Ўсмирларда нега буйрак тўсатдан «қуриб қолади»?

Бизга баъзида 12-15 ёшли ўсмирлар мурожаат қилади.
Ота-оналари фарзандининг ранги оқариб, ҳолсизланиб, қон босими ошиб кетганини, тиббий муассасаларда камқонликдан даволанишганини айтишади. Лекин даво чораларидан наф бўлмасдан, боланинг аҳволи оғирлашиб боради ва охир-оқибат нефролог шифокорга мурожаат қилишади.

Текширганимизда, уларда сурункали буйрак касаллигининг сўнгги босқичи аниқланади.
Бу босқичда шифокорга мурожаат қилган, иккала буйраклари ҳам ишдан чиқиб, нефросклерозга учраган болалар ҳаётининг энг фаол ва гўзал даврида доимий равишда ҳафтасига уч марта тўрт соатдан гемодиализ муолажаларини олишга мажбур.
Гап шундаки, гломерулонефрит ва нефротик синдром каби касалликлар, шунингдек, бошқа бир қатор наслий нефрологик касалликларнинг белгиларсиз (симптомларсиз) кечадиган турлари ҳам мавжуд бўлиб, ушбу касалликларнинг ягона белгиси пешоб таҳлилидаги маълум бир ўзгаришлардир.
Баъзи ота-оналар фарзандида соғлиғига бирорта шикоят бўлмаса, шифокор қабулига боришни лозим топишмайди. Нефрологик касалликларни белгиларсиз шаклларини аниқлаш учун ҳар йили болаларни мунтазам тиббий кўриклардан ўтказиб туриш лозим.
Мазкур кўриклар нефрологик хасталикларнинг белгисиз шаклларига ташхис қўйишга имкон яратади.

Бизга буйрак касалликларининг сўнгги босқичида, яъни буйракларини асраб қолиб бўлмайдиган аҳволда шифохонага мурожаат қилган беморлар бир неча йил олдин оддий пешоб таҳлилини топширишганда аксарият ҳолатларда уларда буйрак етишмовчилиги ривожланишининг олдини олишга имкон бўларди. Болада ҳеч қандай шикоят бўлмагани учун ота-оналар ҳам фарзандида бирорта касаллик мавжуд бўлишига шубҳа қилмаган.

Шунинг учун ҳам болаларни камида бир йилда бир марта организм барча аъзо ва тизимларини тиббий текширувдан ўтказиб олиш муҳимлигини доим таъкидлаб келамиз.

Комилжон ҲАМЗАЕВ,
тиббиёт фанлари номзоди, доцент

Яна ўқинг:  РАШК АЛЬЦГЕЙМЕР КАСАЛЛИГИГА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИН

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: