “Қутлуғобод” деб номланди.
Тоғ бағридаги мўъжазгина шинам уйдан Қутлуғжоннинг синфдош ўртоғлари ва қадрдонлари қадами узилмайди. Улар Шоира аяни ёлғизлатмай, ҳам маънавий, ҳам моддий томондан кўмаклашиб, юмушларига ёрдам бериб туришади. Ўқувчилар учун ҳам бу хонадон мардлик ва жасорат тимсоли, ватанпарварлик мактабига айланган.
Бахмал туманидаги 3-умумтаълим мактабида Қутлуғжон Раҳмонов хотирасига бағишлаб алоҳида хона ажратилган. Унда қисм чегара қўшинлари ҳаётини акс эттирувчи стенд, буклет ва кўплаб фотосуратлар тартиб билан қўйиб чиқилган. Жасур посбоннинг мактублари ҳам шу ерда сақланмоқда.
Қ. Раҳмонов эл-юрт хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳар бир ўғлоннинг бурчи эканини жуда эрта англаб етган эди. У дарсдан бўш вақтларида ҳарбийлар, айниқса, чегара посбонлари ҳақида бадиий адабиётларни мутолаа қилиб суратлар чизишни яхши кўрар эди. У қисқа умр кўрган бўлсада чин инсон бўлиб яшади.
Абдулла САИДОВ,
Жиззах вилояти