Соғлиқни сақлаш тизими тараққиёти тиббий таълим сифатига боғлиқ
Бугунги кунда тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хўш, замонавий тиббиёт ходими қандай сифатларга эга бўлиши керак? Ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокор ўз касбига содиқ қолиши учун унда қандай сифатлар мужассам бўлмоғи лозим? Мана шу саволлар тиббий таълим олдида турган муҳим вазифа ва муаммолардир.
Алишер ШОДМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
– Тиббий таълимда ҳар доим назарий ва амалий билимлар чамбарчас боғлиқ бўлгани боис, бу йўналишдаги олийгоҳлар доимо ўз клиникасига эга бўлиши лозим. Аммо юртимиздаги жуда кўп тиббиёт институтларида клиникалар мавжуд эмас, борлари эса аянчли аҳволда эди. Шу боис, ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясининг Нукус ҳамда Урганч филиаллари, Бухоро тиббиёт институти, Самарқанд тиббиёт институти ва Андижон тиббиёт институти клиникаларида реконструкция ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида барча олий таълим муассасалари қатори тиббий йўналишдаги олийгоҳларнинг бюджет ҳажми кўтарилди ва бу ерда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлиги оширилди. Айтиш керакки, бу муҳим ўзгариш таълим сифатини ошириш ҳамда соҳада коррупцияга қарши курашда муҳим ўринга эга.
Шуни таъкидлаш жоизки, айрим илмий-тиббий марказлар, тиббиёт институтларини вазирликка боқиманда бўлмасдан мустақил институтларга айлантириш вақти келди. Биз ҳаракат қилмоқдамизки, барча тиббиёт, олий таълим муассасаси, ҳар бир ихтисослашган марказлар хорижда бўлгани каби молиявий мустақил бўлсин. Шу нуқтаи назардан давлат унитар корхоналарини ташкил этиш бўйича ҳозирда консепция ишлаб чиқилмоқда.
Айтиш керакки, ушбу тизимда амалга оширилаётган бу каби ўзгаришларда кадрларнинг ҳисасси жуда катта. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада муҳим қадам бўлди.
Бугунги кунда юртимиздаги 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017 йил Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали, 2018 йил Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали очилиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди. Таъкидлаш жоизки, жорий йил ушбу замонавий тиббий олий таълим муассасаларини бакалавриат йўналишини 2 минг нафар талаба тамомлаб, ишга йўлланма олган бўлса, 4 минг 395 нафар йигит-қиз талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.
Ҳозирда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали шифокорлар билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда давлат гранти асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари бўйича қабул йўлга қўйилган. Ўтган йил 1 минг 180 та, жорий йил 1 минг 548 та квота шакллантирилди. Мақсадли тайёрланаётган тиббий кадрлар 3 йилдан 10 йилгача муддатда тегишли ҳудудларда ишлаб бериши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Юртимиздаги тиббий олий таълим муассасаларида малакали кадрлар тайёрлаш баробарида тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борилмоқда. Натижада кейинги 2 йил давомида 226 та ихтирога патент олинди. Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида масофавий таълим йўлга қўйилиб, жойларда сайёр циклларни ўтказиш кенг жорий этилди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, авваллари малака ошириш институтларидаги дарслар фақат аудиторияларда ўтилган бўлса, энди барча машғулотлар ихтисослашган марказларга кўчирилди.
Тиббиёт соҳасида вакант иш ўринлари салмоғи қопланди(ми)?
Тиббиёт олийгоҳларидаги 7 йиллик таълим муддатининг 6 йилга қисқартирилиши, шифокорларнинг 2 ставкагача ишлашга рухсат этилиши, пенсия ёшидаги шифокорларга ҳам ойлик, ҳам пенсияни тўлиқ олиш имкониятининг берилиши, квоталарнинг ошиши ва хорижлик мутахассисларнинг юртимизга қайтиши натижасида 2017 йилдаги 11 минг 859 та ваканция 4 мингтага қисқарди. Йил охирида эса тиббиёт олийгоҳларининг битирувчилари ҳисобига бу кўрсаткич 2 мингтани ташкил этиши кутилмоқда. Яъни, вазирлик икки йил давомида 10 мингга яқин вакант ўрнини тўлдирди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон ва Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади.
Тиббий таълим тизимида халқаро ҳамкорлик
Кадрлар салоҳиятини ошириш, ўқув жараёнларига энг замонавий педагогик услубларни жорий этишда халқаро алоқалар муҳим ўрин тутади. Бу борада 220 та хорижий тиббиёт олийгоҳлари билан шартномалар имзоланган. 11 та олий таълим муассасасида хизмат кўрсатаётган профессор-ўқитувчилардан 500 нафардан зиёди чет элда малака ошириб қайтди. Кейинги йилларда республикамиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари 20 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Ушбу ҳамкорлик меморандумлари асосида ҳозирда Корея тиббиёт университетларида 40 нафар ўзбекистонлик талаба тегишли таълим йўналишларида таҳсил олмоқда. Шу билан бирга жорий йил Москва давлат тиббиёт-стоматология университети, Италиянинг Турин политехника университети, 2019-2020 ўқув йилларидан бошлаб Кореянинг Индже университети Ильсан госпитали ҳамда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан келишув имзоланди.
Талабалар билан бир қаторда шифокорларнинг малакасини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти. Жорий йилнинг бугунги даврига қадар бу йўналишда 500 нафардан кўпроқ ёш мутахассиснинг чет элда малака ошириши, 400 нафарга яқин хорижлик мутахассис Ўзбекистонга ташриф буюриб, тиббиёт муассасаларида «Маҳорат дарслари»ни ташкил этиши, тиббиётимиз олдида турган долзарб вазифалар ечими йўлида муҳим қадам бўлмоқда.
Маълумот ўрнида
2018 йилда тиббий олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 7 та тиббиёт олийгоҳи объектларига 57,6 млрд. сўм, шунингдек, учта тиббиёт олийгоҳларининг килиникаларига 35,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлар жадаллик билан олиб борилаяпти. 2019 йил соҳа ривожига яна 98 миллиард сўм маблағ жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Хуршида ҲУСЕНОВА