Дардни яширсанг…

Турмуш ўртоғи билан меҳнат таътилига чиқиб, қишлоққа келган Мадинахон эрта тонгдан уйда йиғилиб қолган кирларни ювишга тараддудланди. Шу вақт қайнонаси келинига қўшни туманда турадиган қариндошлариникига меҳмонга боришларини ва тезроқ тайёргарлик кўришини айтди…

Манзилга етиб келишганда, барча қариндошлар аллақачон йиғилишиб, уларни кутиб ўтиришарди. Чиройли безатилган дастурхон атрофидаги меҳмондорчилик қариндош-уруғларнинг ҳол-аҳвол сўрашишидан бошланди. Бироздан сўнг меҳмонлар ўтирган хонага жажжи қизалоқлар қуршовида ўша жойнинг урф-одатларига хос тарзда кийинган янги келин кириб келди. Келин таъзим ила меҳмонларга салом бераркан, барча икки ёшни “қўша қариб, ўзларингдан кўпайиб юринглар”, дея дуо қилишди.

Дастурхон тўрида ўтирган хонадоннинг энг кекса вакили Рўзигул момо, келинга “этак-этак” фарзандлари бўлишини тилар экан, бироз хўрсиниб қўйди. Атрофдагилар бунинг сабабини тушунишди чоғи, бир зум ҳамма жим бўлиб қолди. Фақатгина Мадинахон ва унинг турмуш ўртоғи бундан ҳайрон эди. Шу вақт орадаги хираликни аритиш мақсадида момонинг катта қизи Гулжамол опа гап бошлади:

– Эна, бўлди энди, яна қанча сиқиласиз. Ахир, орадан шунча вақт ўтди. Мана ўғлингиз ҳам уйланиб, Худога шукур, болали бўлди.

– Ҳа болам-а, мен бунга куйинмаяпман. Мен ўғлимнинг фарзандли бўлганидан хурсандман. Шунчаки биринчи турмуши ўғлимнинг суйгани эди. Бечоралар кўп қийналишди. 12 йил бахтли бўлиш учун курашишди. Худойим пешонасига ёзмаган экан. Нима ҳам қилардик.

– Эна, нимага ундай дейсиз? Улар бекорга умрини ўтказишди. Ёдингиздами, биринчи боласи нобуд бўлганида дўхтир “сизлар болали бўлолмайсизлар” деган эди. Ўша вақти улар ажрашиб, бошқа оила қуриши керак эди. Гапга қулоқ солмай, умрларини зое кетказишгани қолди.

– Энг ёмони кетма-кет ногирон болаларнинг туғилганичи? – дея гапга қўшилди Нурали ака. – Ўшанда барчамиз қўрқиб кетган эдик.

Гап нима ҳақида эканини тушунмай ўтирган Мадинахонга кўзи тушган қайнонаси унга воқеанинг асл мазмунини тушунтирмоқчи бўлди:

– Келин, сен бу гапларга ҳайрон бўлма. Шодмон аканг ва янгангнинг қон гуруҳлари бир-бирига тўғри келмаганлиги сабаб, ажрашишга мажбур бўлишди. Қишлоқларимизда бундай воқеалар кўп бўлмаса-да, ора-сирада бўлиб туради. Энг ёмони, одамлар буни тўғри тушунмай “фалончилар ажралиб кетишибди” деб ғийбат қилишади.

Яна ўқинг:  Болаларга қувонч улашинг

– Ойи, шунинг учун ҳам давлатимиз никоҳдан олдинги тиббий кўрикни жорий қилганда. Яқинда бир танишимнинг синглисига ҳам шифокор куёв билан қон гуруҳи тўғри келмаслиги, шунинг учун фарзанд кўролмаслиги, кўрганда ҳам ногирон туғилиши мумкинлигини айтибди. Натижада икки томон ҳам катта бахтсизликдан қутулиб қолишди. Агар Шодмон акам ҳам тўй олдидан тиббий кўрикдан ўтишганида мана шундай дилхираликлар бўлмасди.

– Эй, келин, бизни қишлоқда ким ҳам тиббий кўрикдан ўтарди, – дея суҳбатга қўшилди Нурали аканинг аёли Сожида янга. – Буни ёшлар ўзларича уят деб билишади. Яна худди ишлари ошиб-тошиб ётгандай, бу жараённи ортиқча даҳмаза дейди. Улар ФҲДЁга кўрсатиш учун тиббий маълумотномани пулга сотиб олишади.

– Ҳамма шундай қиладими, – Мадинахон ажабланиб сўради.

– Ҳамма бўлмасаям, айримлар шундай қилади.

– Янга, бундан улар фақат ўзларига зарар қилишади-ку.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. – дейди Рўзигул момонинг қизи Гулжамол опа. – Тўғрисини айтганда, телевизорда шифокорлар тиббий кўрик ҳақида куюниб гапиришганда унчалик эътибор бермасдим. Бошимизга тушгандан кейин унинг муҳимлигини англаб етдим. Қизим яқинда узатиладиган. Бўлажак куёвнинг инжиқликларига қарамасдан иккаласини ҳам тиббий кўрикдан ўтказдим.

Гулжамол опанинг бу фикрларига меҳмондорчиликда қўшилганлар ҳам, қўшилмаганлар ҳам бўлди. Кимдир тиббий кўрикни ортиқча даҳмаза деб, олдинлари усиз ҳам бахтли оилалар қурилгани, ҳеч қандай касалликлар бўлмаганлиги ҳақида сўзласа, яна бошқалар олдинги замон билан бугунги кунни бир-бирига солиштириб бўлмаслиги, ҳукумат бежизга бу борада қарорлар чиқармаганлиги ҳақида гапирди. Хуллас, бу мавзу доирасидаги тортишувлар узоқ чўзилди.

Шу пайт Нурали аканинг қўшниси неварасини кўтарганча пойтахтдан келган меҳмонлар билан танишиш мақсадида уйга кириб келди. Салом-аликдан сўнг, йиғилганлар ёқимтой болакайни эркалай кетишди. Мадинахон болага разм солар экан, ич-ичидан эзилди. Чунки кичкинтойнинг юзида “Даун” синдроми акс этиб турар эди. Ҳойнаҳой, бу бола ҳам билиб-билмай, тиббий кўрикдан ўтмасдан қурилган оиланинг “меваси” бўлса керак, дея хаёлидан ўтказди у.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: