Янгиланаётган илму маърифат маскани

2017 йилги Инвеститция дастури асосида Андижон вилоятидаги 21 та умумтаълим мактаби ва 25 та мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг учун 57 миллиард 388 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Пахтаобод туманидаги 42-мактабда ҳам капитал реконструкция ишлари бормоқда. Умумий қиймати 847 миллион 900 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари тумандаги “Пахтаобод КМС” қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда.

Авваллари мактаб мослаштирилган бинода жойлашгани учун ўқитувчи ва ўқувчилар дарс ўтиш ва сабоқ олишга қийналарди. Ҳатто, жой етишмаслиги сабабли ўқитувчилар хонаси мактаб ертўласида жойлашганди. Икки қаватли, барча қулайликларга эга янги бино фойдаланишга топширилса, ушбу ноқулайликлар бартараф этилади. 700 нафардан зиёд ўқувчи ва уларнинг ота-оналари ҳам бу ишлардан жуда мамнун.

— Ишнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишига жиддий эътибор қаратилмоқда, — дейди мактаб директори Зоҳиджон Исоқов. — Айни пайтга келиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари 75 фоизга бажарилди. Мактабимиздаги бунёдкорлик ишлари нафақат ўқитувчи ва ўқувчиларни, балки ҳудудда яшовчи ота-оналарни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. “Аҳиллик” МФЙ фаоллари, ота-оналардан иборат жамоатчилик назорат кенгаши ташкил этганмиз.

Вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари маълумотига кўра, нафақат ушбу мактаб, балки қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган барча таълим масканларидаги жараён жамоатчилик кенгаши томонидан назорат қилиб борилмоқда.

— Ҳафтанинг якшанба куни бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган таълим масканларида “Сифат куни” деб белгиланган, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Аҳмаджон Собиров. — Шу куни вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва пудратчи ташкилот раҳбарлари, мактаб ва мактабгача таълим маскани раҳбарлари қурилиш сифатини текширишади. Ҳафталик ишлар якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилади. Иш жараёнида сифат ва самарадорликка эришаётган пудратчи ташкилотлар рағбатлантирилмоқда.

Оқсоқоллар, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман (шаҳар) ХТМФМТТЭБ мутахассислари, таълим маскани раҳбарларидан иборат назорат гуруҳлари иш суръати ва сифатини кузатиб, ҳафталик мониторинг тадбирларини олиб бормоқда. Гуруҳлар ишининг натижасига кўра, Андижон шаҳридаги 37-, Избоскан туманидаги 26-, Қорасув шаҳридаги 1-мактаблардаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари суръати жадаллашди. Андижон шаҳридаги 62-, Қўрғонтепа туманидаги 8-, Жалақудуқ туманидаги 29-, Хўжаобод туманидаги 21-МТМда ҳам юқоридаги гуруҳлар кўмаги билан иш сифати яхшиланаётгани кузатиляпти.

Яна ўқинг:  Ораста қизлар – фаришта қизлар

— 50 йилдан зиёд мактабда ўқувчиларга кимё ва биология фанларидан сабоқ бердим, — дейди Пахтаобод туманидаги Маданият қишлоғида яшовчи 80 ёшни қоралаган халқ таълими фахрийси Болтабой Мирзажонов. — Мактаб ва боғчалардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини кўриб жуда хурсанд бўляпмиз. Бу ишларга вилоят ҳокимлиги шахсан бош-қош бўлмоқда. Белгиланган муддатдан кечикаётган қурилиш объектларига маҳаллий бюджетдан ёрдам кўрсатилмоқда. Мисол учун, қишлоғимиздаги 42-мактаб ва 5-болалар боғчасида бўлиб, қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Маълум бўлишича, маблағ ажратилмагани учун 42-мактаб ҳовлисини девор билан ўраш ишлари тўхтаб турган экан. Вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан бу ишларга 75 миллион сўм ажратилди. 5-мактабгача таълим муассасасида ҳам ишчилар етишмагани учун иш суръати кечикаётган экан. Бу объектга қўшимча ишчи кучи жалб этилди.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллик айёми тобора яқинлашмоқда. Халқимиз ушбу қутлуғ кунга ҳар бир соҳада ютуқ ва муваффақиятлар билан ҳозирлик кўрмоқда. Инвестиция дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вилоятдаги қатор таълим муассасалари ҳам Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиб, ўқувчиларга ажойиб совға бўлади. Ҳадемай, ушбу таълим масканларида ўғил-қизларнинг шодон овози янграйди.

Орифжон СИДДИҚОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: