Суваракларнинг одам саломатлиги учун қандай хавфлари мавжуд?

Суварак (“нонхўрак”)ларнинг Ер юзида пайдо бўлиши қарийб 70 млн. йил аввал юз берган. Олимларнинг таъкидлашича бу ҳашаротлар энг чидамли жонзотлардан бири ҳисобланади.

Улар ядро қуроли портлашига ҳам бардош бериши мумкин. Одамларнинг ҳашаротлар билан алоқаси қадимдан кузатиб келинмоқда. Улар ҳар доим одамлар яшаш жойларини эгаллаб олишга ҳаракат қилиб келади. Ҳозирги вақтда фанга суваракларнинг 4000 дан зиёд тури маълум бўлиб, улар Blattaria туркумига мансуб жониворлар ҳисобланади. Хайрият-ки, инсонлар билан суваракларнинг фақатгина 30 тури ёнма-ён яшайди ва бор-йўғи уларнинг 4 тури инсонга сезиларли зарар етказади.

Кўп қаватли уйларда кўпинча уларнинг икки тури: қора ва сарғиш турларини учратиш мумкин. Ушбу ҳашоратлар ёруғликни хуш кўрмайди ва совуққа ҳам тоблари йўқроқ. Айрим турдаги суваракларнинг йирик “нусхалари” 5 йилгача яшаши мумкин.

Улар оқсилга бой, таркиби углеводлар билан тўйинган тайёр егуликларни, яъни ширинликларни хуш кўради. Ҳатто, чарм-тери, қоғоз, мато ва газламалар ҳам уларнинг дастидан қолмайди. Темир, пластик ва шиша каби материалларнинг эса бу ҳашоратлар учун қизиғи йўқ. Шунингдек, улар совунни ҳам, ҳатто, айрим кимёвий моддалар қўшиб тайёрланган атир-упа, крем, тиш пастаси каби пардоз ашёларини ҳам “татиб” кўришлари мумкин. Ушбу ҳашоратларни қалампир ва сирка ҳиди “ҳуркитади”. Сувараклар – замонавий техника қурилмалари билан ҳам “ҳамнафас”яшайди.

 

Қизиқарли маълумот

 

Зараркунанданинг қони оқ рангга эга Бу суюқлик танада қон томирларсиз ҳаракатланади. Жонзотнинг юраги битта найчадан иборат бўлиб, у қонни ҳайдаб туради. Ҳашаротнинг мияси унинг бош қисмида жойлашмаган. Балки унинг бу аъзоси бутун танаси бўйлаб жойлашган. Шунинг учун ҳам бош қисми олиб ташланган ҳашарот яна 10 кунгача яшаши мумкин. Бундай бошсиз ҳашаротлар оғзининг йўқлиги ва сув ичиш имконияти бўлмаганлиги сабабли нобуд бўлади. Сувараклар озуқасиз бир ойгача яшай олади. Улар 40 дақиқагача нафас олмай туради. Шунинг учун ҳам “нонхўрак”лар сувдан қўрқмайди. Бунинг устига бу ҳашоратлар жуда яхши сузади. Зараркунандалар ҳамма нарсани – ҳаттоки, дарахт, нажас, клей, қоғоз, тери, совун, буёқ ва ҳакозоларни ейди.

 

Улар турли касаллик қўзғатувчиларини тарқатади

Суваракларнинг касаллик қўзғатувчиларини тарқатувчи эканлигини ҳамма эшитган. Аммо, сувараклардан айнан қайси касалликларни юқтириш мумкинлигини ҳар ким ҳам билмаса керак. Хонадоннинг зарарланишини олдини олиш учун ҳашаротларни заҳарлаш жуда муҳим ҳисобланади. Улар ҳар қандай юзада эркин ҳаракатлана олади. Жонзотлар энг кичик ковакларга ҳам кириб кетади. “нонхўрак”лар ахлат тортадиган қувур ва ахлат солинадиган идиш, ертўла, чордоқларида ўрмалаб юради. Ўша жойлардан одамлар яшаш жойларига турли микробларни олиб келади. Шунинг учун уларнинг таналарида (айниқса, оёқлари панжаларида ва қоринчаларида) турли хил касаллик чақирувчи бактериялар, шунингдек, замбуруғлар спораси ва гельминт (гижжа)ларнинг тухуми топилиши ажабланарли эмас.

Яна ўқинг:  Заррин нурлар шифоси

Илмий тилда суваракларнинг одам саломатлиги учун зарарини умумий тарзда блаттоптероз деб аташади. Бу термин аллергияни ҳам, гижжалар тухумларини ташишни ҳам ва сувараклар одам терисини тишлаганда етказадиган механик шикастланишларни ҳам ўз ичига олади.

 

Сувараклар яна қайси хасталикларга сабабчи?

Буларга менингококклар, микобактериялар, сальмонеллалар, юқумли гастроэнтеритлар қўзғатувчилари, урогениталь инфекциялар қўзғатувчилари, кўк йиринг таёқчалари киради.

Улар орқали инсон дизентерия (ичбуруғ), пневмония (зотилжам) ҳамда қатор гельминтозларни ўзига юқтириши мумкин. Бу ҳашоратлар одамлар яшайдиган жойларга аскарида, острица, қилбош гижжа, лентецлар тухумларини олиб кириши фанда исботланган. Албатта, ҳашаротлар одамлардан чўчийди ва уларнинг яқинига бормайди. Аммо, улар озиқ-овқатларни ейиш вақтида ёки идишлар орқали ўрмалаб юрганда, сувараклар уларда микроблар билан ифлосланган сўлакларини ва ўз чиқиндиларини қолдиради. Шунинг учун ҳам инсоннинг инфекцияларни сувараклар орқали юқтириб олиш эҳтимоли юқори.

Биз юқорида санаб ўтилган микроорганизмлар ва гельминтлар озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, ошхона, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналарнинг жиҳозлари юзаларига тушади. Бунинг оқибатида инсонга бу микрорганизмлар нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки оддий ифлос ва кир қўллар орқали ҳам юқиши мумкин. Шунинг учун баъзида бемор касалликни айнан қаерда юқтирганини англай олмайди.

 

Давоми

 

Эркинжон ШАКАРБОЕВ,

ЎзР ФА Зоология институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари,

биология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: