Жиғилдон «қайнаши» ошқозон яраси хасталиги аломати…ми?!
Бугунги кунда ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак ярасидан кўпчилик азият чекади. Асосан, 20-40 ёш атрофидаги инсонларда учрайдиган ушбу хасталик сўнгги вақтларда, ҳатто мактаб ёшидаги ўғил-қизларда ҳам кўп кузатилмоқда. Хўш, бунга сабаб нима? Ушбу касалликдан қандай сақланиш мумкин?
Айтиш лозимки, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси – сурункали, қайталанувчи ва ремиссия даврлари алмашиниб келувчи хасталик бўлиб, унинг келиб чиқишига, энг аввало, тартибсиз ва носоғлом овқатланиш сабаб бўлади.
Яъни ўз вақтида таомланмаслик, шиллиқ қаватга салбий таъсир этувчи ҳамда ошқозон шираси ишлаб чиқарилишини кучайтирувчи аччиқ, дудланган, хамирли таомлар, пишириқлар, қуруқ ва совуқ егуликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш, бўёқли ва газли ҳамда қаҳва каби ичимликларни меъёридан ортиқ ичиш ушбу касалликни юзага келтиради.
Қолаверса, ирсий мойиллик, «Helicobacter pylori» инфекцияси, меъда ширасининг кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши, айрим дори воситаларини назоратсиз ва узоқ муддат қабул қилиш, асабийлашиш, стресс, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш ва туғма нуқсонлар ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
Дард зўрайганда, бемор, асосан, оғриқдан шикоят қилади. Ошқозоннинг орқа девори ва кардиал қисми яраларида оғриқ овқат истеъмол қилгандан кейин юзага келади. Улар симилловчи характерда бўлиб, кўп ҳолларда тўш орти ва юрак соҳасида кузатилади. Алкоголли ичимликлар ва аччиқ озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ёки жисмоний оғир ишларни бажарганда оғриқ янада кучаяди.
Шу билан бирга, иштаҳанинг пасайиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, қорин дам бўлиши, кекириш, оғиз бўшлиғида аччиқ ёки нордон таъм сезилиши каби белгилар ҳам ушбу касалликнинг аломати бўлиши мумкин.
Хасталик яранинг жойлашиши, ўлчамлари, чуқурлиги, ошқозоннинг секретор фаолияти, бемор ёшига боғлиқ ҳолда турлича кечади.
Уни фақат дори-дармон билангина даволаб бўлмайди. Аксинча, касалликка ёндашув комплекс тарзда бўлиши, хусусан, беморнинг умумий аҳволи ва шикоятларини атрофлича ўрганиш зарур. Шундан сўнг шифокор тавсияси билан эндоскопик текширув, ошқозон трактини рентгенограмма орқали кўриш, «Helicobacter pylori» инфекциясини аниқлашга доир қон таҳлиллари ўтказилади.
Шу билан бирга, меъда ширасининг кислоталилигини камайтириш талаб этилади. Бу эса жиғилдон қайнаши, кекириш ва кўнгил айниши каби ёқимсиз аломатларни бартараф этишга ёрдам беради.
Агар касаллик илк босқичда бўлса, керакли препаратлар буюрилади. Уни даволашнинг яна бир усули жароҳлик амалиётидир. Бунда мазкур аъзонинг маълум қисмини оператив йўл билан резекция (кесиб олиб ташлаш) қилинади.
Бу касаллик узоқ муддат даволанишни талаб этадиган хасталикдир. Айниқса, муолажага етарлича эътибор берилмаса, саратонни келтириб чиқариши мумкин.
Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак ярасининг олдини олишда кунига уч ёки тўрт марта, кам-камдан овқатланиш, кечқурун ҳазми оғир таомлардан тийилиш, табиий маҳсулотлар – мева, сабзавотларни кўпроқ танаввул қилиш, маргарин, майонезлардан тайёрланган егуликларни камроқ истеъмол қилиш, кўпроқ сув ичиш жуда муҳим. Энг асосийси, меъда хасталикларига дучор бўлмаслик учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш лозим.
Феруза ҲАМРАБАЕВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор