Таълим тизимидаги янгиланишлар: барча саъй-ҳаракатлар фарзандларимиз бахту саодати учун

Айни кунларда мамлакатимиздаги барча таълим даргоҳида янги ўқув йилига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларида таълим тизимидаги бугунги янгиланиш ва ўзгаришларга мос тарзда кечаётган тараддуд ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. 11 йиллик таълимнинг жорий этилаётгани, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор, саъй-ҳаракатлар замирида фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, бахтли-саодатли бўлиб камол топишларини таъминлашдек улуғвор мақсад мужассам. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири билан суҳбатимиз ҳам ана шу жараёнлар ҳақида бўлди.

— Улуғбек Илёсович, янги ўқув йили бошланишига ҳам жуда қисқа фурсат қолди. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан, таълим муассасаларини янги ўқув йилига сифатли тайёрлаш учун 25 августга қадар алоҳида сафарбарлик эълон қилинди. Ана шу муддатгача халқ таълими тизимида қандай чора-тадбирларни бажариш кўзда тутилган?

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 2 август ва 16 август кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалалари танқидий муҳокама қилиниб, унда берилган кўрсатмалар асосида республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига сифатли тайёргарлик олиб борилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йили ҳамда энг улуғ ва энг азиз байрамни муносиб кутиб олиш, уни кўтаринки руҳда нишонлаш мақсадида комплекс чора — тадбирлар белгилаб олиниб, аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вазирлик ҳузурида таълим муассасаларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлигини танқидий ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилиб, республакамизнинг барча ҳудудларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар натижасида таълим муассасаларининг тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий қилдик, муассасалар тайёргарлик даражасига кўра “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратиб олинди ва баҳолаш натижаларига асосан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Таълим муассасасининг янги ўқув йилига тайёрлиги нафақат қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг якунланганлиги, балки малакали педагоглар билан таъминланганлик, дарсликларнинг етиб борганлиги, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, тўгараклар ҳолати ва бошқа бир қатор мазмун билан боғлиқ жиҳатлардан келиб чиқиб белгиланади.

Шу маънода, ҳозирда республиканинг барча мактабларида 10-синфлар ташкил қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бу йил 1-синфларга қабул қилинадиган 650 минг нафар ўқувчи учун “Президент совғаси” сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди. Шунингдек, ҳозирда янги ўқув йили учун таълим муассасаларига дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар етказиб берилмоқда.

Яна ўқинг:  ҚЎШҚАНОТ ШИФОКОРЛАР

Бугунги кунда 10-11-синфлар учун 12 та фан ўқитилиши назарда тутилган ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилди. Улар асосида 18 номдаги дарсликлар яратилди.

Мазкур дарсликларни яратиш жараёнига тажрибали ўқитувчилар, педагог-олимлар ва методистлар кенг жалб этилди.

Ҳозирда 10-синф ўқувчилари учун 9 млн. нусха дарсликлар чоп этилмоқда.

Умумтаълим мактабларининг 10-синфларида дарс берадиган фан ўқитувчиларининг касбий маҳоратларини ошириш мақсадида методист ўқитувчилар мактаби ташкил этилди.

Республиканинг барча ҳудудларидан саралаб олинган методист ўқитувчилар учун жорий йилнинг 11-12 август кунлари ўтказилган ўқувларда 10-синфлар учун ўқув режа, малака талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликларнинг мазмун-моҳияти етказилди. Ушбу янгиликлар ўқув йили бошлангунга қадар каскад усулида ҳар бир мактаб ўқитувчисигача етказилади.

— Президентимиз ўтган ҳафтада мамлакатимиз таълим тизими мутасаддилари билан учрашувда ота-оналар, кенг жамоатчиликни кўпдан бери ўйлантириб келаётган яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди. “Форма кийган боланинг маънавияти ўзгаради. Шу орқали жамиятимизда адолатли, тенг ҳуқуқли муҳит таъминланади” дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Айтинг-чи, мактаб формалари бўйича қатъий талаб ўрнатишга жорий ўқув йилидан киришиладими ёки бунга муайян вақт керакми? Қолаверса, ўқувчилар либосининг сифати масаласи қандай назорат қилинади? Чунки Президентимиз ҳозирги мактаб формаларининг сифати ҳам қониқарли эмаслигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

— Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан долзарб масала кўтарилди. Ҳақиқатдан ҳам ўқувчининг мактаб формасида дарсга келиши уларда масъулият ҳиссини оширади, таълим олишга бўган иштиёқни уйғотади, таълим муассасасига нисбатан меҳр уйғотиб, ижтимоий тенгликни таъминлайди.

Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар формаларига умумий талаблар қўйилган бўлиб, унга кўра ҳар бир умумтаълим мактаби раҳбарияти томонидан ота-оналар қўмитаси билан келишган ҳолда ва ҳудудий хусусиятларни инобатга олиб ўқувчилар либоси дизайни танланган.

Қайси ҳудудда бўлмасин мактаб формасининг санитария қоидалари ва меъёрлари асосида табиий ва сифатли матолардан тайёрлаш ҳамда бола саломатлигига зиён етказмаган кўринишда бўлиши назорат қилиниши лозим.

— 9-синфни тамомлаётган ўқувчининг ўқишни 10-синфда давом эттириши ёхуд лицей ёки коллежда таълим олиши қандай мезонлар асосида аниқланди? Танлаш масаласи ота-оналар, ўқувчиларнинг ўзига қўйиб берилдими ёки буни таълим муассасаси ҳал қилдими?

— Маълумки, жорий йилдан ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истаклари асосида юртимиз умумтаълим мактабларида 11 йиллик узлуксиз мажбурий таълим тизими жорий қилинмоқда. Бу жараён ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш ва истаклари асосида ташкил этилмоқда.

Яна ўқинг:  Озодалик – осойишта ҳаётимиз кафолати

Жорий йилда умумтаълим мактабларининг 467 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда ўқишни давом эттириш хоҳишини билдирди. Ота-оналар ва ўқувчиларга қулайлик яратиш, ўқувчиларнинг айни ўсмир пайтида ота-онасига яқин ҳудудда, ўзлари улғайган маҳаллаларда таълим олишларини таъминлаш мақсадида деярли барча умумтаълим мактабида 10-синфлар ташкил қилинди.

Умумтаълим мактабларида амалиётчи психолог лавозими мавжуд бўлиб, ҳар бир бола билан ўқув йили давомида шуғулланади. Психолог ўқувчининг ички дунёси, унинг қизиқиши ва иқтидоридан келиб чиқиб, келажакда жамиятда ўз муносиб ўрнига эга бўлиши учун касб танлашида ёрдам беради. Бунда ота-оналарнинг ҳам ўрни муҳим.

9-синф битирувчилари ўқишни қаерда давом эттиришни ўзлари ота-оналари билан келишган ҳолда танлашади. Мактаб жамоаси ўқувчига ўз мутахассислигини танлашда кўмаклашади.

— Янги ўқув йили режасига мувофиқ, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касб-ҳунар ўрганиши белгиланди. Ушбу янгиликнинг аҳамияти ҳақида кенгроқ тушунтириб берсангиз?

— Ўқувчиларда касбий билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларнинг касб-ҳунар эгаллашларини таъминлаш учун махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касблар берадиган Ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.

Бунда, асосан касб-ҳунар коллежларида, агарда мактаблар коллежлардан узоқ масофада жойлашган бўлса, мазкур мактабларнинг ўзида ўқув ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил қиланади. Ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларида чилангар, тикувчи, ҳайдовчи, ошпаз, сартарош, каштачилик, кулолчилик, қандолатчилик, нонвой, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи каби 50 дан ортиқ касб-ҳунарлар ўргатилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб-ҳунар ўрганган ўғил-қизларга 11-синфнинг якуни бўйича аттестат билан биргаликда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат берилади.

Ўқувчилар мактабларнинг 11-синфини тугатгандан сўнг олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Агар ўқишга кира олмаса ёки олий маълумот олишни хоҳламаса, меҳнат бозоридаги оддий касбларда ишлаши ёки мураккаб касблар бўйича коллежларда 1-2 йил қўшимча касб ўрганиши мумкин.

— Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан, табиийки, педагог кадрларга бўлган талаб ортади. Бу масала қандай ҳал қилинади?

— 2017/2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ставка ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Бу эҳтиёжнинг 9,5 минг ставкаси олий таълим битирувчилари ҳисобидан, 13 минг ставкаси академик лицей ва коллежлар фан ўқитувчиларини жалб этиш ҳамда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг дарс юкламасини ошириш ҳисобидан қопланади.

— Давлатимиз раҳбари мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, бошқарув тузилмасини ташкил этиш, мазкур муассасаларга болаларни тўлиқ қамраб олиш учун шарт-шароитлар яратиш лозимлигини таъкидлади. Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Яна ўқинг:  Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси ҚВПдаги дояларнинг асосий вазифаси ҳақида гапирди

— Муҳтарам Президентимиз 16 август куни бўлиб ўтган учрашувда мактабгача таълим тизимида мавжуд камчиликларни таъкидлаб, алоҳида Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш ва мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш зарурлиги масаласини қўйдилар.

Ҳақиқатдан ҳам, мактабгача таълим шахс ривожида энг муҳим давр ҳисобланади. Айнан мана шу даврда болада билим олишдаги илк кўникмалар шаклланади. Мактабгача таълимда сифатли таълим-тарбия олган бола умумтаълим мактабига ортиқча қийинчиликларсиз мослашади.

Уларда ўз тенгдошларидан фарқли равишда жисмоний ривожланганлик, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ва шахсий гигиеник малакалар, ижтимоий-коммуникативлик, ёзиш ва ўқиш малакалари, элементар математик билимлар орқали мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш, таққослаш ва ижодий эстетик лаёқатлар шаклланган бўлади.

Шу боис болаларни мактабга сифатли тайёрлашда макабгача таълим тизими муҳим аҳамият касб этади.

Нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларга болалар қамровини ошириш пировард натижада мактабга сифатли тайёрлашга эришиш мумкин. Ўзбекистондаги қулай тадбиркорлик муҳити бу йўналишда ҳам ҳамюртларимизга талай имкониятлар бермоқда. Ҳозирда вазирлик томонидан нодавлат таълим муассасларини ташкил этиш бўйича тавсия ишлаб чиқилиб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 29 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 100 фоизга чиқса, фарзандларимиз тарбиясида жуда кўп нарсага эришамиз.

Президентимиз Бекободда бўлганларида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб, боғчага борган ва бормаган болалар ўртасидаги фарқларни ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бердилар.

Ҳозирда, Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш, 5-6 ёшдаги болалар учун мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этиш орқали болаларнинг мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичини 4 баробар ошириш устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда мажбурий мактабгача таълим тизимини жорий этиш, мактабгача ёшдаги болаларни мактабга сифатли тайёрлашда соғлом рақобат муҳитини яратиш, нодавлат мактабгача таълим муассалари тармоғини кенгайтириш, уларнинг самарали ишлашини ташкил этиш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш, бўш турган биноларга инвестиция киритиш шарти билан ноль қийматда узоқ муддатга ижарага бериш ҳамда солиқ имтиёзларини жорий этиш бўйича тегишли Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.

“Халқ сўзи” мухбири

Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: