“КЬЮРИОСИТИ” МАРС САТҲИНИ ЎРГАНМОҚДА
Тарихда илк бор Марс сатҳини кавлашга киришган “Кьюриосити” тадқиқот қурилмаси ушбу сайёра грунти қаттиқ қатламининг илк намунасини қазиб олди. Бу ҳақда NASA хабар тарқатди.
Марсоход манипулятор-қўлига ўрнатилган бурғиси ёрдамида Гейл кратеридаги майда донали чўкинди жинс сатҳида кенглиги 0,63 дюйм (1,6 сантиметр) ва чуқурлиги 2,5 дюйм (6,4 сантиметр)га тенг бўлган тирқишни ҳосил қилди.
Қўлга киритилган намуналар ёрдамида олимлар суюқлик изларини топишга, шунингдек, “Марсда бактериялар яшай оладими?”, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўришади. Грунтга ишлов бериш ишлари яқин бир неча кун давомида ердаги диспетчерлар ёрдамида амалга оширилади.
Олимларнинг қайд этишларича, олинган намуналарни Ердан борган зарралардан тозалаш ишлари айниқса, муҳим – “Кьюриосити” парвоз олдидан яхшилаб тозаланганига қарамай, унда барибир Ер зарралари қолган бўлиши мумкин.
“Кьюриосити” Марс сатҳида 2012 йил августидан бери иш олиб боряпти. Ўтган давр ичида у ўзани қуриб қолган дарёни топишга, шунингдек, таркибида кислород ва хлор излари бўлган Марс тупроғини тадқиқ этишга муваффақ бўлди.