Ўсма касалликларини эрта аниқлаш – соғайиш гаровидир

Болаларда учрайдиган хавфсиз ва хавфли онкологик касалликларнинг 75 фоизи айнан эмбрионал ўсмаларга тўғри келади.

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳбарлигида ҳукуматимиз томонидан республикамиз тиббиёт тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада юртимизда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб юқори технологияли ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган марказларгача бўлган тизимини қамраб олган тиббий ёрдам тизими ташкил қилинди.

2014 йилни юртимизда “Соғлом бола йили” деб номланиши эса бу эътиборнинг яна бир бор тасдиғидир. Республикамизда скрининг ва перинатал марказларнинг ташкил қилиниши натижасида болаларда учрайдиган туғма ҳамда ирсий касалликлар билан касалланиш, оналар ва болалар ўлимини кескин камайтиришга эришилди. Шу жумладан, ўсма касалликларининг ҳам эрта босқичларида аниқлаш ва даволаш имкониятлари яратилмоқда.

Республика Онкология илмий маркази (РОИМ) “Болалар онкологияси” бўлими 2001 йилда ташкил этилган. Аввал эса болалар онкологиясига ихтисослашган бўлим Тошкент шаҳар Онкология диспансери таркибида фаолият юритган. Ушбу бўлимни ташкил қилишдан асосий мақсад республикамизда онкологик касалликка чалинган беморларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, амалиётга замонавий ҳамда ил-ғор технологияли текшириш ва даволаш усулларини жорий қилиш, онкопедиатрия йўналишида илмий ишларни ҳамда ушбу йўналишда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишдир.

Республикамизда ҳар йили 700 нафарга яқин болаларда хавфли ўсма касалликлари аниқланади ва 3000 нафарга яқин бола эса диспансер назоратида туради. Республикамизда ҳар 100 минг нафар болага хавфли ўсмалар билан касалланиш 7,1 (касалланиш кўрсатгичи)ни ташкил қилади. Болаларда учрайдиган хавфли ўсма касалликлари орасида хавфли лимфомалар, марказий асаб тизими ўсмалари, буйрак хавфли ўсмалари, нейробластома, суяк ва юмшоқ тўқима хавфли ўсмалари, герминоген (ўғил болаларда мояклар ва қиз болаларда тухумдонларнинг саратони) ўсмалар ва бош – бўйин соҳаси ўсмалари етакчи ўринларни эгаллайди. Ушбу касалликлар барча ҳолатларда комбинирлашган ва комплекс усуллар билан даволанади. Бундан ташқари суяк ва юмшоқ тўқималарда учрайдиган оралиқ турдаги ва хавф-сиз ўсмалар ҳам болаларда кўп учрайдиган ўсмалар гуруҳига киради.

Болаларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларини 75 фоиздан зиёдини эмбрионал ўсмалар ташкил қилади. Шу туфайли ҳам болаларда ушбу касалликларнинг диагностикаси ва даволашнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуддир.

Яна ўқинг:  Руҳий зўриқиш барча касалликлар дебочаси

Биринчидан, хасталик диагностикасида аксари ҳолларда беморнинг ўзидан касалликка оид маълумот йиғишнинг имкони йўқлиги, шикоятларни айтиб беролмаслиги ёки ноаниқлиги айниқса, кичик ёшдаги болаларда:

– визуал аниқланадиган ўсмаларнинг кам учраши;

– ўсмаларни кўпроқ текшириш ва аниқлаш учун мураккаб соҳаларда (кўкс оралиғи, қоринпарда орти соҳаси, кичик чаноқ ва ҳакозолар) жойлашиши;

– диагностика жараёнида баъзан анестезиологик ёрдамни қўлланилишидан иборат.

Иккинчидан, даволашнинг ҳам ўзига хос мураккабликлари борки, бу бевосита бола организмининг хусусиятларига боғлиқ. Чунки, айрим хавфли ёки хавфсиз ўсмаларнинг турли туғма ривожланиш нуқсонлари билан бирга учраши ҳам қийинчилик туғдиради Кичик ёшдаги болада “катта” операцияларнинг ўтказилиши оғир кечади.

Қон йўқотиш билан боғлиқ хавфлар, баъзан кам миқдорда қон йўқотилиши ҳам қайтариб бўлмас даражадаги ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Бола организмининг кимёвий ва нур давосига сезгирлигининг юқорилиги ҳам мутахассислардан катта тажриба талаб этади. Бемор болани текширишда хавфли ўсма касаллигини излаш инкор қилишдан муҳимроқдир.

РОИМ “Болалар онкологияси” бўлими 2011 йил декабрь ойидан замонавий талабларга мос 50 ўринли даволаш биносида фаолият кўрсатмоқда. Ушбу икки қаватли бино санитария ва гигиеник талабларга тўлиқ жавоб бериш билан бир қаторда муассасада юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар, шинам ва юқори қулайликка эга хоналар, интенсив (жадал) даволаш хонаси, жонлантириш хонаси, операцион блок каби зарур бўлинмалар яратилган. Бундан ташқари болалардаги руҳий ҳолатни яхшилаш ҳамда уларнинг ўқув-тарбиявий узлуксизлигини таъминлаш мақсадида махсус ўқув ва ўйин хоналари ташкил қилинган.

Ҳозирги вақтда болалар онкологиясининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда бўлимда хавфли ўсма касалликларини текшириш ва унга ташхис қўйишнинг барча замонавий ва илғор технологияли усуллари амалиётга жорий қилинган.

Касаллик диагностикаси жараёнида барча лаборатория таҳлилларидан тортиб ўсма маркерларини аниқлашгача, ультратовушли ва УТТ “Допплер”, рентгенологик, компьютер томография ва МРТ (магнит резонансли томография) морфологик текширув, иммуногистокимёвий ва цитогенетик текширув усуллари йўлга қўйилган.

Даволашда эса хирургик йўналишда, биринчидан, хавфли ўсма касалликларида аъзоларни сақловчи, бир вақтда реконструктив, кенгайтирилган ва комбинирлашган (қоринпарда орти соҳаси, кичик чаноқ аъзолари ва буйраклар ўсмаларида) операциялар, иккинчидан, суяк ўсмаларида суяк аутопластик операциялари ва аъзоларни сақлаб қолувчи операциялар жорий қилинди.

Яна ўқинг:  Бола кўтарган аёл

Консерватив йўналишда кимётерапиянинг барча замонавий схема ва вариантлари, регионар эндоваскуляр ва юқори миқдорли кимётерапия, таргет терапия ҳамда қатор модификаторлар амалиётга татбиқ қилинди.

Албатта, бугунги кунда қўлланилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналарнинг афзалликлари беқиёс. Беморларга консерватив даво ўтказишда ҳам оператив даво ўтказишда ҳам катта аҳамиятга эга. Биргина мисол аъзо сақловчи жарроҳлик амалиётларини (операциялар) ўтказишдаги ўрнини тенгсиз деб биламан.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, хавф-ли ўсма касалликларини дастлабки босқичларида мурожаат қилиш беморларнинг тўлиқ тузалиб кетишига имкон яратади. Жумладан, нейробластомалар, буйрак, суяк, тухумдон хавфли ўсмалари ва хавфли лимфомалар самарали даволанмоқда. Хақли равишда айта оламанки, бугунги кунда бўлимда олиб борилаётган ишлар яъни, беморларга ўтказилаётган текшириш ва даволаш усуллари замон талаби даражасига мос келади. Бу борада ўтказилаётган текширув усулларидан иммуногисто кимёвий ва цитогенетик текширувлар, қатор ўсма маркерларини аниқлаш, ультратовушли “Допплер” текшируви каби қатор усулларни мисол келтиришимиз мумкин. Ўтказилаётган даво усулларидан юқори миқдорли ва эндоваскуляр кимётерапиянинг турли схема ва вариантлари, мураккаб жарроҳлик амалиётлари (кенгайтирилган ва комбинирлашган, аъзо сақловчи, суяк ўсмаларида аутопластик)ни мисол келтиришимиз мумкин.

Бўлимдаги ёш мутахассисларимизнинг аксарияти чет тилларини (инглиз ва немис тиллари) яхши билиши туфайли ривожланган давлатлар ва йирик марказларнинг тажрибалари билан яқиндан танишиш учун имконимиз етарлидир. Бу борада бўлимнинг икки нафар ходими Германия ва Австриянинг нуфузли тиббиёт муассасаларида ташкил қилинган ўқув курсларида қатнашиб халқаро миқёсда тан олинган гувоҳномага эга бўлди. Бундан ташқари мутахассисларимиз республикамизда ва хорижда ўтказилаётган соҳага доир ва халқаро анжуманларда доимий иштирок этмоқда. Бўлим ходимлари томонидан: SIOP (Халқаро Болалар онкологлари уюшмаси) ҳамда INCTR каби халқаро ташкилотлар ва йирик марказлар билан (Н. Блохин номидаги Россия Онкология Маркази) яқин алоқалар йўлга қўйилган.

Аҳолининг тиббий маданияти сезиларли даражада ошганлиги сабабли мутахассисларга барвақт мурожаат этишлар кўпаймоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бемор болалар билан ишловчи шифокор энг аввало, инсонларга нисбатан чексиз меҳру муҳаббатли, қалби соф ҳамда гўдаклар руҳиятига кира олиш каби касбий тажрибага эга бўлмоғи зарур. Шундагина биз ушбу оғир дардга чалинган болажонларга тўлақонли ёрдам бера оламиз.

Тожиддин МУСТАФОЕВ,

Яна ўқинг:  Иммунитет учун хавфли омиллар

тиббиёт фанлари номзоди,

Республика Онкология илмий маркази болалар бўлимлари илмий раҳбари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: