“BOLAJON”

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси жамоаси халқимиз учун юқори бадиий савияга эга бўлган телерадиомаҳсулотлар етказиб бериш борасидаги фаолиятини замон талаблари асосида ҳамиша такомиллаштириб бормоқда.

Жумладан, 2013 йил 1 июндан «Ёшлар» телерадиоканали қошида «Болажон» телеканали иш бошлаши нафақат болалар учун балки барча ота-оналар учун кутилмаган совға бўлди десак муболаға бўлмайди. Эндиликда эртамиз эгалари ўзларининг севимли каналларига эга бўлиб, у орқали бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказишишларига имкон яратилди.

– Телевизорда каналларни бош­қасига ўтказа туриб «Болажон» каналининг махсус ёзувига кўзим тушди. Миллий руҳда яратилган, умуминсоний қадрият ва фазилатларни тараннум этувчи болажонлар учун яратилган миллий каналнинг очилиши нафақат болалар учун балки, биз ота-оналар учун ҳам қувонарли ҳолдир. Сабаби, фарзандларимизнинг миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг бўлган кўрсатувларни, мультфилмларни, қизиқарли дастурларни кўриб бориши уларнинг келажаги учун фойдалидир. Эндиликда фарзандларим бўш бўлди дегунча ушбу канални, бир-биридан ранг-баранг кўрсатувларни, фильмларни кўришмоқда. Буни кўриб биз ота-оналар жуда мамнунмиз. Айниқса, бу Президентимиз Ислом Каримовнинг қарори асосида ташкил этилгани қувонарли ҳол. Шундан ҳам англаш мумкинки, келажак авлодга қаратилаётган эътибор бениҳоя катта, – дейди она тили ва адабиёти ўқитувчиси Саодат Муқимова.

3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган «Болажон» янги рақамли телеканалнинг асосий вазифалари болаларда атроф-оламни идрок этиш, уларда миллий қаҳрамонлар, ўзбек халқи ва бошқа халқларнинг халқ оғзаки ижоди персонажлари мисолида эзгулик ва адолат тушунчаларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган билим берувчи телевизион дастурларни намойиш этишдан иборатдир. Бундан ташқари болаларнинг қизиқишлари, ақлий ва ижодий фаоллигини ривожлантириш мақсадида кўнгилочар-ўқув телевизион кўрсатувлар, мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун мўлжалланган интеллектуал ўйинлар ва викториналар ҳавола этиш орқали уларда ақлий ҳамда жисмоний меҳнатнинг бошланғич кўникмалари ва маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, жажжи телетомошабинларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда замонавий интерактив шакл ва усуллардан, рақамли ва мультимедияли технологиялар имкониятларидан фойдаланиб, атроф-оламни билиш, янгиликларни кашф этишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган махсус ўқув телекўрсатувларни тайёрлаш, болалар учун бадиий, мультипликацион ва маърифий фильмларни хорижий тиллар ҳамда ўзбек тилида намойиш этиш ҳам бу телеканал орқали амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Yoz oromgohda soz o'tadi

– Бола 3 ва 10 ёш оралиғида борлиқни англашнинг ўзига хос палласида бўлади. Унинг қизиқишлари кун сайин ортади. Айнан шу даврда улар тарбиянинг асосий кўникмаларини олади. Шунинг учун ҳам «Болажон» телеканали асосан 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Болаларимизни тўғри тарбиялаш йўлида телеканал ходимлари, жумладан ижодий гуруҳимиз ҳам астойдил хизмат қилишмоқда. Улар учун руҳий оламига мос ва қизиқишларидан келиб чиқиб кўрсатувлар тайёрланмоқда, – дейди «Ёшлар» канали маънавият бош муҳарририяти катта муҳаррири Мукаррам Ғуломова.

Дарҳақиқат, «Болажон» телеканали орқали берилаётган кўрсатувлар кичкинтойларда табиатни ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш, она табиатга меҳр-муҳаббат ва эҳтиёткорона муносабатни шакл­лантириш, уй ҳайвонлари, паррандалар, турли жонзотлар, шунингдек, хона ўсимликларини тўғри парваришлашга ўргатишга йўналтирилганлиги болалар диққат-эътиборини жалб этибгина қолмай, балки шу мавзуга бўлган қизиқишларининг янада ортишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга болаларни ёшлигидан спортга ошно қилиш, бундан ташқари уларга ўз саломатликларини асрашни ҳамда санитария-гигиена қоидаларини ўргатадиган кўрсатувлар ҳам тайёрланиб болажонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг туб замирида келажак авлод тарбияси, уларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари йўлида олиб борилаётган эзгу амал мавжуд десак муболаға бўлмайди.

Ушбу канални томоша қилаётган бола ранг-баранг кўрсатувларни ҳамда ўзи севган қаҳрамонларни кўриш билан бирга, беихтиёр ўзини ўша оламга, яъни бола тасаввуридаги эртаклар оламига тушиб қолгандай ҳис этади. Ҳеч қайси кўрсатув бир-бирини такрорламаслиги билан болалар меъдасига тезда тегмайди, аксинча мусиқа ва дастур, тасвир ва ранг, декорация ва мавзу уйғунлиги болалар руҳиятига ижобий таъсир қилишга кўмаклашади.

Болаларча оламни, улар тасаввур дунёсини ўзида акс эттирган ушбу телеканалга келажакдаги ишларида муваффақият тилаб қоламиз.

Майна ҲАСАНОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: