Спортни янада оммалаштириш устувор вазифага айланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, тегишли вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз спорти ривожида янги даврни бошлаб берди. Бундан ташқари, жорий йилда соҳага оид яна 20 дан ортиқ ҳужжат – Президентимизнинг фармойиш ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинди. Бу ҳам давлатимизнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга қаратаётган эътиборидан далолат беради. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий ва халқаро спорт мусобақаларида спортчиларимиз томонидан 483 та олтин, 394 та кумуш, 536 та бронза, жами 1 минг 413 та медаль қўлга киритилди.

Йиғилишда спорт соҳаси учун малакали кадрлар ва мураббийлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада асосий билим маскани бўлган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Чирчиқ шаҳрига кўчирилди. Натижада институт малакали спортчи ва мураббийларни ўқитиш ҳамда тайёрлаш учун зарур инфратузилмага эга бўлди, замонавий спорт шаҳарчаси барпо этиш имконияти яратилди. Шунингдек, институтда 2017–2018 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълим олиш йўлга қўйилди. Ушбу институт ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Марказда ҳозирги кунга қадар 800 дан ортиқ ходим малака оширди. Йиғилишда институт фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий қилиш, илмий изланишлар учун махсус лабораториялар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Жисмоний тарбия институтини замонавий спорт таълим муассасасига айлантириш, ўқув дастурларини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш бўйича 2018–2020 йилларга мўлжалланган дастур тузиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда 2017–2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш назарда тутилган.

Яна ўқинг:  Ортопедик пойабзал болаларда яссиоёқликни даволашда кўмакчи

Дастур доирасида жорий йилда 153 та болалар майдончаси таъмирланган, 232 та замонавий майдонча, Нукус шаҳрида спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган.

Йиғилишда бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 39 та спорт иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадвалдан ортда қолгани, сузиш ҳавзаларини замонавий анжомлар билан жиҳозлаш кечиктирилгани танқид қилинди. Бу камчиликларни бартараф этиш, йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ёшларни уларга янада кенг жалб этиш зарурлиги қайд этилди.

Спорт мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактаблари ҳамда спорт федерацияларининг иқтидорли ёшларни кашф этиш борасидаги ҳамкорлиги, селекция ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани танқид қилинди. Бу борада аниқ шаффоф механизм яратиш ва барча ҳудудларни қамраб олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мамлакатимиз спортчиларини нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, бўлғуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда спорт ташкилотлари ҳамкорлигида иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди. Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди. Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятининг қуйи бўғинлари ишини кучайтириш, аҳоли барча қатламларини спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш ва бошқа долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Тегишли қўмита ва мутасаддилар олдидаги вазифалар белгилаб берилди.

Яна ўқинг:  Россиялик шифокор Жиззахда

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: