Кунида синган кўза

Халқимизда «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик» деган мақол бежизга айтилмаган. Зеро, инсон ҳалол меҳнати, пешона тери билан ишлаб топган бир тишлам нони ҳам дунёдаги энг лаззатли таомларданда ширинроқ туюлади. Азал-азалдан ота-боболаримиз бизларни ҳалол меҳнат қилишга, бировнинг ҳақидан қўрқишга ўргатишган. Биз ана шундай эътиқодли халқнинг фарзандларимиз.

Ана шу тарбиянинг узвий давоми сифатида мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тадбиркорларнинг қонун ҳимоясига олингани уларга эркин фаолият юритиш имконини берди.

Аммо, минг афсуски «гуруч курмаксиз» бўлмаганидек, қонун ҳимоясини нотўғри тушуниб уни бузиб, бировнинг ҳақидан қўрқмасдан фаолият юритадиган «ишбилармон» тадбиркорлар ҳам учраб туради.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида истиқомат қилувчи И.Cатторов (изоҳ: исм-фамилиялар ўзгартирилган ҳолда берилмоқда) ана шундай «олғир»лик қилиб бойлик орттириш йўлига ўтиб олди. 2000 йилдан бери хўжалик моллари сотишга ихтисослаштирилган дўкон очиб ўз фаолиятини бошлаган И.Cатторов аввалига яхшигина ишлаб турган эди. Аммо нафси ҳакалак ота бошлагач, топаётган даромадига қаноат қилмай қўйди ва энди қинғир йўлга ўта бошлади. Аввалига савдодан тушган пулнинг озроқ қисмини банкка топширмасдан чўнтагига ура бошлади. Бориб-бориб умуман давлатга пул топширгиси келмай қолган И.Cатторов давлатдан иложи борича кўпроқ пул яширишга ҳаракат қила бошлади.

Аммо, «Кўза кунда эмас, кунида синади» деганларидек И.Cатторовнинг қилмишлари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан фош қилинди. Умумий ҳисобда кўзбўямачи «тадбиркор» чакана савдодан тушган жами 77,607,823 сўм нақд пулни 2010 йил 18 ноябрдан 2013 йил 3 март кунига қадар хизмат кўрсатувчи банк муассасига кирим қилмай, савдодан келиб тушган кунлик нақд пул тушумини тегишли тартибда назорат касса машинасидан ўтказмай, солиқ идораларидан яшириб давлат қонунларини қўпол равишда бузган.

Судда судланувчи тариқасида сўроқ қилинган И.Cатторов айбига тўлиқ иқрорлигини билдириб, кўрсатма берди.

Шунингдек, судланувчи И.Cатторовнинг айби тушунтириш хатлари, воқеа жойини кўздан кечириш, гувоҳларни сўроқ қилиш ва юзлаштириш баённомалари, далилий ашё, Тошкент шаҳар ДСБ ходимлари томонидан ўтказилган қисқа муддатли текширув далолатномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар ва ҳужжатли текширув далолатномаси билан ҳамда жиноят ишидаги тўпланган бошқа далиллар билан исботланди.

Яна ўқинг:  Тарбиядаги хато – келажак заволи

Суд И.Cатторовнинг жиноий ҳаракатларини кўриб чиқиб унга ЖКнинг 189-модда 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 57-моддасига асосан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси ва ЖКнинг 45-моддасига мувофиқ қўшимча жазо тариқасида бир йил муддатга раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан муҳрум қилиш жазоси тайинланди.

“Тома-тома кўл бўлур” дейди доно халқимиз. Ҳалол меҳнати билан томиб турган насибасига рози бўлмаган И.Cатторов қинғир йўл билан бойлик орттириш йўлига ўтди ва натижада қилмиши фош бўлиб, эл-юрт олдида юзи шувут бўлди. Агар сабр ва қаноат билан меҳнат қилганда ўзи орзу қилган барча нарсага эришарди. Ахир бежизга «Ҳалолликда ҳикмат кўп» дейишмайди.

Азиз АБДУЛЛАЕВ,

Юнусобод туман прокурорининг катта ёрдамчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: