Фергюсон фаолиятини якунлади
Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби бош мураббийи Алекс Фергюсон мавсум якунига етгач, жамоадан кетади. Буни клуб расмий сайти расман тасдиқлади.
Бунинг натижасида Фергюсоннинг футболдаги сўнгги учрашуви 19 май куни «Вест Бромвич»га қарши баҳс бўлиб қолади. Шундан кейин кекса мураббий клуб раҳбариятида фаолиятини давом эттиради.
– Мен бу қарорни узоқ ўйладим. Натижада, айнан шу ҳолатда клубни тарк этишга қарор қилдим. Чунки, жамоам ривожланиш чўққисида турибди.
«Манчестер Юнайтед»нинг ҳозирги таркиби катта мақсадларга эриша олади. Ёш футболчиларнинг тайёрлаш мактаби эса клубнинг келажаги порлоқ эканлиги кўрсатади, – дейди Фергюсон.
– Ҳозир бундай қарорга келишнинг айни вақти деб ўйлайман. Мен учун жамоанинг кучлироқ пайтида кетишим муҳимроқ. Ўйлашимча, буни уддаладим.
Эслатиб ўтамиз, Фергюсон «Манчестер Юнайтед» бош мураббийлигига 1986 йилда келган ва 27 йиллик фаолияти мобайнида 13 маротаба Англия чемпионатида, 5 маротаба мамлакат кубогида ва икки маротаба Европа чемпионлар лигасида зафар қучган.
Сер Алекс Фергюсондан сўнг «Манчестер Юнайтед» жамоасига мураббий бўлишга «Эвертон» бош мураббийи Дэвид Мойес ҳамда «Реал Мадрид» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньолар асосий номзод бўлиб туришибди.