Ихтисослаштирилган мактаблар: ушбу таълим масканларига ўқувчилар қандай танлаб олинади?

Ҳар бир ота-она фарзандини келажакда етук шахс бўлиб камолга етишини истайди. Кимдир уларни спортга, кимдир санъатга, яна кимдир эса болалигиданоқ касб-ҳунарга йўналтиради.

Қувонарлиси, ота-оналарнинг бу каби орзуларини рўёбга чиқариш учун юртимизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Жумладан, фарзандларимизнинг маълум бир фан бўйича чуқур билим эгаллашлари учун мамлакатимизда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинган. Ушбу таълим даргоҳларига қабул қилинган ўқувчилар 9 ёки 11 йил давомида айрим фанлар бўйича чуқур билим оладилар.

Ушбу мактабларда ўқувчи 1-синфга қабул қилинган кундан ихтисослашган синфларда таҳсил олмайди. Улар ҳар йили 5-20 август кунлари муассасадаги қабул комиссияси ўтказадиган фанлардан ёзма ва оғзаки синовлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик ташхиси натижаларидан сўнггина 2-синфни ихтисослашган синфларда давом эттирадилар.

– Бугунги кун боласи ҳар томонлама билимли, шу билан бирга, ақлан расо бўлиши лозим, – дейди 59-ДИУМ бошланғич синф ўқитувчиси Малика Нажмиддинова. – Шу туфайли ўқувчиларимиз имтиҳонда психологик тест синовларидан ўтишади. Бунда ўқувчининг зийраклиги, дид-фаросати, мантиқий фикрлаш қобилияти текширилади. Бундан ташқари улар ўқув йили давомида ўқиган эртаклари, ёд олган шеърлари ҳамда ёзган диктантлари асосида имтиҳон қилинади. Ифодали ҳамда ўқиш тезлигига, ҳуснихати ҳамда бехато ёзувига қараб ўқувчининг билими баҳоланади.

Шунингдек, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 5-синфига ўтиш учун ҳам бир нечта имтиҳон ўтказилиб, унда ўқувчилар Давлат тест марказининг тегишли фанлар бўйича ўтказадиган тест синовлари ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик ташхис натижалари асосида танлаб олинади. Тест ва психологик-педагогик ташхис синовларининг ҳар биридан 70 фоиздан кам бўлмаган натижа кўрсатган ўқувчилар баллар рейтинги бўйича белгиланган квотага мувофиқ қабул қилинади.

Бундан ташқари оддий умумтаълим мактабларида ўқиётган ўқувчилар ҳам айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларида ўқиш имконига эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига 2-синфдан, ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатига 5-синфдан ўқувчилар қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра ўқувчиларнинг ҳужжатлари 2-синфларга 1-31 июль, 5-синфларга эса 1-20 июль кунлари қабул қилинади. Бундан ташқари амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, ўқув йили тугаганда ўқувчи сони 30 нафардан камайган синфлардаги бўш ўринлар учун қўшимча танлов эълон қилинади ва айнан 2 ёки 5-синфлардан ташқари синф ўқувчилари ҳам тегишли синовлар асосида ихтисослашган мактабларга қабул қилиниши мумкин. Бунда танлов ўқувчининг битирган синф ҳажмидаги ўқув фанларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.

Яна ўқинг:  СПОРТ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

Имтиҳон жараёнида ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва тегишли фанлардан оғзаки ва ёзма синовлар ўтказиш ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш комиссияси тузилади. Комиссия таркибига ихтисослаштирилган мактаб директори, ХТМФМТТЭ бўлими вакили ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчилари киритилади.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: