Ортопедик пойабзал болаларда яссиоёқликни даволашда кўмакчи

Маълумотларга қараганда 65 фоиздан ортиқ болалар мактаб ёшигача яссиоёқликка учрайди. Шу сабаб бўлса керак сўнгги пайтларда ота-оналар томонидан фарзанди учун ортопедик пойабзал харид қилиш, айтиш жоиз бўлса “урф”га айланиб улгурган. Яссиоёқлик ўзи нима? Хўш, бу каби махсус оёқ кийимга қачон ва қандай сабаб бўлганда эҳтиёж туғилади?

Яссиоёқлик – таянч – ҳаракат тизимининг касаллиги. Бунда товон суяклари гумбазининг яссиланиши кузатилади. Таянч-ҳаракат тизими фаолияти бузилади.

Оёқ панжасининг асосий вазифаси танадан тушган оғирликни тенг миқдорда тақсимлашдир. У худди “пружина” сингари ҳаракатда бўлиши керак. Яссиоёқликда эса бу юк тизза, бўкса ва белга юклама туширади. Ҳаракат қилмасдан туриб чарчаш, бош оғриғи – бу айнан тўғри тақсимланмаган юкнинг оқибатидир.

Оёқнинг тез чарчаши, товонда симилловчи оғриқлар, оёқ кийим танлашдаги қийинчиликлар, товон шиши, катта бармоқ соҳасидаги терининг қалинлашиши ва дағаллашиши ясситовонликнинг эрта белгилари саналади.

Ясситовонликнинг туғма ва орттирилган тури кузатилади. Болаларда 5 ёшгача суяк шаклида ўзгаришлар рўй беради. Тўқималар жуда чўзилувчан бўлади. Натижада эса юклама ёки вазн оғирлиги тушганда оёқ-панжа гумбази баландлиги ўзгаради. Эндигина юришни бошлаган болажонлар оёқларини кенг ташлаб, товонини ички томонга босиб юришади. Аксарият ота-оналар “3-6 ёшли болаларда ясситовонликнинг учраши нормал ҳолат” ёки “бу ёшдаги болалар ушбу хасталик билан оғримайди” деб ўйлашади. Бу умуман нотўғри. Аксинча, айнан шу ёшдан бу хасталикни даволаш анча самаралидир. 10 ёшдан кейин даво самараси 10 фоизга ҳам етмайди. Ушбу касалликнинг энг ёмон томони шундаки, оёқ панжасида оғриқ ва деформация (нуқсон) кузатилмайди. Боланинг бутун таянч-ҳаракат фаолияти бузилади. Кичкинтойларни 5 ёшгача бу хасталикдан даволаш орқали уларни умуртқа поғонасининг қийшайишидан асраб қолиш мумкин.

Бунинг учун бола кўпроқ иссиқ кунларда ерда, асфальтда ва майса устларида ялангоёқ юриши керак. Фарзандингиз учун танланган оёқ кийимининг остки қисми қалин, таги юмшоқ, пошнаси 1–1,5 сантиметр бўлиши лозим. Унинг ички чоклари минимал бўлиши, табиий матодан тайёрланиши ва унинг дастаги баланд бўлиб, оёқни маҳкам ушлаши керак. Оёқ кийим 0,5-1 см каттароқ бўлиши, оёқнинг ўсишини ҳисобга олган ҳолда пойабзални алмаштириб боришни назорат қилиш зарур. Бундай пайтларда махсус ортопедик оёқ кийимларни кийиш тавсия этилади.

Яна ўқинг:  ЯНГИ ЙИЛ ДАСТУРХОНИ ортиқча вазнга сабаб бўлмасин

Бола юрганида тез-тез чарчаб қолса, кечга яқин оёқларида оғриқ юзага келади. Тик турган ҳолатида болакайнинг товони ичкари ёки ташқарига қийшайиши кузатилса зудлик билан ортопед – шифокорга мурожаат қилинг. Унутманг, товон 5 ёшгача батамом шакллангани учун унинг бузилишлари қанча эрта аниқланса, муаммони ечими шунча осонлик билан кечади. Яссиоёқлик – бу касаллик бўлиб, даволанмаган ҳолда оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: