Ёшлар уйи: Энди “навбатимни бировга беришди” дейишга ҳожат йўқ

Жорий йилнинг 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувида юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида, жумладан, энг чекка қишлоқларда ҳам “Ёшлар” уйлари қурилишини айтганди. 2018 йилдан бошлаб тўрт йиллик режа асосида ёшлар ва ёш оилаларга бериладиган уйлар қурилиши, хусусан, уларнинг нархи борасида кўпчиликни қизиқтираётган баъзи саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи юридик бўлим мудири Баҳром Илҳомжоновни суҳбатга чорладик:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси фаол ва иқтидорли ёшларга уй ажратиш тартиб-низоми қайтадан кўриб чиқилганини маълум қилди. Ушбу низомга киритилган ўзгаришлар хусусида тўхталиб ўтсангиз?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандида Ёшлар уйини олиш бўйича ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатга деярли ўзгартириш киритилмади. Фақатгина ушбу банднинг “б” қисмида ёш оиланинг никоҳ гувоҳномаси билан боғлиқ ҳолат ўзгарган, холос. Лекин 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасида ёш оила тушунчасига қайта таъриф берилди. Мазкур ҳужжатга кўра ёш оила – эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак ёки бева аёл ҳисобланади.

Ёш оилаларга “ёшлар” уйини бериш “уч босқич”дан иборат: биринчи босқич ёшлар уйини қуриш, иккинчиси – номзодларни саралаш ва учинчи босқич – танланган ёш оилалар билан банк ва пудратчи ташкилот ўртасида шартнома тузиш, яъни ҳужжатларни расмийлаштириш босқичи.

Олдин фақатгина иккинчи босқич, яъни номзодларни саралаб, тавсиянома бериш жараёни белгиланган эди ва шу билан мазкур ҳуқуқий муносабат тугар эди. Янги қарорга эса 2018–2021 йилларда қурилиш дастури ва учинчи – тақсимот босқичи қўшилди. 2018–2021 йилларда ҳудудларда “ёшлар” уйлари қурилади. Кейин номзодлар сараланади ва охирида уч томонлама шартнома имзоланади.

Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг маълумотларига кўра ҳозирда аввалги “Камолот” уйларига икки минг нафарга яқин ёшлар навбатда турибди. Бугунгача бундай уйларга ҳужжат топширган ёш оилаларнинг аризалари ўз кучида қоладими?

Яна ўқинг:  ERTAKLAR – orzularga yetaklar

Республика бўйича муқаддам “Камолот” ЁИҲга мурожаат қилиб, уй олмай, навбатда турган ёш оилалар сони 1300 дан ошади. Буларнинг кўп қисми Тошкент, Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарларида яшовчи фуқаролардир. Уй бериш жараёни Тошкент шаҳрида 2017 йилнинг охирларида бошланиши мўлжалланган.

Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади ва ушбу ташкилотга Адлия вазирлиги томонидан гувоҳнома берилди. Ёшлар иттифоқининг уставига кўра, Иттифоқ муқаддам Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати номи билан 2012 йил 1 июнь куни қайта рўйхатдан ўтказилган ва унга 653п-сонли гувоҳнома берилган. Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, бугунгача уй олиш учун ҳужжат топширган ёш оилаларнинг аризалари ўз кучида қолади.

Ёш оила 20 йил давомида 7 фоизли кредит тўлайди. Улар учун бошланғич бадал жорий қилинди. Айтингчи, ушбу бадал пулини Ёшлар иттифоқи қандай ёшларга тўлайди? Ушбу имтиёз кимлар учун жорий этилган?

Янги қарорнинг 4-бандига кўра, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун ипотека кредитлари бўйича қуйидаги шаклдаги тўловлар назарда тутилган қўшимча имтиёзлар берилади:

– ипотека кредитларини олган ёш оилаларнинг кредитни тўлаш муддати давомида кейинчалик уни қайтариш шарти билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлаш;

– ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаш.

Бундан кўриниб турибдики, деярли ҳеч нима ўзгармаган, аввалги тартиб сақланиб қолган. Содда тилда тушунтирганда, мисол учун, ёш оила 100 миллион сўмга “ёшлар” уйидан олди. Шу маблағнинг бошланғич 25 фоизли бадалини, яъни 25 млн. сўмни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тўлаб беради. Ёш оила умумий ҳисобда 100 млн. учун кредит тўлайди ва шу орада Ёшлар иттифоқига ҳам 25 млн. ни қайтаради. Бошқа кредитлардагидек, ёш оила бошланғич бадал билан ҳисоблаганда 125 млн. сўм тўламайди.

Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасига кўра ҳозирда кредит фоизлари 14 фоиз бўлган. Лекин бу ёшлар уйини олган ёш оилаларнинг кредитларига тегишли эмас. 5 йиллик имтиёзли даврда 7 фоиз тўлагач, ушбу даврдан кейин ёш оила ҳисобидан банкка 14 фоизлик кредит тўлови амалга оширилади. Фақат ушбу фоизнинг 7 фоизи ёш оила, 7 фоизи эса Ёшлар иттифоқи томонидан тўланади. Ҳатто, бу сафар ёш оила учун анча енгиллик яратилди. Хуллас, “ёшлар” уйини олган ёш оила 20 йил давомида 7 фоизлик кредит тўловини тўлайди.

“ёшлар” уйини навбатсиз оладиганлар сафи кенгайди ва ушбу навбатнинг бузилиш ҳолатлари тўғрисида айрим ёш оилалар ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдиришди. Бу муаммо хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Шунингдек, ёшлар ўзи учун қурилаётган уйларнинг сифатини назорат қилиши мумкинми?

Яна ўқинг:  Qadim qadriyatlar ildizi

Ҳозир низом лойиҳаси тайёрланаяпти.

Унга кўра Тошкент шаҳрида 7 қаватли, ҳудудларда эса 4 ва 2 қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари хонадондаги хоналар алоҳида, ҳожатхона ва ювиниш хоналари ҳам алоҳида қилиб қурилиши мўлжалланган. Квартира майдони ҳам олдингиларига нисбатан каттароқ бўлади. Энг асосийси Ёшлар иттифоқининг фаоллари қурилаётган Ёшлар уйининг сифати устидан жамоатчилик назоратини олиб боради.

Низомнинг 17-бандига кўра, эр-хотиннинг ҳар иккиси етимлар – “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари бўлса, имтиёзли ипотека кредити олувчи оила аъзоларининг бири ёки бир нечтаси ушбу низомнинг 5-бандига мувофиқ сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекса, Марказий кенгаш тавсияномаси навбатдан ташқари берилар эди. Ҳозир ушбу бандга қўшимча киритилди: ёш оила вакилларидан бири ёки иккиси ҳам Ёшлар иттифоқи (собиқ “Камолот” ЁИҲ) тизимида камида 3 йиллик иш стажига эга бўлса, Марказий кенгаш тавсияномаси навбатсиз берилиши белгиланди.

Бугунги кунда www. yoshlaruyi.uz деган сайт ва шу номда телеграмда канал ҳам ишга тушди. Мазкур сайт орқали 2018 йил 1 январдан республика комиссияси томонидан ҳисобга қўйилган ёш оилаларнинг навбатини онлайн тарзда кузатиб бориш имкони бўлади. Бундан асосий мақсад шаффофлик ва очиқликни таъминлаш. 100-ўринда турган ёш оила 15-ўринга чиқиб қолмаслигининг олдини олишдир. Ушбу электрон тизим Ёшлар иттифоқи томонидан 2018 йил январига қадар ишга туширилади.

Наврўз НОРБОБОЕВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: