Болаларда кечувчи тутқаноқ хуружи ва эпилепсия: унинг сабаб ва оқибатлари хусусида (давоми)

Давоми, боши: Болаларда кечувчи тутқаноқ хуружи ва эпилепсия: унинг сабаб ва оқибатлари хусусида

  1. Эпизодик тутқаноқ хуружлари бемор боланинг буйрак касалликлари (азотемия, уремия, қанд касаллиги (диабетик кома) сабабли организмда моддалар алмашувининг бузилиши ва эндоген (ички) заҳарланишдан келиб чиқади.
  2. Эндокрин безлар фаолиятининг патологияси (нуқсони), моддалар алмашувининг бузилиши (адипозогенитал семириш, Базедов касаллиги, Базедовизм – қизларда учрайди) натижасида келиб чиқадиган тутқаноқ хуружлари беморнинг балоғатга етиши ва эндокрин безлар фаолиятининг нормал ҳолга келиши билан йўқолиб кетиши мумкин.
  3. Рахит ва спазмофилия 4-6 ойликдан то 2-3 ёшгача бўлган болалар касаллиги бўлиб, у қон таркибида фосфор ва кальцийнинг то 6-7 мг фоизгача кама­йиб кетишига (норма 10-12 мг фоиз) ва Д-гиповитаминозга олиб келади. Бундай болаларда ҳаво ҳароратининг пасайиши (совуқ фаслда) тутқаноқ хуружини бош­ланишига сабаб бўлади. Бунинг асосида минерал моддалар алмашинувининг бузилиши ва алкалоз, ларингоспазм (ларингит сабабли кекирдакнинг яллиғланиб, торайиб қолиши), тетания, эклампсия чақириши натижасида қўл мушакларида тоник ҳолда кузатилувчи тутқаноқ хуружи рўй беради. Беморнинг қўл кафтлари “акушер қўли” клиник белгиси тусини олади. Юз мушак­лари тетаник ҳолда тортишиб, сох­та кулиш, юзнинг, буруннинг, кўзнинг қийшайишига олиб келади. Асаб толасининг гальваник токка нисбатан қўзғалувчанлиги ошиб кетади (нормада 5 ма). Беморда 5 мадан кам ток асаб толасида қисқариш чақиради.
  4. Истерик (жазава) тутқаноқ хуружлари тоник ҳолда бўлиб, асосан тана мушакларида ва суст­роқ даражада оёқ ва қўл мушак­ларида кузатилади. Унинг келиб чиқишига бирорта аффектив ҳолат сабаб бўлади. Хуруж тугагач бемор ирсий эпилепсия касаллиги мавжуд хаста каби уйқуга кетмайди. Парестезия, тилни тишлаб олиш, оғиздан кўпик ажралиши, чаноқ аъзоларининг фаолиятини бузилиши кузатилмайди. Тутқаноқ хуружи вақтида беморнинг ташқи кўриниши таранг ҳолатни эслатади. Эпилепсияда беморда аура, тоник, клоник босқич ва уйқу кузатилади.

Болаларда кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг патофизиологияси остида асаб тизимининг ҳамма соҳаларида қўзғалувчанликнинг ошиб кетиши ва шу ҳолатни бош мия пўстлоғининг айрим соҳаларида концентрацияланиши (мотор соҳасида), бошқа соҳаларида тормозланиш ва қўзғалувчанликнинг пўстлоқ ости тугунларига тарқалиши ётади. Узоқ давр давомида тутқаноқ хуружининг механизмини бош мия қон-томирларида рўй берувчи спазм (торайиш) ва мия тўқимасининг ишемия­си (қонсизланиши) билан тушунтирилар эди. Лекин аксарият илмий текширувлар натижасида тутқаноқ хуружи асосида мия пўстлоғининг ҳужайраларида электрик потенциалнинг тебраниши ётади. Тутқаноқ хуружи эса бош мия қон томирларининг спазми билан кузатилади деган хулоса бор. Сўнгги йиллардаги илмий маълумотларга кўра тутқаноқ хуружининг рўй бериши асосида бош мия пўстлоғининг айрим қисмлари ҳужайраларининг қўзғалувчанлигини ўзгариши ва ҳужайра мембранаси ўтказувчанлигининг ўзгариши ётади.

Яна ўқинг:  Биринчи таассурот аксарият ҳолларда нотўғри бўлади

Натижада мия тўқимасида гипоксия (кислород етишмовчилиги), заҳарланиш, майда ва йирик қон томир ҳавзаларига қон қуйи­лишининг, натижасида бош мия тўқимасининг бўкиши ва унинг нобуд бўлиши ҳамда ҳужайрасиз бўшлиқлар пайдо бўлишига олиб келади.

Болаларда кузатиладиган тутқаноқ хуружининг клиникаси асосан касалликнинг келтириб чиқарган омил билан боғлиқ. Шунга қараб тутқаноқ хуружи айрим (локал) гуруҳ мушакларида ёки тананинг ҳамма мушакларида (диффуз ҳолда) кузатилиши мумкин.

Касалликнинг илк белгиларидан бири бемор ҳушининг ўзгариши бўлиб, у карахтлик, прекоматоз (кома олди ҳолати) ёки коматоз ҳолида кечиши мумкин.

Тутқаноқ хуружи юрак, нафас олиш аъзоларининг фаолиятининг бузилиши билан бошланиши эса беморда юрак-қон томир ва ўпка касалликлари борлигидан далолат беради. Қон, пешоб, орқа мия суюқлигининг лаборатория текшируви натижалари беморда инфекцион, буйрак, марказий асаб тизимининг ва бошқа тизимлар касалликлари борлигини тасдиқлайди.

Марказий асаб тизимининг заҳарланишига хос бўлган локал, диффуз белгилар, кўз тубида, бош мия қутисининг рентгенограммасида аниқланган ўзгаришлар тутқаноқ хуружининг тавсифини, унинг маҳаллий ёки – диффузлиги, ҳамда касалликнинг сабабини тўғри аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Децеребрацион тарангланишни эслатувчи тоник ҳолда кечувчи тутқаноқ хуружи спазмофилияга, тоник ва клоник кечувчи локал тутқаноқ хуружлари бош мияни айрим бўлагининг зарарланишига хос бўлади.

Болаларда кузатиладиган тутқаноқ пропульсив, ретропульсив ва импульсив номли гуруҳларга бўлинади.Маҳаллий хуружларга қуйидагилар киради: Жексон хуружи – бош миядаги олдинги ва орқа марказий эгат соҳаси қўзғалганда рўй беради. Бунда маҳаллий клоник тортишув ёки маҳаллий парес­тезия кузатилади. Адверсив хуруж – прематор соҳа қўзғатилганда кузатилади ва бош ҳамда кўз мажбурий бир томонга бурилиши билан кечади.

Келиб чиқиш сабабига кўра – соматоген (ички хасталиклар сабабли) ва церебрал (бош мия шикастланиши сабабли) хуружлар тафовут этилади. Агар хуруж соматик касалликлар натижасида рўй берса беморда асосий касаллик белгиларидан ташқари нев­рологик ҳолатда органик белгилар бўлмай фақат бош миянинг умумий зарарланиш белгилари кузатилади.

Агар тутқаноқ хуружи асаб касалликлари натижасида рўй берса, унда касалликларга хос бўлган неврологик белгилар (маҳаллий ва умумий) кузатилади. Масалан: менингитда менингиал белгилар, энцефалитда ҳаракат, сезги ўзгаришлари, бош мия ўсмасида ўсма ўсаётган соҳанинг зарарланиш белгилар ва ҳакозо.

Яна ўқинг:  Мени ўзгартира оласизми?

Латофат ЗИЯХОДЖАЕВА,

ТошПТИ Неврология, болалар неврологияси ва тиббий генетика кафедраси доценти,

Фарангиз ДОНИЁРОВА,

Дилфуза НОСИРОВА,

ассистентлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: