Гўдакнинг меъда-ичак тизими бузилса…

ёхуд чақалоқлар дисбиози қандай касаллик?

Туғруқхонадан чиққандан сўнг бир ҳафталардан кейин бир маромда ухлаётган чақалоқнинг тери қопламлари қуруқлашиб, ичи келмайди ёки аксинча тез-тез ва суюқ бўлиб келади.

Унинг онасини эмиши камаяди, қорни оғригани учун безовта ҳаракатлари кўпайиб, дард сабабли йиғиси кучайиб боради. Натижада нажасида шиллиқлар пайдо бўлиб, ичи кета бошлайди. Бу ҳолат кўпроқ ичак дисбиозидан далолат беради. Халқ орасида ушбу касаллик дисбактериоз деб ҳам юритилади.

 

Дисбиоз ёки дисбактериоз – ичак микрофлорасининг салбий томонга ўзгариши деган маънони билдиради.

 

Ичак микрофлорасининг сифат ва миқдорий ўзгариши облигат (асосий) ва факультатив микроб гуруҳлари ҳисобидан бўлади. Меъда-ичак тизимининг микроэкологик тизими очиқ биоценоз ҳисобланади. Ташқи муҳит ва ҳазм йўли микрофлораси орасида доимий микроорганизмлар айланиши содир бўлади.

 

Хасталикка қандай омиллар сабаб бўлади?

Ҳомила организмига микроблар дастлаб онанинг туғруқ йўллари орқали ўтади. Туғруқ йўлларида лактобациллалар миқдори бифидумбактериялардан кўп ҳисобланади. Уларнинг қолган қисми ичак микрофлорасига мос бўлади. Кесарча кесиш йўли билан туғилган болаларда микрофлоранинг бундай табиий ўтиши кузатилмайди ва ичак биоценози шаклланиши бузилган бўлади.

Чақалоқ туғилгач, унинг меъда-ичак тизимига ташқи муҳитдан микроблар ўтади. Асосан биринчи кун охирида аэроб (ҳаволи муҳитда ривожланадиган) микрофлоралар ўтади. Кокк, энтеробактерия, замбуруғ ва шартли патоген микроблар транзитор дисбактериозни келтириб чиқаради.

Янги туғилган чақалоқнинг оғиз бўшлиғида Lactobacillus ва Strepthococcus salvanus бўлади. Кейинроқ яъни, 3-4 кун ўтгач унинг йўғон ичагида лактобацилла, стафилококк, стрептококк, эшерехиялар бўлади. Биринчи кунлари ичакда ҳатто, энг кучсиз вирулент микроорганизмлар кўпайиши ва уларнинг колонияси бўлиши мумкин. Бу миттивойнинг меъда-ичак тизимида маҳаллий иммун тизимнинг ҳимоя кучи пастлиги натижасидир. Энди туғилган чақалоқнинг ичак микрофлораси нормал ривожланиши учун ҳаётининг биринчи соатларидан кўкрак сути билан эмизиш ўта муҳимдир. Ушбу ҳолатда 7-8 кунда микрофлора меъёрлашади.

 

Ингичка ичак нормал микрофлораси таркиби

Ингичка ичакда бактериялар кам бўлади. Микробларнинг асосий қисми йўғон ичакда кузатилади. Соғлом болалар микрофлораси 3 гуруҳга бўлинади:

  1. Асосий (облигат) анаэроб флора 95-99 фоиз – бифудобактериялар, бактероидлар – асосий физиологик вазифаларни бажаради.
  2. Ҳамроҳ (қўшимча) флора эса лактобактерия, ичак таёқчаларининг меъёрий штамлари ҳимоя ва ҳазм қилиш вазифаларини бажаради.
  3. Қолдиқ кўринишидаги аэроб сопрафит ва шартли патоген флора 1 фоиз учрайди.
Яна ўқинг:  Сабзили котлет

 

Ичак нормал флораси функциялари:

  1. Ҳазмнинг охирги босқичлари – лактозани парчалаш, ўт кислоталар деконюгацияси, тўйинмаган ёғ кислоталарини трансформация қилиш(ташиш).
  2. В12, фолий кислота, К, В6, В3, РР витаминлари, биотин каби витаминлар синтез қилинади.
  3. Ёлғон антогонистик таъсири: бифидо ва лактобактериялар шиллиқ қаватда ҳимоя фаолиятини ҳосил қилиб, ўткир ичак инфекцияларига мойилликни таъминлайди.
  4. Ичак шиллиқ қавати тузилишига таъсири: регенерация(қайта тикланиш)ни тезлаштиради, ҳазм ва озуқавий моддаларнинг сўрилишига таъсир қилади.
  5. Маҳаллий иммун тизимни кучайтиради.

Нормал микрофлора носпецифик ҳимоя вазифасини бажариб, меъда-ичак тизимида биокимёвий ва биологик муҳит доимийлигини таъминлайди.

 

Этиология(сабаби)

Ичак микрофлорасининг тикланиши узоқ давом этади. Гўдак туғилганидан сўнг 6-7 кун ўтгач, бифидобактериялар танқислиги келиб чиқади. Натижада шартли патоген флора кўпинча стафилококкларга ўтади. Она аутофлорасидаги салбий томонга силжиш, қин ва ичак дисбиоценози, туғруқхона ходимларининг гигиена қоидаларига риоя қилмаслиги, боланинг она сутини кеч эмиши организмнинг иммун тизимини сусайтиради. Чала туғилган болаларда ҳамда янги туғилган чақалоқларни сунъий овқатлантириш, уларни антибиотиклар билан даволаш микрофлоранинг салбий томонга ўзгаришига олиб келади.

 

Классификацияси

Дисбиозни 4 даражаси бор. Унинг даражаларига кўра анаэроб(ҳавосиз муҳитда ривожланадиган) флора миқдори камайиб боради. Хасталикнинг 1-2 даражасида анаэроблар аэробдан кўп бўлади, касалликнинг 3-4 даражасида анаэроб аэробга тенг ёки кам бўлади. Дарднинг ҳамма босқичида бифидобактерия, лактобацилла миқдори камайиб боради. Шартли патоген(зарарли) флора кўпайиб боради. Анаэроб флорада сифат ва миқдорий ўзгариш бўлади. Меъёрда унинг доминант (устун) бўлмаган (бактероидлар, физобактериялар, лицитинпозитив кластридиялар, анаэроб кокклар каби) турлари кўпаяди.

 

Клиник манзараси

Дисбиоз – бу клиник микробиологик тушунчадир. У умумий ва маҳаллий иммунитет(организмнинг хасталикка чидамлилиги) пасайиши билан кечадиган кўп касалликларнинг синдроми ҳисобланади. Бунда ингичка ичакда ҳазм ва сўрилиш жараёнлари бузилади. Ичакларда ел(газ) ҳосил бўлади ва уларнинг ҳаракати кучаяди. Натижада кучли диспептик(ич) бузилишлар кузатилади. Одатда биринчи ҳафтанинг охирида бемор боланинг қорни дам бўлиб, унда қусиш, эмишдан бош тортиш кузатилади. Унинг ичи суюқ ва тез келади. Гўдакнинг ахлати яшил, ҳазм бўлмаган, шиллиқли, қўланса ҳидли бўлади. Ҳазм ва сўрилиш жараёнларининг бузилишини бола тана вазнининг камайиш кўрсаткичларидан кузатиш мумкин. Агар касаллик чўзилган ҳолда кечса кўп ҳолларда гипотрофия (озиб кетиш), анемия, рахит, жигар катталашиши ҳолатларига олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  Нотариуслар нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга ҳақлими?

Одатда диспептик ўзгаришлар дисбиознинг 2,3, 4 даражаларида бу хасталиклар кузатилади.

 

Дилфуза ТУРДИЕВА,

ТошВМОИ “Неонатология кафедраси” доценти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: