Мижозингизни билиб даволанинг

Инсон соғлом бўлсагина барча орзуларини рўёбга чиқиши учун ҳаракат қилади. Аммо бехосдан соғлиғи ёмонлашса-чи? Даво истаб у шифокор ва тажрибали табибга мурожаат этиши зарур. Акс ҳолда ўз саломатлигига зарар етказиши мумкин. Ҳар бир доривор модданинг маълум миқдоригина дардга даво бўлади. Аксинча бўлса, даволаниш ўрнига дардни кучайтириб, салбий ҳолатни юзага келтириши мумкин.

Кўпинча беморлар даволанишни охиригача етказмайдилар, шу сабабли хасталик сурункали ҳолга ўтиб кетади. Бу бемор учун ортиқча машаққат ва табиийки қўшимча харажат демакдир. Бунга йўл қўймаслик учун хасталикка жиддий қараб дорилардан ўринли фойдаланиш лозим.

Дори-дармонларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, мижозга қараб даволаниш мақсадга мувофиқ бўлади.

Табобат оламида машҳур бўлган табиблар дардни аниқлашда ва даволашда инсон танасининг мижозига катта эътибор берганлар.

Касаллик сабаблари тўрт хил бўлади:

Биринчи, моддий. Моддий сабаблар саломатлик ва касаллик негизида вужудга келади. Негизлар қуйидагилар: яқин негиз аъзо ёки руҳдир.

Иккинчиси, таъсир қилувчи сабаблар. Таъсир қилувчи сабаблар инсон танасини ўзгартирувчи ёки ўзгартирмайдиган бўлади. Уларга ҳаво, овқат, сув, ичимлик, бўшаниш, ҳаракатланиш, уйқу ва бедорлик, ёшнинг ўзгариши, ҳунар-касб, жинс ва ташқи таассуротлар киради.

Учинчиси, мижоз ҳисобланади. Замонавий тиббиётда бу сабабни ҳисобга олмайдилар. Табиблар аксинча бунга катта эътибор берганлар ва шунга асосан даволаганлар.

Тўртинчиси, тугалловчи сабаблар – фаолиятдир (ишлар). Уларга қувват ва қувват ташувчи руҳларни ўрганиш ҳам киради.

Даволаниш мижозга қараб белгиланган. Ҳар бир инсоннинг мижози томир, тил, кўз, бадан, пешоб ва ахлат рангидан аниқланади.

Шунга кўра, дори-дармонлар буюрилади. Бундан ташқари, бемор истеъмол қиладиган овқатларга ҳам алоҳида эътибор берилиши мақсадга мувофиқ.

Мижозни аниқлай билиш учун кўп тажрибалар ўтказиш, устоз кўриш, зийрак, мулоҳазали бўлишлик талаб қилинади.

Ибн Синонинг таърифича: “Унсурларнинг ниҳоятда майда бўлакларидан, қарама-қарши кайфиятларнинг бир-бирига таъсиридан пайдо бўладиган кайфиятлар” мижоз деб аталади. Демак, унсурлар ўз қувватлари билан бир-бирига таъсир қилиш натижасида маълум бир кайфият вужудга келади-ки ана шу кайфият мижоздир.

Унсурлардаги кайфият тўрт хил: иссиқ, совуқ, ҳўл ва қуруқ бўлади.

Табобат оламидаги буюк алломаларнинг фикрича, тана сиҳатлиги тўрт унсурнинг мутаносиблигига боғлиқ экан. Бу хилт-суюқлик қон, савдо, сафро ва балғамдан иборат. Бу унсурларнинг қувватлари билан ўзаро таъсирланиши натижасида вужудга келадиган кайфият инсон мижози деб айтилади.

Яна ўқинг:  ШИФОБАХШ ҚАЙНАТМАЛИ ВАННАЛАР

Тўрт хил унсурларнинг миқдори киши танасида тўғри тақсимланса мўътадиллик рўй беради. Бундай кишиларнинг танаси мўътадил мижозли деб аталади.

Инсон умри тўрт даврга ажратилади: биринчиси, ўсиш — 30 ёшгача. Иккинчиси, тўхташ 40 ёшгача. Учинчиси, қувват бўла туриб чўкиш — 60 ёшгача. Тўртинчиси, қувватсизлик ва чўкиш давридир. Бундай таъриф кўп инсонларда тўғри бўлади. Лекин тоғлик жойда яшайдиган ёки спорт билан шуғулланадиган одамларда бу чегара ижобий томонга ўзгариши мумкин.

Болаларнинг ва ёшларнинг ( 30-35 ёш ) баданлари асосан мўътадил ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам қисман иссиқ ёки совуққа мойил бўлади. Ёши ўтиб борган сари ( ўрта ёш ва қарилик) инсон танаси совуқ ва қуруқ бўла бошлайди.

Ёшликда совуққа мойил бўлиб, қариганида ўта совуқ мижозли одам анжир, пишган узум, хурмо ва ширин анордан кўпроқ истеъмол қилиши, ёзда қисқа вақт тезкор ҳаракатланиши (югуриш, сакраш) керак. Иссиқ тупроқ ва қум ёрдамида танадаги совуқ хилтлар эриб тер билан чиқиб кетади. Бу тана мўътадиллигини сақлашга катта ёрдам беради.

Совуқ мижозли кишиларнинг териси мулойим, нозик, гавдаси семиз, сочлари сариқ ёки қўнғир, қон томирлари ингичка, кўзга кўринмайдиган бўлади.

Иссиқ мижозли кишиларнинг териси дағалроқ, гавдаси қуруқ, қотма, сочлари қоп-қора, қон томирлари йирик, кўринадиган бўлади.

Айрим одамлар кўпроқ хамирли овқатларни яхши кўриб истеъмол қиладилар. Лимон еб, кўк чой ичадилар. Шундай бўлса ҳам ўзларини яхши ҳис қиладилар. Аксинча, майиз, ёнғоқ, қора чой, қўй гўштини истеъмол қилсалар ўзларини яхши ҳис қилмайдилар. Бундай одамлар иссиқ мижозли бўлишади.

Баъзилар майиз, ёнғоқ, қора чой, қўй гўштини истеъмол қилсалар ўзларини яхши ҳис қилиб, хамирли овқат, лимон еб, кўк чой ичсалар юзлари, қовоқлари керкиб, оғизларидан сув келиб уйқуга берилувчан бўлиб қоладилар. Бундай одамлар совуқ мижозли ҳисобланадилар.

Ҳар қандай овқатни еса-ю ўзини яхши ҳис қилса ўртача (мўътадил) мижозли одам ҳисобланади.

Инсон танасидаги касалликларни аниқлаш учун шифокор тананинг тузилишини ҳар бир аъзонинг хусусиятини яхши билиши зарур. Танадаги руҳ, юрак, қон, жигар, ўпка ва мушаклар, талоқ, буйрак, артерия, веналар иссиқ мижозлик хусусиятига эга. Танадаги балғам, чарви, ёғ, мўй, тоғай, мия, асаблар ва тери совуқ мижозлик хусусиятига эгадир.

Яна ўқинг:  ЗАҲАРНИНГ ОЗИ ШИФО... АСАЛНИНГ КЎПИ ҲАМ ЗАРАР

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсон танасидаги тўрт хилт — суюқлик (қон, савдо, сафро, балғам) мувозанати тана сиҳатлигини таъминлайди. Бирор сабабга кўра хилт миқдорининг ўзгариши касалликни келтириб чиқаради.

Мижоз бузилмаслиги учун ҳар бир инсон фаслга қараб оқилона овқатланиши ва ўз мижозидан келиб чиқиб таомномасига эътибор бериши, спорт билан шуғулланиши, жисмоний меҳнат қилиб, табиат қўйнида сайр этиши лозим. Ана шунда киши танаси соғлом, руҳияти кўтаринки бўлади.

Ҳилола МЎМИНОВА,

Тошкент Фармацевтика институти ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: