“Қарз”га берилган “қувват” ёхуд энергетик ичимликларнинг зарари

Яқин танишимнинг фарзанди касалхонага тушиб қолди. Уйига ҳол-аҳвол сўрагани борсам, дугонам кўзларида ёш билан дардини достон қилди:

– Ўғлим мактабда овқатланиш учун берган пулларимизни йиғиб, “қувватбахш” ичимликлардан олиб ичаверибди. Тунов куни ёнимга келиб, “Она, юрагим тез-тез уриб, танам ҳолсизланиб кетаяпти” деганди, жон-поним қолмади. Касалхонага борсак, шифокор буларнинг барига энергетик ичимлик­лар сабаблигини айтди. Фарзандимдан сўрасам, “Дўстларимга қизиқиб, бир-икки марта олиб, ичгандим” дейди. Эй, қуриб кетсин, ўша “қувватбахш” ичимлиги ҳам…

Бугун юртимизда танага қўшимча қувват бағишлайдиган, тетиклантирадиган ичимлик­ларнинг бозори чаққон. Шу сабаб уларнинг ҳар хил ном билан аталувчи турлари кўпайди. Эътиборлиси, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали пешма-пеш берилаётган рекламалар ушбу маҳсулотнинг янада харидоргирлигини таъминламоқда. Ҳатто, “қувватбахш” ичимликлар ишлаб чиқарувчи фирмалар ким ўзарга турли акциялар, ютуқли совринлар ташкиллаштириб, ўз маҳсулотлари тарғиботига катта куч сарфламоқда. Бундан ташқари ишлаб чиқарувчилар ичимликнинг идишига “фитнесс” сўзини қўшиб ёзиш орқали энергетик ичимликларни фитнесс машқларидан аввал истеъмол қилишни “тарғиб” этмоқдалар. Натижада ўсмирлар бундай коктейл­ларга янада “меҳр” қўймоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: “қувватбахш” ичимликлар чиндан ҳам инсон танасига тетиклик бахш этадими? энергетик коктейллар таркибида қандай “фойдали” моддалар борки, одамлар, айниқса, баъзи ўсмирлар уларга бутунлай боғланиб қолмоқда?

Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрига кўра энергетик ичимликлар организмнинг ички заҳира қувватларини қўзғаш ҳисобига танадаги иш қобилиятни оширади. Аслида эса ушбу коктейль организмдан қувватни тез ва кўп миқдорда олади ҳамда керакли аъзога етказади. Бу эса энг аввало, инсоннинг асаб тизимини ишдан чиқишига, танада моддалар алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туман тиббиёт бирлашмасида қувват берувчи ичимликларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирини аниқлаш ва ёшларга бунинг амалий тасдиғини кўрсатиш мақсадида ёшлар иштирокида таҳлилий текширув ўтказилди. Унда шифокорлардан бири тажриба субъекти сифатида иштирок этди. Ичимликни истеъмол қилишдан аввал унинг ЭКГ таҳлили ва қон босими ўлчанди. Ҳаммаси меъёрда. Энергетик ичимлик ичгандан сўнг қайта текширув ўтказилганида унинг қон босими ошган, юрак фаолияти тезлашгани аниқланди. Шифокорларнинг айтишича таркибида кофеин миқдори кўп бўлган  энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилувчилар келажакда руҳий фаоллашувчи моддаларни тез-тез қабул қилишга одатланади.

Яна ўқинг:  Шериклик оши

Энергетик ичимликларнинг инсон органзми­га таъсири тўғрисида бошқа мамлакатларда ҳам қатор тажрибалар ўтказилади. Хориж олимларининг аниқлашича бу ичимликка ўрганганлар депрессия (руҳий тушкунлик)га тез тушади. Юрак уриши издан чиқиб, ҳатто эрта ўлимга олиб келади.

– Инсонда юрак ритмини тезлаштирувчи мелотанин гормони энергетик ичимликларнинг асосини ташкил этади, – дейди фитнесс бўйича мураббий Дилшод Тўраев. – Бундай маҳсулотлар юракни зўриқтириш эвазига танага вақтинчалик тетиклик беради. Аммо бу ҳолат якунда юрак касалликларини келтириб чиқаради. Томирлар зўриқиши натижасида асаб тизимида салбий ўзгаришлар пайдо бўлади. Бора-бора инсонда ҳолсизлик, мушакларнинг бўшашиши кузатилади. Бугун машғулотларга келаётган ёшларга энг биринчи навбатда энергетик ичимлик­лардан воз кечиши лозимлигини тайин­лайман. Қандайдир коктейллардан эмас, машғулотлардан куч олиш мумкинлигини англаб етганлар бу ичимлик билан бошқа “дўст”лашмайди.

Шу ўринда маълумот: энергетик ичимлик­ларнинг ҳар бир идишида қиймати 3 финжон қаҳва, 14 қошиқ шакар таъмини берувчи кимёвий моддалар мавжуд. У манияга етакловчи адаптоген, кофеин, теофилин, теобримин, глюкоза, сахароза ва бошқа зарарли кимёвий моддалар билан тўйинтирилган.

Мутахассислар бундай ичимликларга боғланиб қолиш оқибатида инсон танасида гипертония, асабийлик, кислород етишмаслиги, тахикардия каби касалликлар келиб чиқишини таъкидламоқда. Ичимликни кўп истеъмол қилганда бош оғриғи, қайт қилиш, уйқусизлик ва бошқа салбий ҳолатлар юзага келади. “Қувватбахш” коктейлларнинг меъёрдан ортиғи эса оғир асоратларга, ҳатто, ўлимга олиб келиши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, 18 ёшга тўлмаганларга бу каби маҳсулотларни сотишга алоҳида эътибор қаратиш ва буни назорат қилиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдилар. Унга кўра энергетик ичимликларни 18 ёшга етмаган шахс­ларга сотиш тақиқланади. Талаб бажарилмаган ҳолда, жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 5 дан 10 баробаригача, юридик шахсларга эса 7 дан 15 баробаригача жарима белгиланади. Шунингдек, энергетик ичимлик рекламасида унинг жисмоний ва ақлий фаолиятни ошириши, самараси ҳақида маълумот бўлиши мумкин эмас.

Хўш, қонунларда белгиланган талаблар тўлиқ ва самарали бажарилмоқдами? Афсуски, бунга ижобий жавоб бериш душвор. Ўйлаймизки, мутахассислар бу масалага янада жиддий эътибор қаратишади.

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

Яна ўқинг:  Озодалик – осойишта ҳаётимиз кафолати

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: