Малакали мураббий кам, аммо бу биргина муаммо эмас

Истеъдодли спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда эришган ғалабалари шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда беихтиёр қалбимиз ғурурга тўлади. Бундай муваффақиятга гўё ўзимиз эришгандек қалбимизда бир олам шодлик туямиз.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, мамлакат спортчиларини халқаро ареналарда муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар республика миқёсида 483 та мусобақа ва 52 та ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилди. Шунингдек, 1 та қишки Олимпия ўйинлари, 81 та халқаро ва 4 та комплекс спорт мусобақалари, 14 та ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда 3 та илмий-амалий конференция ва конгрессларда мамлакатимиз спортчиларининг иштироки таъминланди.

Хусусан, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Индонезияда ўтказилган Осиё ўйин­ларида спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза – жами 70 та медални қўлга киритди. Мамлакатимиз медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллагани ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди.

Шунингдек, йил якунига қадар ўтказиладиган 48 та жаҳон чемпионати ва 14 та Осиё чемпионатларида терма жамоамиз аъзоларининг муваффақиятли иштирок этиш­ларини таъминлаш мақсадида пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Ютуқларнинг мавжудлиги диққатга сазавор, аммо ушбу соҳада етарли даражада камчиликларнинг мавжуд эканлигини ҳам қайд этиш жоиз. Хусусан, аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турлари билан шуғуллантириш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмаганини алоҳида қайд этиш жоиз. Малакали мураббийлар камлиги, хусусан, қишки спорт турлари бўйича мутахассислар етишмаслиги ҳам асосий муаммолардан биридир.  Бу каби масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида вазирлик томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, юртимизда хорижий давлатларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш юзасидан олиб борилаётган қатор ишлар юқоридаги муаммоларни ҳал этишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Эътиборлиси, айни пайтга қадар Санкт-Петербург шаҳридаги П.Лесгафт номидаги Жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий университети ҳамда Россия Жисмоний тарбия, спорт, туризм ва ёшлар университети раҳбарияти ўртасида ушбу олий таълим муассасаларини Ўзбекистонда филиалларини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилиб, келишув имзоланди.  Шу билан бирга Хитой Халқ Республикаси билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида Спорт тиббиёти бўйича илмий-тадқиқот лабораториясини очиш, енгил атлетика, сув спорти ва қишки спорт турлари бўйича моҳир атлетларни тайёрлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, 2018 ва олдинги йилларда маълум сабаб­ларга кўра қурилиш ишлари охирига етказилмаган ва фойдаланишга топширилмаган объектларни 2019 йил манзилли дастурига киритиш, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2020-2025 йилларга мўлжалланган 5 йиллик манзилли дастури лойиҳасини шакллантириш устида иш олиб борилмоқда.

Яна ўқинг:  Астрономлар янги сайёрани суратга олишди

Тизимда спортчи ўқувчиларни овқатлантириш учун ажратилаётган бюджет маб­лағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини янада яхшилаш мақсадида синов тариқасида 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳри, Фарғона, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ўқувчиларни аутсорсинг асосида овқатлантириш тизими жорий этилди.

Ойбек ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари:

– Спорт таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети базасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган ўрта махсус маълумотли тренерлар учун махсус сиртқи бўлимни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунинг­дек, Нукус шаҳрида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети филиалини ташкил этилди. 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб эса мазкур филиалларга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Республика олий спорт маҳорати мактабларининг иш фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди. Спорт турларини оммавийлаштириш, иқтидорли атлетларни саралаш ишларини мувофиқлаштириш, республикада фаолият юритувчи барча спорт таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотлари билан спорт турларини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаш механизми яратилди.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: