Шавкат Мирзиёев: “Ёшлар нашриёт уйи”ни ташкил этиш вақти келди

Ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар, афсуски, радио ва телевидение, газета ва журналларда ўз ифодасини тўлиқ топмаяпти. Давлатимиз раҳбари «Камолот» IV қурултойида шундай фикр билдирди.

«Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?

Масалан, “Камолот” радиосини, “Камолот”нинг Интернет сайтини оладиган бўлсак, уларда ўтказилган юзаки тадбирлар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарсани деярли кўрмаймиз.

“Ёшлар” телерадиоканали ҳам ўз имкониятларидан самарали фойдалана олмаяпти. Шу муносабат билан ушбу канал фаолиятини кучайтириш, унинг 50 фоиз акцияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқига тегишли бўлиши, унинг директори мазкур ташкилот Марказий кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланиши бўйича Бош вазир А.Арипов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Х.Мирзоҳидов, адлия вазири М.Икромовга бир ой муддатда тегишли таклиф тайёрлаш вазифаси топширилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ҳозирги вақтда ёшларга мўлжалланган “Туркистон” газетаси 9 500 нусхада, “Молодёжь Узбекистана” газетаси 2 800, “Ёш куч” журнали 3 000 нусхада чоп этилаётганини қониқарли баҳолаш мумкинми? Мамлакатимизда 10 миллиондан ортиқ ёшлар мавжуд бўлгани ҳолда, бу рақамлар биз учун уят эмасми?

Мисол учун, “Туркистон” газетасига Фарғона вилоятида 225 та, Сурхондарё вилоятида 134 та, Самарқанд вилоятида 54 та, Сирдарё вилоятида эса бор-йўғи 40 та обуна бўлганини, айтинглар, қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳолбуки, республикамиздаги барча вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар ходимларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Лекин ана шу ташкилотларда ёшлар нашрларига обуна масаласи қандай?

Қани, “Ўзбекнефтгаз” компанияси раиси А.Султонов, сиз бу саволга қандай жавоб берасиз? Сиз ўз тизимингиздаги ёшлар қандай матбуот нашрларига обуна бўлгани, қандай китобларни ўқиётгани, умуман, уларнинг маънавий савияси, дунёқараши билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

Жаноб А.Султоновга берган бу саволимни мен бошқа кўп раҳбарларга ҳам беришим мумкин ва аминманки, жавоб мана шундай қониқарсиз бўлиши аниқ.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ёшларимиз ўзимизнинг газета-журналларимизни ўқимаса, ўз миллий адабиётимиз ва санъатимизни билмаса, улар қандай қилиб ватанпарвар бўлади? Уларнинг онгу тафаккури, дунёқараши нима ҳисобидан шаклланади?

Яна ўқинг:  Keling, baho qo‘yaman

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, катта-кичик раҳбарларнинг барчаси бу масала бўйича шахсан масъул эканини унутишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ.

Айни вақтда ёшлар аудиториясига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ҳам ўз фаолиятини тубдан ўзгартириши лозим.

Аввало, қуруқ расмий гаплардан қочиш, танқидий таҳлил, креатив ёндашув, бугунги ҳаётни бутун кўлами, мазмуни, керак бўлса, мураккаблиги билан ёритишда журналистларимиз фаоллик кўрсатиши керак. Шу маънода, янги ташкил этилган Халқаро пресс-клубга ўхшаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳам ўз матбуот клубини очиш фойдадан холи бўлмайди.

Ўткир ва долзарб муаммоларни сизлар айтмасангиз, барибир халқнинг ўзи айтади. Ахир, сизларнинг вазифангиз ҳаётдан бир қадам олдинда юриш эмасми?

Биз учун энг муҳим бўлган яна бир масала – бу ёш қизлар тарбияси билан боғлиқ. Шу муносабат билан Бош вазир ўринбосари Т.Норбоевага мурожаат қилмоқчиман: сиз бошчилик қилаётган Хотин-қизлар қўмитаси фақат “Зулфиячи қизлар” билан чекланиб қолмасдан, юртимиздаги барча қизлар билан фаол иш олиб бориши лозим.

Айниқса, қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш керак. Шу борада мен қизларимиз учун алоҳида бир нашр – майли, унинг номи “Қизларжон” бўладими, “Дугоналар” бўладими, янги журнал ташкил қилишни таклиф этаман.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани сизларга маълум. Лекин, кўплаб болаларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани – бу ҳам бор гап.

Албатта, биз Интернет ва бошқа замонавий ахборот манбаларининг ўрни ва аҳамиятини инкор этмаймиз. Бугунги ҳаётимизни Интернетсиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Интернет тизими орқали маънавий тарғибот ишларини, жумладан, электрон китобхонликни кучайтириши зарур.

Нега деганда, биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз.

Аҳолимиз, энг аввало,ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, юртимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни мукофот тариқасида бериш, ўйлайманки, бу жуда катта рағбат бўлади.

Яна ўқинг:  Ҳашар – азалий қадрият

Бош вазир А.Арипов ва Давлат маслаҳатчиси Х.Султоновга шу масала бўйича бир ой муддатда таклиф киритиш вазифаси топширилади.

Шунингдек, “Китоб олами” дўконлари тармоғини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига бериш ҳамда ёш ижодкорларнинг китоблари ҳамда “Туркистон”, “Молодежь Узбекистана” газеталари, “Ёш куч” журналларини чоп этиш учун “Ёшлар нашриёт уйи”ни ташкил этиш вақти келди, деб ўйлайман.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқига умумтаълим муассасалари кутубхоналарини 10 миллиард сўм маблағ ҳисобидан бадиий адабиётлар билан таъминлаш имконини яратиб бериш лозим. Тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда у ҳар йили умумтаълим муассасалари кутубхоналарининг талабини ўрганиб, бадиий адабиётларни харид қилиш ишларини ташкил этиши даркор.

Шу борада яна бир муҳим лойиҳа – 2020 йил 1 декабргача ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли, барча қулайликларга эга бўлган кутубхона ва китоб дўконини ҳам ўз ичига олган кичик Ёшлар марказларини барпо этиш лойиҳасини амалга оширамиз.

Келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда биттадан коллеж биносини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига бериш лозим. Бу бинолар фақат ташкилотнинг бошқарув идораси бўлиб қолмасдан, уларда ёшлар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар, фан ва касб-ҳунар тўгараклари, спорт мусобақалари, адабий кеча ва мушоиралар, бадиий ва ҳунармандлик кўргазмалари ўтказишни албатта йўлга қўйиш керак», — дея таъкидлади Президент.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: