Торч ҳақида нима биламиз?
Ҳомиладор аёллар бундан эҳтиёт бўлмоғи лозим.
Кўпинча айрим ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи инфекция сабабли чала тушибди ёки унинг ичида ривожланмай нобуд бўлибди, деб эшитиб қоламиз. Бунга ТОРЧ инфекцияси сабаб бўлади, дейишади. Улар қандай вируслар бўлди?
Токсоплазмоз – асаб тизимини зарарлайдиган, жигар ва талоқнинг катталашиши ва лимфа безларининг ўзгаришлари билан кечадиган паразитли касалликдир. Айрим кишиларда бу касаллик белгиларсиз ўтади.
Организмда иммун жавобнинг ривожланиши натижасида қонда паразитлар камаяди. Аммо паразит цисталари тўқималарда сақланиб қолади. Бу цисталар организмнинг иммун тизими сустлашганда қайта фаоллашиши мумкин (масалан, ОИВни юқтирган ҳомиладор аёлларда). Касаллик қўзғатувчиси ташқи муҳитда 200 С ҳароратда 3 кунгача сақланади. Қуритиш, тик тушадиган қуёш нури ва юқори ҳароратга улар чидамсиз бўлади.
Бирламчи касаллик манбаи мушуклар ҳисобланади. Одам, мушук ва итлардан ташқари барча сут эмизувчи ҳайвонлар ва қушлар токсоплазмоз билан касалланиши мумкин. Мушуклар ичагидан ажралиб чиқадиган токсоплазма цисталари тупроққа тушади ва сув, шамол, транспорт ғилдираклари орқали атрофга тарқалади. Тупроқ билан ифлосланган емиш билан бу цисталар бошқа қишлоқ хўжалик ҳайвонлари организмига ва уларнинг гўштлари орқали одам организмига тушади.
Инсоннинг токсоплазмоз билан зарарланиши одатда алиментар йўл билан юзага келади: хом ёки етарли термик ишлов берилмаган гўшт, айниқса, қуён ва қўй гўштларини истеъмол қилганда (масалан, гўшт қиймасини таъмини татиб кўрганда), одам қўли қум, тупроқ билан ифлосланганда ва мушукларни парвариш қилганда юқади.
Токсоплазмалар билан ҳомиладорлик вақтида йўлдош орқали ҳомила ҳам зарарланиши мумкин. Инфекциянинг онадан болага ўтиш хавфи ҳомиладорликнинг охирги босқичларида юқори бўлади. Ҳазм қилиш аъзолари паразитнинг кириш дарвозаси ҳисобланади. Қўзғатувчи қонга ингичка ичакдан сўрилади ва бутун организм бўйлаб тарқалади. Паразитлар асосан жигар, талоқ, лимфатик тугунлар, асаб тизими, юрак, скелет мушакларини зарарлантиради. Сўнгра иммунитет шакллана бориши билан циста ҳосил бўлади ва улар организмда ўнлаб йиллар ҳатто, умр бўйи сақланиб қолиши мумкин.
Туғма ва орттирилган токсоплазмоз фарқ қилинади. Туғма токсоплазмознинг ўткир шакли оғир ўтади: жигар ва талоқнинг катталашиши, тошмалар пайдо бўлиши билан кечади. Кўпчилик болаларда энцефалит ва кўзнинг зарарланиши кузатилади. Бундай токсоплазмоз сурункали шаклга ўтганда энцефалит асоратларидан гидроцефалия (бош ҳажмининг катталашиши) кўпроқ кузатилади. Кузатувлар шуни кўрсатадики, токсоплазма юқтирган кишиларнинг юриш-туриши бирмунча ўзгаради. Кўпроқ уларда реакцияларнинг сустлиги ва ўзига ишончсизлик ҳиссининг намоён бўлиши характерлидир. Орттирилган токсоплазмозда иситма, бош оғриғи, мушакларда оғриқ ва лимфатик тугунларнинг катталашиши кузатилади.
Касалликка ташхис қўйишда хасталик белгилари ва лаборатория усуллари қўлланилади. Токсоплазмоз билан касалланган беморларни даволаш комплекс тарзда амалга оширилиши лозим.
Уй ҳайвонларидан айниқса, мушуклар билан мулоқотда бўлмаслик, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, хом ва етарли даражада термик ишлов берилмаган гўштни истеъмол қилмаслик ушбу дарднинг юқишининг олдини олади. Бу қоидаларга айниқса ҳомиладорлик вақтида қаътий риоя қилиш муҳим.
(Давоми бор)
Аллаберган БАЙЖАНОВ,
Самарқанд вилояти клиник юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори
Наргиза ЯРМУХАМЕДОВА,
тиббиёт фанлари номзоди