УЙҚУЧАНЛИК (нарколепсия) қандай хасталик?
Одамзот қадимдан уйқунинг табиати билан қизиқиб келган. Қадимда табиблар уйқунинг асл табиатини яхши ва тўғри англамагани боис бу ҳолат организмнинг заҳарланиши ёхуд бош мияда қон айланишининг бузилиши оқибати деб ҳисоблаганлар. Шу вақтдан буён олимлар уйқунинг табиатини чуқурроқ ва кенгроқ ўрганишга уриниб келишгани боис ҳозирда бу ҳолат ҳақида бирмунча қизиқарли далиллар тўпланган.
Қайсидир маънода уйқу одам учун озиқ-овқат истеъмол қилишдан кўра аҳамиятлироқдир. Эътибор беринг, одам озиқ-овқатсиз 2 ойгача яшай олади, ҳолбуки уйқусиз 10 кундан ортиқ яшай олмайди. Ёш организм учун ўртача уйқу меъёри 10 соатгача бўлса, ёши ўтиб бораётган одамларнинг уйқуси ўртача 6 соатгача камайиб кетиши мумкин.
Одамлар ўртача давомийликдаги умрининг учдан бир қисмини уйқу ҳолатида ўтказишади. Уйқу циклик хусусиятли жараён бўлиб, ўртача давомийликдаги (7-8 соатли) мазкур жараёнда 4-5 цикл ўрин алмашади. Ушбу циклларнинг ҳар бирида 2 тадан фаза фарқланади: суст ва тез кечадиган уйқу ҳолатлари.
Ҳар 2000 нафар кишининг биттаси нарколепсия дардига чалинган. Табиати ғалати бўлган ушбу касалликка чалинган одам охир оқибатда ногирон бўлиб қолиши мумкин. Нарколепсия дардига чалиниб қолишликнинг олдини олиш учун бу хасталик ҳақида керакли маълумотларга эга бўлишингизни истаймиз.
Нарколепсия деганда, тиббиёт соҳасидаги мутахассислар уйқу жараёнининг бузилиши билан характерланадиган ўзига хос касалликни назарда тутишади. Бу дардга чалинган одамлар доимо уйқучан бўлишади. Касаллик хуруж қилганида одам ўта даражада ҳолсизланиб қолади, уни бирдан кучли уйқу босади. Бунда одам қанча вақт давомида ухлаб олганининг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди. Нарколепсияга чалинган одамлар кутилмаганда ҳар қандай вазиятда ҳам уйқуга кетиши мумкин. Энг аҳамиятлиси шуки, бу касалликка чалинган одамлар аслида уларга нима бўлаётганини мутлақо англашмайди.
Клиник тиббиёт, технологиялар ва фармокология соҳаларида эришилган улкан ютуқлар ушбу ғалати касалликнинг табиатини англашга, унга ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш ва даволашга имкониятлар яратиб берди. Таассуфки, нарколепсияни батамом даволашнинг чораси ҳануз топилмаган. Шунга қарамасдан, бугунги кунда клиник тиббиётнинг имкониятлари бу дарга чалинган беморларни нормал ижтимоий ҳаёт кечиришларини таъминлай олади.
Касаллик нима сабабдан ривожланади?
Бу масалада тиббиёт соҳасидаги олимлар қатъий фикр билдиришдан ожизлар. Тахмин қилинишича, нарколепсия бош мия, аниқроқ қилиб айтганда, бош миядаги уйқу ва тетиклик ҳолатларини назорат қилувчи марказлар фаолиятидаги патологик (нуқсонли) ўзгаришлар оқибатидир. Бу жараёнлар клиник жиҳатдан катаплексия (эмоционал шарт-шароитлар туфайли бехосдан тана мушаклари таранглигининг йўқолиб қолиши) оқибатида юзага келадиган ҳолат. Бундай ҳолатдаги одамнинг ҳаракатланиш қобилияти вақтинчалик йўқолади ҳамда уйқу ҳолатидаги “фалажланиш” – уйқу ҳолатида ҳаракатланиш лаёқатининг йўқотилиши каби аломатларда ифодаланади. Бундай вазиятда одам беихтиёр уйқуга кетиб туш кўриши ҳам мумкин.
Нарколепсиянинг келиб чиқишида бирон бир психиатрик ва психологик омилларнинг роль ўйнаши тасдиқланмаган. Айрим вақтларда бу ғалати касалликка бир вақтнинг ўзида бутун оила аъзолари чалиниб қолиши мумкин.
Бизнинг давримизда олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида нарколепсия дардига чалинган беморларнинг бош миясида гипокретин деб номланган кимёвий ингредиентнинг етишмаслиги аниқланган. Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, нарколепсия дардига чалиниш генлар тизимида гипокретин моддасининг ишлаб чиқарилишига жавобгар бўлган элементлар фаолиятининг издан чиқиши ҳамда шахсий ҳаёт кечириш тарзи билан боғлиқ.
Нарколепсиянинг аломатлари қандай?
Аксарият ҳолларда нарколепсия қуйидаги аломатлар орқали ифодаланади:
· кундузги вақтда ҳаддан ташқари уйқуга берилиш;
· катаплексия (кутилмаганда тана мушаклари таранглигининг кескин пасайиб кетиши);
· уйқу вақтидаги “фалажланиш” (уйқу вақтида мутлақ ҳаракатсизлик ҳолатининг ҳис этилиши; физиологик жиҳатдан ҳақиқий фалажликка ўхшаб кетади, аммо узоқ вақт давом этмайди);
· гипнагогик хусусиятга эга галлюцинациялар (кундузги вақтда уйқуга кетиш ёхуд уйқудан уйғониш чоғида юз берадиган галлюцинациялар).
Хасталикнинг юқорида айтиб ўтилган барча аломатлари баробарига ёхуд айрим-айрим кузатилиши, баъзи вақтларда эса узоқ вақт давомида аста-секин намоён бўлиши мумкин.
Катаплексия одатда жуда кучли эмоционал таъсир (жўшқин ҳолатдаги хурсандчилик, ғазаб ёки ҳайронлик ҳолатида) оқибатида ривожланади. Бу дардга чалинган беморлар доимий равишда ўзини жуда чарчаган ва уйқуга тўймагандек ҳис этишади. Энг хавфлиси шуки, нарколепсияга чалинган беморлар ҳар қандай вазиятда, ҳаттоки, уларнинг ҳаётига хавф таҳдид солаётган чоғда ҳам бехосдан уйқуга кетиши мумкин.
Катаплексия хуружлари, яъни кутилмаганида юз берадиган, қисқа фурсатли тана мушаклари таранглигининг кескин пасайиб кетиши одатда касалликнинг дастлабки аломатларидан бири саналади. Аммо бу аломатлар баъзида касалликка чалингандан кейин бир неча ой, ҳаттоки, йиллар ўтгачгина намоён бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Катаплексия айрим вақтларда нисбатан енгил шаклда (оёқлар мадорсизланишининг ҳис этилиши) учрайди, баъзида эса физикал коллапс ҳолатини келтириб чиқариб одамнинг кутилмаганида йиқилиб тушишига сабаб бўлади. Одатда катаплексия хуружи юз берганида одамлар аслида нималар рўй бераётганини аниқ ҳис этиб идрок этадилар, аммо жараённи назорат қилиш ва айниқса унинг олдини олишда чорасиз бўладилар.
Уйқу вақтидаги “фалажланиш” – уйқу вақтида ёки уйқудан уйғониш чоғида қисқа вақт давомида тана мушаклари таранглигининг йўқолиши. Бундай ҳолатдаги одам теварак-атрофда нималар бўлаётганини англаб туради. Бироқ, ҳаракатланиш ёхуд гапириш лаёқатини вақтинча йўқотади. Бу ҳолатга тушиб қолган одамлар ҳаддан ташқари чўчиб кетиши мумкин, аммо аслида бу ҳолат ҳаёт учун хавф туғдирмайди.
Гипнагогик хусусиятга эга галлюцинациялар – худди туш каби ёрқин ва ифодали ҳиссий кечинмалар. Одатда улар мудроқ босган бир вақтда намоён бўлади. Улар одам ҳали тетиклик ва зийракликни йўқотмаган ҳолатида юз беради.
Айтиб ўтилган клиник аломатлардан ташқари нарколепсияда қуйидаги аломатлар ҳам учрайди. Ҳатти-ҳаракатларнинг автоматик тарзда бажарилиши, қайсидир маънода лунатизм аломатларига ўхшаш кетади. Бу ҳолатдаги одамлар кундалик ҳаётидаги юмушлари ва ишларни уйқу ҳолатида бажарадилар, уйғонгач ўзлари қилган ишларини мутлақо эслай олишмайди. Бундай клиник аломатлар кузатилса дарҳол шифокор билан маслаҳат қилиш керак.
Тунги уйқунинг бузилиши
Нарколепсияга чалинган одамлар кундузи ўзини тетик ҳис эта олмайди, тунги вақтда эса мириқиб ухлай олмайди.
Бошқа аломатлари. Нарколепсияга чалинган беморлар аксарият ҳолларда предметларнинг иккига ажралиб кўриниши, диққат-эътиборини жамлай олмаслиги, хотиранинг йўқолиши, бош оғриғидан шикоят қилишади. Бу дардга чалинган ёш болалар физиологик жиҳатдан ўзининг тенгдошларидан ривожланишда ортда қолади. Катта ёшдаги одамлар кундалик иш юмушларини бажара олиш лаёқатини йўқотиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилган клиник аломатлар кузатилса, шу заҳоти шифокорга мурожаат қилиш керак.
Хасталикка ташхис қандай қўйилади?
Бирламчи Сизни даволовчи шифокор бошқа (йўлдош) касалликлари бор-йўқлигини аниқлаши зарур. Шундан кейин сомнолог (уйқу бузилиши ва унинг физиологияси бўйича мутахассис)га бориш тавсия этилади. Нарколепсия деган ташхис қўйилса, касалликнинг қай даражада кучли ривожланганлигини аниқлаш учун полисомнография ва MSLT тест (уйқу жараёнларининг бузилишини аниқлашга имкон берувчи махсус синов тури) амалга оширилади. Полисомнографияни амалга ошириш учун бемор тунни сомнологик лабораторияда ўтказиши керак. Бундай шароитда биринчи куни беморнинг бош қисмига махсус электродлар жойлаштирилиб бош мия, юрак ва кўз соҳасидаги функционал жараёнлар кузатилади. Синовларнинг иккинчи кунида MSLT тест ўтказилади. Бунинг учун кундузги вақтда шифокор-мутахассислар кузатувида ҳар икки соат ичида қисқа муддатга уйқуга кетиш таклиф қилинади. Мазкур тест ёрдамида ҳар бир кишининг ухлаш хусусияти (тиббий тилда айтганда уйқунинг паттерни) кузатилади.
Нарколепсия қандай даволанади?
Айтиб ўтганимиздек, ҳозирги вақтгача нарколепсияни даволаш имкониятлари излаб топилмаган. Бироқ, ушбу хасталикнинг клиник кечишини назорат қилиб бориш ва унинг оқибатларини нисбатан юмшатиш йўллари аниқланган. Амалда нарколепсияга чалинган беморларга комплекс тарзда даволаниш тавсия этилади. Бунинг учун турли дори-дармонлар тайинланади. Беморнинг юриш-туриш хусусиятлари ўрганилиб тегишли маслаҳатлар берилади. Хастанинг яқинлари, ҳамкасблари билан профилактика-тушунтириш ишлари олиб борилади. Тайинланадиган дори-дармонлар пировард натижада кундузги уйқучанликни, катаплексияни, галлюцинацияларни ва уйқунинг бузилишини бартараф этиш ёхуд уларнинг оқибатларини нисбатан юмшатишга йўналтирилган бўлиши даркор. Нима бўлганида ҳам касаллик билан бемор ҳамда шифокор биргаликда курашиши шарт.
Касалликка чалинган беморлар шифокорнинг тавсияларига амал қилишидан ташқари, турмуш тарзини ҳам тўғри ташкил этиши зарур. Бу борада мутахассисларнинг қуйидаги амалий тавсияларига риоя этиш фойдадан холи бўлмайди:
· уйқу ва тетиклик орасида мутаносибликни таъминлаш;
· уй ёки иш шароитида бажариладиган айрим турдаги юмушларни, масалан, овқат тайёрлаш, автомобилни бошқариш чоғида ниҳоят даражада эҳтиёткор бўлиш;
· шифокор тайинлаган дори-дармонларни канда қилмай ўз вақтида қабул қилиш;
· ўз ҳолатини кузатиб бориб ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида дарҳол даволовчи шифокорга маълум қилиш.
Нарколепсия дардига чалинган беморларнинг оила аъзолари билан профилактика ишларини олиб бориш ҳам катта аҳамиятга эга. Зотан, улар ўз яқинларининг ҳолатини бошқача англаб кутилмаганда зарар етказиб қўйишлари мумкин.
Саҳифани Ҳалима РУСТАМОВА тайёрлади.