Болаларга ёшлигидан билим бериб бориш уларнинг мактабдаги муваффақиятини таъминлайди
Нью-Йорк университетида ўтказилган янги тадқиқот болага мактабга киришидан олдин уй шароитида билим бериш унинг мактабдаги муваффақиятини таъминлашини кўрсатди. Ота-оналар фарзандларига ёш пайтиданоқ ўқув материаллари олиб берса, муҳим мавзуларда суҳбатлашса, билим бериб борса, болаларда ақлий қобилият эрта шаклланади. Натижада, улар мактабда яхши ўқишади, деб хабар беради The Hindustan Times нашри.
Олимлар бир гуруҳ болаларни туғилишидан бошлаб, бешинчи синфни битиргунига қадар назорат қилиб борди. Болаларнинг муваффақиятлари билан боғлиқ омилларга баҳо берилди. Текширувлардан сўнг, мактабдан олдин уйда билим бериб бориш болаларнинг ақлий функцияларини ривожлантириши маълум бўлди.
Болаларнинг нутқи ва бошқа қобилиятларига ижобий таъсир қилган учта асосий омил – болаларнинг таълим олиши, ота-она ва бола муносабатининг яхшилиги ҳамда ўқув материалларининг (масалан, китоб, ўйинчоқ) мавжудлиги деб топилди.
Болаларнинг бешинчи синфдаги ютуқлари ҳам болалигида олган таълими билан узвий боғлиқ бўлди. Тадқиқотчилар шулардан келиб чиқиб, ота-оналар фарзандларига мактабда яхши натижаларга эришиши учун ёрдам бериши мумкин, деган хулосага келди.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.