Дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномасини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладик. Юртбошимизнинг маърузаси ҳар галгидек, чин юракдан чиқди.
Ўз халқини севадиган, унинг бугуни ва эртаси ҳақида қайғурадиган, ҳақиқий ватанпарвар, чинакам адолатпарвар давлат раҳбарининг маърузаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилиши лозим бўлган жуда муҳим вазифаларни ўртага қўяркан, бу муаммоларни бартараф этишнинг ёлғиз йўли адолат билан, юксак ватанпарварлик туйғулари билан яшаш, эрта-ю кеч она Ватан, фидойи халқимизнинг манфаатларини ўйлаб, ишларни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Мурожаатномада Президентимиз барча соҳаларнинг бугунги ҳолати бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди. Хусусан, жиноятчиликнинг олдини олиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан адолатли қарор чиқариш, ёш авлод онгини ҳар хил зарарли ахборотлардан асраш лозимлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Бир сўз билан айтганда, босқичма-босқич ривожланиш йўлини такомиллаштириб, замонавий тараққиёт сари дадил одимладик. Шиддатли замонга муносиб бўлиш, халқаро ҳамжамиятда Ватанимиз нуфузини янада ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу борада халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни атрофлича ўрганиш, тизимли ҳал қилиш йўлидан борилди. Аҳоли эҳтиёжлари, элимизнинг орзу-мақсадлари ҳар бир лойиҳада Президентимизнинг диққат марказида бўлди.
Ҳеч кимга сир эмас, ўзбек халқи болам деб яшайди. Барча орзу-интилишлари, келажак умидлари замирида ўз фарзандининг камолоти, бахту иқболини кўришдек умумнияти жамулжам бўлади. Шундай экан ҳар бир ота-она жигаргўшаси шу Ватанга, шу халққа беминнат хизматкор бўлишини истайди. Аммо ҳамманинг ҳам бунга қурби етавермайди. Президентимиз эса буларни инобатга олиб, ҳар бир боланинг қизиқишига мос шарт-шароитлар яратиб беришга бел боғлади. Хусусан, спортни янада ривожлантириш, фарзандларимизнинг адабиёт ва санъатга меҳрини ошириш борасида талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Муҳташам спорт иншоотлари, улуғ ёзувчи ва шоирларимиз номидаги ижодкор ёшлар мактаблари ташкил этилаётгани фикримиз тасдиғидир. Бугун гувоҳ, келажак шоҳид. Ҳали бу ёшлар улуғ алломаларимиз изидан бориб, Ал Беруний, Хоразмий, Ҳазрат Навоийдек дунё илму фани, адабиёти ва санъатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди.
Бундай тарихий мурожаатнома мамлакатимиз ҳаётида биринчи марта рўй бермоқда. Бу эса халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Юртбошимизнинг ҳар бир гапи, теран фикрлари ва ўртага ташлаган муаммолари замирида фақат ва фақат бир мақсад – Ватанимиз қудратини ошириш, халқимизнинг фаровон яшашини таъминлаш ётгани барчага аён. Бунинг учун эса барча раҳбарлар қатори халқимиз, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси масъул. “Соғлом авлод учун” фонди ҳам мазкур мурожаатномадан келиб чиқиб, бундан кейинги ишлар самарадорлигини янада ошириш ниятида. Жумладан, фонд она ва бола саломатлигини таъминлаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига кўмак бериш, улар соғлиғини асраш, иқтидорини рўёбга чиқариш йўлидан оғишмайди. Келаётган 2018 йилда ҳам турли танловлар, тиббий кўриклар ташкил этиш, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, олис ва экологик ноқулай бўлган ҳудудларга ижтимоий ва тиббий кўмак қўлини чўзиш ишларини юқори савияда ташкил этамиз. Бир сўз билан айтганда “Ўзбекистоннинг ҳар бир боласи менинг болам”, деган умуминсоний шиорга амал қилиб, улар салоҳиятини юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.
Мақсадимиз соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш. Бу йўлда “сув келса симириб, тош келса кемириб” ўтишга тайёрмиз. Зеро, дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бурч эса албатта бажарилиши шарт.
25 декабрь куни эса Президентимизнинг “2018–2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилингани яна бир муҳим қадам бўлди.
Бу, аввало, халқимизни хурсанд қилди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгилаб берилган вазифалар ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашда бош омил бўлади. Унинг амалга оширилишида эса “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам масъул қилиб бириктирилгани бизни янада масъулият билан ишлашга ундайди. Хусусан, олиб борилаётган ишлар юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали скрининг марказларининг моддий-техника базасини яхшилашга хизмат қилади. Бундай юксак шарт-шароитлар ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий равишда текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларни генетик синдромларга биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликлар профилактикаси ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштиришга имкон яратади.
Қолаверса, лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, шу жумладан, ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромларга ташхис қўйишда цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этишга кўмак беради.
Шунингдек, болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва шифобахш озуқалар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш ҳам олдимизда турган масъулиятли вазифалардан биридир.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз улкан салоҳиятга эга. Имкониятларни тўлиқ намоён этиш учун сидқидилдан меҳнат қилиш талаб этилади. Хусусан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз”.
Светлана ИНАМОВА,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия
фонди Бошқаруви раиси