Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…

Баъзилар ишга ёки ўқишга шошилиб, эрталаб тамадди қилишни унутиб қўйса, айримлар нонушта қилишни хоҳламайди. Аммо бу ҳолат мунтазам давом этса, инсон организми учун жиддий оқибатларга олиб келиши, шу жумладан, сурункали касалликларнинг ривожланиш хавфи ошиши мумкин.

Уйқудан кейин қондаги глюкоза миқдори камайиши натижасида мия бутун организм каби самарали ишлаши учун қувватга муҳтож бўлади. Нонушта қилмаслик эса тананинг «уйғониши» учун зарур бўлган энергия ва озуқа моддаларидан маҳрум қилади. Муҳим ресурсларнинг етишмовчилиги туфайли инсон организми «энергияни тежаш» режимида ишлашга мажбур бўлади. Бу эса, ўз навбатида, жисмоний фаоллик ва иш унумдорлигининг камайиши, чарчоқ ва ҳолсизлик ҳисси кучайиши, диққатнинг пасайиши, хотира ёмонлашиши ва қарор қабул қилиш қобилиятининг сустлашишига олиб келади.


Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, эрталаб мувозанатли овқатланиш инсоннинг кун давомидаги иш самарадорлигини 30 фоизга оширади. Аксинча, ҳафтасига беш мартагача нонушта қилмайдиган одамларда геморрагик инсульт ривожланиш хавфи 36 фоизга ошади.

Бундан ташқари, нонушта қилмасликка одатланган эркакларда инфарктга чалиниш эҳтимоли 25 фоизга кўпроқ бўлади. Ҳар куни эрталаб ҳеч бўлмаса енгил тамадди қилиш эса қон томирларига юкламани камайтиради.
Парадоксал жиҳати, эрталаб нонуштадан воз кечиш семизликка ҳам олиб келиши мумкин. Сабаби, эрталаб озуқа моддалари ва қувватнинг етишмаслиги туфайли инсон нонуштанинг ўрнини босиш учун кун давомида ҳаддан ташқари кўп овқатланишга мажбур бўлади. Бунинг натижасида овқат ҳазм қилиш қийинлашади, ошқозон-ичак касалликлари ва диабет ривожланиш хавфи ошади.
Эрталаб нонушта қилишни канда қилиш асаб тизимига ҳам жиддий таъсир кўрсатиб, бу ортиқча асабийлик, хотира ва диққатнинг пасайиши, когнитив функциялар ва руҳий саломатликнинг ёмонлашиши билан намоён бўлади.
Шу боис, кундалик рационга нонуштани киритиш – соғлом ва узоқ умр гаровидир.
Аммо қандай қилиб нонушта қилишни одатга айлантириш мумкин?
Биринчи навбатда, танани уйғотиш, ичакларнинг тўғри ишлашини таъминлаш ҳамда эндокрин тизим биринчи таомга тайёрланиши учун кунни бир стакан илиқ сувдан бошланг.
Тахминан ярим соатдан кейин тамадди қилиш мумкин. Нонуштани имкон қадар ҳар куни бир вақтда қилиш тавсия этилади.


Эрталаб гречка, жўхори уни, арпа, тариқ солинган ва сув ёки сутда тайёрланган бўтқалар ейиш жуда фойдали. Тухумни қовурилган ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш ҳам кун бўйи танани керакли витамин ва минераллар билан таъминлайди.

Шунингдек, кам ёғли творог, сут, кефир, табиий ёгурт ичиш организмни кўп миқдорда озуқа моддалари, Д витамини, калий ва кальций билан тўйинтиради. Озишни истайдиганлар кам ёғли сут ичишлари мақсадга мувофиқ. Қолаверса, нонуштада ёғсиз мол, товуқ, курка ва балиқ гўштидан тайёрланган таомларни танаввул қилиш фойдали.

Эрталабки тамадди пайти хамиртуруш билан пиширилган овқатлар, цитрус мевалар, хом сабзавотлар, ёғли гўшт ва углеводга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Феруза ҲАМРАБАЕВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор

Яна ўқинг:  Кичкинтойларга кўзойнак танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: