Айбсиз айбдорлар

Оилада эгизак фарзанд дунёга келди. Ота ва она уларни парваришлаб, вояга етказишди. Ҳамма болалар қатори улар ҳам мактабни, ўзлари ёқтирган мутахассислик бўйича коллежни якунлашди. Йигитлар танлаган соҳалари бўйича иш фаолиятларини бошладилар.

Лекин улар топганларига қаноат қилмай, янада кўпроқ пул топиш илинжида Россияга ишлаш учун кетишади. Яшаш жойи нотайинлиги, ҳатто, у ерда оддий шароитнинг йўқлиги ака-укаларни танг аҳволга солади. Мусофирчиликда юзага келадиган қўрқувлар, кимларгадир қарам бўлиб қолиш ҳисси инсоннинг хавотирини янада кучайишига сабаб бўлади. Она юртидан ва яқинларидан узоқда бўлиш, муҳтожлик, афсусланиш ҳислари уларни тарк этмасди. Натижада эгизаклар грипп билан қаттиқ оғриб қолишди. Ўзга иқлимга мослашиш анча қийин кечди. Кейин уларнинг тишлари ҳам оғриб, кариес тез-тез безовта қила бошлади.

Ноқонуний йўл билан бошқа давлатларга кетган шахслар малакали ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятидан маҳрумлиги уларнинг ҳолатини янада мураккаблашишига олиб келди. Кунларнинг бирида емирилиб, фақат илдизи қолган тишнинг оғриғига чидай олмай қолган қондошлардан бири хусусий стоматология клиникасига мурожаат қилади. У ерда стоматолог тишнинг илдизини милкни кесиш йўли билан олиб ташлайди. Олинган тишнинг ўрни жуда секин ва бир ой давомида битади.

Ака-укалар Россияда 2 йил давомида ишлашади. Ўзбекистонга қайтгандан сўнг уларнинг ота-онаси йигитларни уйлантириш учун ўзлари ёқтирган қизларга фотиҳа қилишади. Никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтаётганларида эгизакларнинг бирида ОИВ аниқланади. Биринчи бор ўзида бундай вирус борлигини эшитган йигитнинг кўз олди қоронғулашиб, дунё кўзига тор бўлиб кўринади. “Энди нима бўлади? Нима сабабдан бундай бўлди? Бундан кейин қандай яшайман?”деган оғриқли саволлар унинг миясига қуюлиб келади. Шу аҳволда у Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш марказига келади. Шифокор йигитга бу инфекциянинг турли юқиш йўллари, касалликнинг белгилари, яширин даври ҳақида тўлиқ маълумот беради. Шунда йигит Россия давлатида бўлган пайтида тиши оғриб, хусусий стоматология шифохонасига мурожаат қилганлиги, тилни билмаслиги, ўз соғлиғига бефарқлиги сабабли худди шу ерда дардни юқтириб олганлигини хаёлидан ўтказади.

Тўй куни белгиланган эди. Йигит ўзида ўта хавфли юқумли вирус борлигини бўлажак турмуш ўртоғига билдиради. Қиз нима бўлган тақдирда ҳам унга турмушга чиқишга рози эканлигини айтади. Аммо йигит бу таклифга рози бўлмайди. “Қандай қилиб мен ўзимнинг беморлигимни била туриб соғлом қизга уйланишим мумкин? Ҳеч қачон бундай бўлмайди”, деб фикрлайди у.

Яна ўқинг:  Уйғоқ касбнинг залворли қиёфаси

Шундан кейин йигит билан онаси Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассисларидан ёрдам сўрашади. Сўнгра мутахассис шифокор ОИВни юқтирган ва рўйхатда турадиган қизни йигит билан таништириди. Тақдир тақозоси билан уларнинг дарди бир хил бўлганлиги сабаблими йигит қизни ёқтириб қолади. Орадан бир оз ўтгач тўй ҳам бўлиб ўтади.

Бундан 26 йил олдин эгизаклар туғилганда хонадонда қандай шодиёна ҳукмрон бўлса, бу шоду хуррамлик яна такрорланаётгандек эди гўё. Икки ўғил билан бирга ушбу қутлуғ остонага фаришта мисол келинлар қадам босиб келади.

Орадан вақт ўтиб бемор келинчак ўзида алланечук ўзгаришларни сеза бошлайди. Ўзини беҳол сезиб, бош айланиши ва кўнгил айнишидан турмуш ўртоғига шикоят қилади. Бу хушхабарни эшитган қайнонанинг боши осмонга етади. Келин ҳомиладор бўлган эди. Ушбу янгиликни етказиш учун куёв билан келин вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига ошиқадилар.

Бахтиёр бу икки ёшни марказнинг шифокорлари очиқ юз билан кутиб олишади. Улар келинни ҳомиладорлик бўйича назоратга олиб, бола соғлом туғилиши учун керакли чора-тадбирларни тушунтиришади. Буюрилган дори-дармонлар ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасидан бошлаб то она туққунга қадар ҳар куни бир маҳалдан ичиб борилиши зарурлиги ҳақида бўлажак онага маълумот берилди. Туғиш Кесарча кесиш, яъни жарроҳлик йўли билан амалга оширилиши ва туғруқдан сўнг бола она сутидан ажратилиб, сунъий йўл билан боқилиши кераклиги, шунда бола соғлом вояга етиши ҳақида онага керакли тавсиялар берилади. Бу эса ўз навбатида ОИВни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлардан бири ҳисобланар эди.

Муяссар ҲИКМАТОВА,

Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиолог-шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: