Яна мавсум мавзуси: ёз бозори

* Уйда тайёрланиб, бозорда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ким кафолат беради?

* КЕЧКИ САВДО: “Эгасини қидириб бозор ташқарисига “ўрмалаётган” маҳсулотлар.

* Бозор нозирларининг ё феъли кенг ё “тили қисиқ”.

* Унутмайлик: озиқ-овқат хавфсизлиги – саломатлигимиз кафолати.

Юртимизда ёзнинг айни жазирама кунлари ҳукм сурмоқда. Яхши биламизки, бу пайтда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари салқин ва озода жойда ёки музлатгичда сақланмаса, уларнинг сифати тезда бузилади.

Шу боис, ҳар бир егуликни ейишдан аввал унинг истеъмолга яроқлилиги борасида ишонч ҳосил қилиш лозим. Чунки, ноқонуний тарзда сотилаётган, ҳеч қандай тиббий назоратдан ўтмаган қўлбола маҳсулотларни қачон ва қандай шароитда тайёрланганини билмаймиз. Айниқса, одам гавжум бўлган деҳқон бозорлари атрофида, унинг ичкарисида, кўча-кўй ва йўлакларда ноқонуний тарзда сотилаётган ўрик ва мева шарбатлари, газли сув, морс, квас, айрон, уй шароитида тайёрланган сомса, хоним, норин, ҳасип, гўжа каби овқатларни тановул қилишдан олдин уларнинг сифатига жиддий эътибор қаратинг. Сабаби бундай егулик ва ичимликлар доим ҳам санитария-гигиена талабларига жавоб беравермайди.

Аслида деҳқон бозорларида сотилаётган ҳар қандай маҳсулотнинг сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудда озодаликни сақлаш учун бозорларда санитария-эпидемология ва ветеринария бўлимлари фаолият юритади. Аммо “Ҳар тўкисда бир айб” деганларидек, ҳар қанча тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилишига қарамай, айрим ўзбошимча фуқаролар бозорлар ҳудудида санитария-эпидемология қоидаларини қўпол равишда бузишмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Ангрен ва Оҳангарон шаҳарларидаги деҳқон бозорлари, пойтахтимиздаги “Чорсу”, “Сергели”, Фарҳод, Қўйлиқ деҳқон бозорларида бунга гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Яқинда Тошкент шаҳри марказидаги супермаркетларнинг биридан консерваланган яшил нўхат харид қилдим. Уйга келиб қарасам идишнинг икки томони бироз кўтарилган. Шундан сўнг уни дарҳол Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемология назорати маркази лабораториясига текширишга олиб бордим. Ҳали маҳсулотнинг муддати ўтмаган бўлса-да, унинг истеъмолга яроқсизлиги аниқланди.

Шуни унутмаслик керакки, сифатсиз консерва маҳсулотини еган инсон ўткир заҳарланиш – ботулизм хасталигига чалинади. Агар беморга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса, у ҳатто, вафот этиши мумкин.

Бугун озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига сифатли тарзда етказилишини таъминлаш мақсадида юртимиздаги барча деҳқон бозорлари музлатгичлар билан таъминланган. Қишлоқ хўжалиги экинлари, мева-сабзавотларни сотиш учун очиқ ва ёпиқ расталар ташкил этилган. Аммо шунга қарамай, баъзи бозор расталарининг бўм-бўш туриши, тадбиркорларнинг эса ерда савдо қилаётганликларини кўриб, ажабланасан, киши. Айниқса, кечга томон гўшт ва сут маҳсулотларини музлатгичдан ташқарида сотилиши ачинарлидир.

Яна ўқинг:  “Фуқаролар қабулхонаси” фаолиятидан аҳоли мамнунми?

Бундай ҳолатларни кўриб, кўрмасликка оладиган санитария-эпидемология назорати ва ветеринария ходимлари, ноқонуний савдони назорат қилувчи Давлат солиқ назорати инспекцияси мутахассисларини қандай тушуниш мумкин? Менимча буни кўриб кўрмасликка оладиган тегишли назотарчиларнинг ё феъли ўта кенг ёки улар бу ҳолатдан манфаатдор.

Куни кеча “Чорсу” деҳқон бозорига бориб, яна дилим хуфтон бўлиб қайтди. Кўкалдош мадрасаси ёнидан бозорга кираверишда қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлсада, мато билан ўралган тор йўлакда кийим-кечакдан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси авжида. Иссиқ ҳавода сотилаётган квас, морс, айрон каби чанқовбосди ичимликларни одамлар навбатга туриб ичишмоқда. Бу ҳолатни ким назорат қилади?

– Мамлакатимизда инсон саломатлигини сақлаш, соғлом авлодни вояга етказиш, тўғри овқатланишни ташкил этиш энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу борада юртимизда қатор фармон ва қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Аҳолини санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги қонунлари соҳани ривожлантиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Шайхонтоҳур тумани ДСЭНМ ходими Ҳамидулла Абдуллаев. – Аммо, масъул ходимлар томонидан кўплаб тарғибот ва профилактик ишлар олиб борилаётганига қарамай, тадбиркорлар орасида қонунга хилоф равишда фаолият олиб бораётганлари учраб турибди. Уларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар асосида амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Ҳар бир фуқаро ўзи ва оила аъзоларининг саломатлигига маъсулдир. Зеро, оилада ота-она тиббий саводхонликка эътиборли бўлса, болалар ҳам ўз соғлиғи учун жон куйдиради. Ҳатто, улар лоқайд кимсаларни ҳам бу азиз неъматни асрашга даъват этади.

Агар инсон нафақат ўзини, ўзгаларни ҳам ўйлаб яшаса, бу эзгулик асло беиз кетмайди. Шу боис саломатлигимиз йўлида барчамиз огоҳ бўлайлик!

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: