Дунёда тенгсиз ўзбек болалари

Мактаб – муқаддас маскан. Келажак ҳаёт пиллапоясидаги илк қадам ҳам айнан шу даргоҳдан бошланади, аслида. Биз у ерда савод чиқарамиз, тарбияланамиз, билим оламиз. Бир сўз билан айтганда, мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакллантирувчи сабоқхонадир.

Республикамизда фаолият олиб бораётган кўплаб ўқув муассасалари ўқувчилари республика ва халқаро фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, юртимиз довруғини кўкларга кўтаришмоқда. Ана шундай даргоҳлардан бири Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умум таълим интернатидир. Дастлаб муассаса 2010 йилнинг январь ойида 52-сонли ихтисослашган мактаб сифатида ўз фаолиятини бошлаган. 2014 йил 2 сентябрдан эса 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати сифатида ўз фаолиятини давом эттира бошлади. Ташкил этилганига ҳали кўп вақт ўтмаган бўлсада, ушбу даргоҳда таълим олган ўқувчиларнинг қўлга киритган натижалари салмоқлидир.

– Муассасамиз ўқувчилари билимлар беллашуви, республика ва халқаро фан олимпиадаларида муносиб тарзда иштирок этиб келмоқда. Ўқувчиларимиз нафақат аниқ фанлар соҳасида балки, кимё, биология, адабиёт, спорт соҳасида ҳам бир қанча ютуқларни қўлга киритишмоқда. Уларнинг 4 нафари ўз китобларини чоп этишга ҳам улгуришган, – дейди муассаса директори Темир Рўзиев.

Қўлга киритилган халқаро ютуқларнинг илк дебочаси 2015 йилда бошланган. Унда муассасада таълим олаётган Аббос Сайлиев Хитой Халқ республикасида математика фанидан ёшлар ўртасида ўтказилган халқаро математика танловида кумуш медални, ундан сўнг пойтахтимизда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Ломоносов номидаги фан танловида Оғабек Ҳайдаров математика бўйича олтин медални қўлга киритади. Ютуқлар 2016 йилда ҳам давом этди. Таиланд Қироллигида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро олимпиадада Шаҳбоз Ҳасанов бронза медалига сазавор бўлди.

– 2017 йил биз учун ҳақиқий муваффақиятлар йили бўлди, десам адашмаган бўламан. Жорий йилнинг 27 майида Тошкент шаҳар, барча вилоятлар ва Қорақолпоғистон Республикаси ўртасида Ҳиндистонда ўтказиладиган халқаро математика мусобақаси учун Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари саралаб олинди. Қувонарлиси, танланган жамоа аъзоларининг барчаси бизнинг муассасамиз ўқувчилари эди. 25-31 июль кунлари ўтказилган мусобақада 7-синф ўқувчилари – Дониёр Исломов ва Севарахон Остонова якка тартибдаги баҳсларда ўз билим ва иқтидорини намойиш этиб, олтин медални қўлга киритди. 7-синф ўқувчиси Олимжон Олимов ҳамда 8-синф ўқувчиси Исмоил Пўлатов яккалик баҳсларида кумуш медалга сазавор бўлди. Улар ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига муносиб совға қилишди.

Яна ўқинг:  “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” нима?

– Келажакда етук математик бўлишни орзу қиламан, – дейди Дониёр Исломов. – Ушбу натижаларга эришишимизда мамлакатимиз томонидан биз ёшларга яратилаётган шароитлар, устозларим, ота-онам ғамхўрлиги катта куч бағишлади. Буларнинг барчаси учун уларга раҳмат.

Муассасада қўлга киритилаётган давомли ютуқларнинг сири нимада эканлиги билан қизиққанимизда, мактаб директори табассум билан – бунинг сири оддий, бизнинг муассасада ўқитувчилар саралаб ишга қабул қилинади. Мактаб раҳбарияти уларнинг ҳар қандай, ҳаттоки, шахсий муаммолари бўлсада ҳал қилишга қўлдан келганча ҳаракат қилади. Сабаби эса ўқитувчи билан боғлиқ муаммолар унинг дарс бериш жараёнига умуман таъсир этиши керак эмас. Бизда бу масалага ўта жиддий қаралади. Ўқувчиларга билим беришда ота-оналар билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйганмиз. Ўқувчилар, уларнинг ютуқлари ва муаммолари бўйича 2 ойда бир маротаба ота-оналар мажлиси ўтказилади. Мажлисда эса барча ота-оналарнинг қатнашиши шарт этиб белгиланган. Бундан ташқари ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Мулоқот куни” ташкил этилади. Унда ўқувчи ва ўқитувчилардан тортиб муассасада фаолият олиб бораётган ҳар қандай ходим иштирок этади ҳамда унда ҳафталик ютуқ, камчилик ва муаммолар муҳокама қилинади.

Муассасасада математика-физика ҳамда математика-инглиз тили йўналишлари мавжуд бўлиб, бу фанлардан ўқувчиларга чуқурлаштирилган тарзда таълим берилади. Мактабга 5-синфдан, йил давомида 30 нафар ўқувчи тест топшириш йўли орқали қабул қилинади. Жорий йилда 500 нафар ўқувчи мазкур даргоҳда ўқиш истагини билдирган бўлиб, уларнинг энг билимли 30 нафари танлаб олинган.

Мактаб фаолияти, унда таълим жараёнига қўйилган талаблар билан танишар эканмиз, ўқувчилар бежиз ютуқларни қўлга киритмаётганининг яна бир гувоҳи бўлдик. Ахир, ҳар қандай таълим ва тарбияда энг асосий зиё тажрибали ва билимдон муаллим, унинг тафаккур дунёси ҳисобланади. Зеро, ўқитувчининг бутун фахри ўқувчиларида, ўзи сочган уруғларининг ўсишидадир.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: