Бахши бобом боласиман

Ижодкорлигим туфайли кўп вақтим одамлар даврасида ўтади. Нуроний отахон-у онахонлар суҳбатидан баҳраманд бўламан, дуосини оламан. Ана шундай суҳбатларда собиқ тузум даврида халқимизнинг моддий ва номоддий мероси оёқости қилингани, топталгани, хўрлангани ҳақида кўп эшитаман.

Жумладан, бахшичилик санъати ҳам ўшанда худди шундай аянчли ҳолга тушиб қолган. Бунинг жабрини кўрганлардан бири момомнинг отаси – Тоғай бахши бўлган. У эл севган бахшичилик анъаналарини давом эттиргани учун турли айбловлар билан сургун қилинган.

Шукурки, мустақиллик туфайли қадим қадриятларимиз қайта тикланди. Собиқ тузумнинг тарихий обидаларни, халқ оғзаки ижоди намуналарини йўқ қилишга уринишидан асл мақсади одамларни ўзлигидан айириш бўлганини англаб етдик. Моддий ёдгорликларимиз қайта чирой очди, маънавий меросимизнинг асл жозибаси қайтди. Ижодкорлар эъзозланиб, уларга эҳтиром кўрсатилмоқда.

Ўша Тоғай бахшининг фарзанди – Шомурод бобом бугун халқимизнинг бебаҳо хазиналари бўлмиш бир қатор достон ва термаларни маромига етказиб ижро этиб, эл-юрт олқишига сазовор бўлмоқда. Қилган меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” унвонига сазовор бўлди. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти Шомурод бобомнинг ижоди ҳақида махсус фильм суратга олди.

Мен ҳам боболарим изидан бориб, уларнинг бахшичилик анъаналарини давом эттираяпман. Халқимизнинг “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш” каби достонларини чуқур ўрганиб, ижро этаяпман. Камтарона меҳнатим ортидан рағбат кўряпман, олқишларга сазовор бўляпман. Жумладан, бир неча йил илгари “Ниҳол” мукофоти учун ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритгандим. Сўнгра “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг республика босичида 1-ўринни эгалладим. 2013 йил Хоразмда ўтказилган республика бахши-оқинлар танловида муваффақият қозондим. Бир неча бор “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловида фаол иштирок этдим.

Ўзим эндигина 21 ёшга тўлдим. Ҳозирда тумандаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик синфини ташкил қилганмиз. У ерда болаларга Шомурод бобомнинг бахшичилик ижрочилигини чуқур ўргатишга ҳаракат қилаяпман.

Мустақиллик менга шундай имкониятлар берганидан қалбим чексиз ғурурга тўлади. Юртимдаги тинчлик-осойишталикдан, дориломон кунлардан илҳомланиб, жўшиб куйлайман. Бахшичиликни эъзозлагани учун 15 йил умрини қаҳратонда, сургунда ўтказган Тоғай бобом ҳаққи, ана шу сургунни отаси билан бирга кечирган ва истиқлол туфайли кўкрагига офтоб теккан Шомурод бобом ҳурмати мен албатта энг зўр бахши бўламан. Достонларни келажак авлодларга бор жозибаси билан етказишни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Зеро, бу достонлар халқимиз тарихининг бир бўлагидир.

Яна ўқинг:  Тулпор минган баҳодир

 

Аҳрор ХУШВАҚТОВ,

Чироқчи туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: